Ўзбекистон | 11:43 / 07.12.2022
4462
2 дақиқада ўқилади

Британия Ўзбекистонда дунёдаги энг йирик заводга айланадиган мис бойитиш заводи лойиҳасини амалга оширяпти

Британиянинг London Business Matters бизнес журналида Chimgan Corporation бошқарувчи директори Кент Уолтерснинг «Ўзбекистонда Британия бизнеси учун савдо имкониятлари» сарлавҳали мақоласи босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Мақолада Ўзбекистонда Буюк Британиядан тажриба ва капитал жалб қилиш учун катта имкониятлар очилаётгани таъкидланган. «Буюк Британиянинг John Wood Group plc глобал консалтинг ва инжиниринг компанияси Ўзбекистонда иккита йирик лойиҳани амалга оширмоқда. Улардан бири мис бойитиш заводи қуриб битказилгандан сўнг дунёдаги энг йирик заводга айланади. Иккинчи лойиҳа – қиймати 2,5 миллиард долларлик метанолдан олефингача бўлган иншоот Ўзбекистон углеводородларни чуқур қайта ишлаш бўйича режаларини амалга оширишга ёрдам бериши кутилмоқда».

Муаллифнинг ёзишича, меҳмондўстлик омили нафақат британиялик сайёҳларни, балки Британия технологиялари ва билимларини ҳам ўзига тортадиган яна бир истиқболли соҳадир. «Ўзбекистон инсоният цивилизацияси энг қадимий марказларидан бири сифатида машҳур бўлиб, тарихий шаҳарлари - Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва Хива ўз меъморий ёдгорликлари билан ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Жорий йилда Ўзбекистонга борган хорижлик сайёҳлар сони 2021 йилга нисбатан уч бараварга ошди».

Мақолада, таъкидланганидек, бутун дунё компаниялари учун тобора қулай муҳит яратилаётган Ўзбекистонда Британия бизнеси учун кенг иқтисодий имкониятлар мавжуд. Буюк Британия мамлакатда ижобий имижга эга ва кўплаб элита вакиллари Британия университетларида таҳсил олган. 

«Мен Британия бизнеси жадал ривожланаётган Ўзбекистонга диққат билан эътибор қаратилиши кераклигига қатъий ишонаман», деб ёзади британиялик тадбиркор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид