Жаҳон | 17:59 / 06.12.2022
24555
7 дақиқада ўқилади

Россия армияси Бахмутни қуршаб олишга уринмоқда, бу ерда грузин кўнгиллилари ҳалок бўлишди

Донецк областининг Бахмут шаҳри атрофида оғир жанглар давом этмоқда: россиялик ҳарбийлар ўзлари учун айни вақтда Украинада биринчи рақамли мақсад бўлган шаҳарни қуршаб олишга ҳаракат қилмоқда. Хабарларга кўра, ушбу ҳудудда Украина томони бераётган қурбонлар қаторида Грузиядан келган беш нафар кўнгилли ҳам бор.

Фото: ALAMY

Украина армияси Шарқий гуруҳи вакили Сергей Череватийнинг маълум қилишича, РФ армияси «қандайдир муваффақиятга эришилаётгани»ни кўрсатиш мақсадида бор имкониятларни ишга солиб Бахмутни (руслар бу ерни Артемовск деб атайди) эгаллаб олмоқчи, бундан ташқари, шаҳар олингач Донецк областининг Украина назоратида қолаётган сўнгги йирик шаҳарлари бўлмиш Покровск, Словянск ва Краматорск томон йўл очилиши мумкин.

«Бу уларнинг асосий мақсади, агар улар шаҳарни рўпарадан юриш қилиб эгаллай олмаса - қуршаб олмоқчи. У ерда вазият жуда оғир, аммо вазият назорат остида. Қўмондонлик уларнинг ҳаракатлари табиатини кўриб турибди, хусусан, ўтган кунда уларга бизнинг артиллериямиздан жиддий салом йўлланди, хусусан юқори аниқликдаги янги тизимлар билан», деган Чреватий.

Россия ҳарбий идораси расмийси Игор Конашенков ҳар кунги брифингда ҳудуддаги вазиятни шундай тавсифлаган: «Донецк йўналишида Россия қўшини Донецк халқ республикасининг Артемовск шаҳри атрофида муваффақиятли юриш қилмоқда».

Бахмут учун жанглар бир неча ойдан буён давом этмоқда, ҳарбий ҳаракатлар баҳор охирларида ва ёз бошларида бошланганди - ўшанда украин қўшинлари Попасная, Лисичанск ва Северодонецкни ташлаб чиқишганди.

Аммо бу ҳудуддаги ҳарбий ҳаракатлар интенсивлиги ошди: Украина томони ҳам, Россия армияси ҳам бу ерга қўшимча кучлар жўнатмоқда. Бу ҳудудда маҳбуслар ҳисобига сафини тўлдирган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси бўлинмалари фаол ҳаракат қилмоқда.

«Тактика ўзгариши»

Сўнгги ҳафталар давомида РФ армияси Бахмут остонасида кичик муваффақиятларга эришаётгани ҳақида хабарлар келиб турди: жумладан россиялик ҳарбийлар Курдюмовка посёлкаси эгалланганини хабар қилишди.

Бахмут атрофидаги украин ҳарбийлари. Фото: Reuters

Аммо Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) ўз ҳисоботида Бахмут қуршовга тушиши хавфи йўқлиги, бу шаҳарни Северск ва Константиновка билан боғловчи трассалар Украина назоратида қолаётганини қайд этишди.

Ҳарбий экспертлар Бахмут Россия армияси учун икки сабабга кўра муҳим эканини таъкидлашади: Харкив ва Херсондаги оғриқли мағлубиятлардан кейин қандайдир ютуқни намойиш этиш, шунингдек Лисичанск ва Северодонецкка юриш қилишга тайёрланаётган Украина армияси таъминотига таҳдид солиш.

Бахмут мунтазам равишда ўққа тутилади, урушга қадар бу ерда яшаган 70 мингдан ортиқ аҳолининг асосий қисми қочиб кетган, асосан қариялар қолишган. Шаҳарда ичимлик суви ва электр йўқ, кўплаб бинолар вайронага айланган.

Череватий Бахмут атрофида россияликлар ҳар куни ўртача 50-100 кишини йўқотаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бундай йўқотишлар РФ армиясини доимий равишда тактикани ўзгартиришга мажбур қилмоқда: «Вагнер» жангчилари кичик штурмчи гуруҳлар тузишмоқда ва имкон қадар тез фурсатда украинлар позицияларига етиб бориб, рақиб окопларига киришга уринмоқда. «Душман улоқтириб ташланишига умид қилиш учун асослар етарли», деган Украина армияси шарқий гуруҳи вакили.

Грузиядан келган кўнгиллилар ўлими

Бу вақтда Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Бахмут учун жанглар чоғида Грузиядан келган ва Украина қуролли кучлари сафида жанг қилаётган беш нафар кўнгилли ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Украинанинг Грузиядаги элчихонаси ҳалок бўлган жангчиларнинг суратларини эълон қилган.

«Сўнгги кунларда Бахмут атрофида 57-бригаданинг [қўш атаман Костя Гордиенко номидаги 57-алоҳида мотоўқчилар бригадаси] украиналик ва грузин кўнгиллиларидан иборат жангчилар қуршовга тушиб қолган. Грузиялик командир яралангани ва беш нафар грузин жангчиси ҳалок бўлгани маълум. Улар Бахмут атрофида ёруғлик тарафида туриб зулматга қарши жанг қилаётганди. Озодлик дунёдаги энг яхши кишиларни автократик ёвузликка қарши бирлаштиради. Мен грузин биродарларимизга ҳамдардман. Бу кунларда биргаликда жанг қилганимиз учун миннатдорчилик билдираман», - дея ёзди Ермак Telegram саҳифасида.

Аввалроқ Грузиядаги «Мтавари» телеканали эфирида кўнгилли Ромео Парулава грузин жангчилари ўлими ҳақида айтганди. «Душман кўпчилик эди ва улар дош бера олишмади, беш грузин ҳалок бўлди… Командир яраланган. Қолган йигитлар украин биродарларимиз билан бирга қуршовда қолган. Қолганларни омон олиб чиқиш учун кураш давом этмоқда… Биз уларни албатта олиб чиқишимиз керак. Бахмутдаги вазият жуда оғир», - деган Парулава.

Грузин нашрларига кўра , Украина томонида туриб жанг қилаётган Грузия фуқаролари сони бир ярим мингдан ошади, уларнинг бир қисми Россия босқинига қадар ҳам Украинада яшаган, қолгани уруш бошлангач кўнгилли сифатида ушбу мамлакатга келган.

3 декабр куни Грузия президенти Саломе Зурабишвили қурбонларнинг яқинларига Facebook саҳифаси орқали ҳамдардлик билдирди: «Бу оғир дақиқаларда Украинада ҳалок бўлган грузин жангчиларининг оилалари, дўстлари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман».

Украинанинг Грузиядаги элчихонаси ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳалок бўлган жангчиларнинг суратларини эълон қилган.

Фронтда яна нималар бўлмоқда?

Украина ҳукумати РФ армияси Херсон шаҳри ва Херсон области ҳудудини миномётлар, танклар, артиллерия ва баравар ўт очиш реактив тизимларидан ўққа тутаётганини хабар қилган. Маҳаллий маъмурият маълумотларига кўра, сўнгги бир сутка давомида регион 46 бор ўққа тутилган.

Херсон мунтазам равишда ўққа тутилмоқда

Украина президенти офисига кўра, Херсонда хусусий ва кўп квартирали уйлар, шунингдек бошқа бинолар вайрон бўлган. Отишмалар оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, икки киши яраланган.

Маҳаллий маъмуриятга кўра, сўнгги ҳафтада, 20 ноябрдан 4 декабрга қадар, регион 169 бор ўққа тутилган. Бу ҳужумлар натижасида 19 киши ҳалок бўлиб, 39 киши яраланган, жумладан бир бола ҳам.

Бундан ташқари, бир кунда Суми области уч бор ўққа тутилди. Украина президенти офисига кўра, регионга 12 бор зарба келиб тушган, натижада инфратузилма шикастланган, жабрланганлар йўқ.

Днепропетровск области маъмурияти раҳбари Валентин Резниченко хабар қилишича, россиялик ҳарбийлар Микопол районини беш бор ўққа тутган. Жумладан Микопол шаҳри (у Днепр соҳилида, РФ армияси эгаллаб турган Запорижжя АЭС рўпарасида жойлашган) ўққа тутилган. Покровская қишлоғида эса 23 ёшли киши ўз ҳовлисига россияликлар снаряди келиб тушиши оқибатида ҳалок бўлган.

Харкив области маъмурияти ҳам РФ армияси Купянск райони бўйлаб артиллерия ва ракета зарбалари йўллашда давом этаётганини маълум қилган. Зарбалардан бири Купянск-Узловой посёлкасига келиб тушиши оқибатида йўл қопламаси ва транспорт инфратузилмаси шикастланган.

Якшанба кун Харкив областидаги Шевченково қишлоғидаги уйларга С-300 ракеталари келиб тушган. Бундан ташқари, Харкив областининг Волчанск, Харкив ва Изюм районлари ўққа тутилган.

Мавзуга оид