Ўзбекистон | 10:20 / 06.12.2022
63947
2 дақиқада ўқилади

Совуқ туфайли мактабларда навбатдан ташқари таътил берилиши бўйича таклифлар янграмоқда. ХТВ муносабат билдирди

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда совуқ об-ҳаво ҳукм сурмоқда. Синоптикларнинг маълум қилишича, бундай совуқ ва ёғингарчиликлар бир неча кун давомида сақланиб қолади. Шундай кунларда кўпчилик томонидан таълим масканларида машғулотларни тўхтатиш ва навбатдан ташқари таътил бериш таклиф қилинмоқда.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларнинг бир неча фаоллари совуқ кунларда мактаблар фаолиятини тўхтатиш, шу йўл билан болаларни совуқ ҳарорат ва бунинг ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган касалликлардан асраб қолишни таклиф қилишган. Ҳозир янги йил байрамларини ҳам қамраб оладиган бир ойлик таътил бериб, ёзги таътил кунларида таълимни давом эттириш ғоясини илгари сурганлар ҳам бор.

Kun.uz Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова билан боғланиб, вазирликда қандай режалар борлиги билан қизиқди.

«Вазирлигимиз мутасаддилари ижтимоий тармоқлардаги таклифларни диққат билан кузатиб боришади. Бундай таклифлардан хабардормиз. Лекин айни пайтда таълим жараёнини тўхтатиш, таътиллар муддатларини ўзгартириш режа қилинмаяпти. Барчаси белгиланган дастур асосида давом эттирилади.

Шу билан бирга мактаблардаги ҳолат ҳам мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда. Ҳар бир ҳудудда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича штаблар ташкил қилинган. Иситиш тизими носоз ёки аварияга учраган, натижада ўқувчилар совқотиши мумкин бўлган таълим масканларидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриляпти.

Иккинчи чорак якуни ва янги йил байрами таътили ҳам белгиланган муддатда берилади», – деди у.

Мавзуга оид