Жаҳон | 15:20 / 07.12.2022
18540
5 дақиқада ўқилади

Донбассга келган Зеленский ва Бахмутдаги украин артиллериячилари. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 286-куни ўтди. Асосий маълумотлар: 

  • Украина қуролли кучлари куни муносабати билан Володимир Зеленский олдинги чизиққа келди — Донецк областининг Словянск шаҳрига. У шунингдек Харкив областига ҳам боришга улгурган ва ҳарбий мукофотлар топширган;
  • Россия ФХХ (ФСБ) Украина вице-премьери Ирина Верешчук ва Украина ТИВ раҳбари ўринбосари Эмине Жапаровага халқаро қидирув эълон қилди ва Лефортовск судидан уларни Россиянинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилиниши юзасидан сиртдан ҳибсга олишни сўради;
  • Курск областида дронлар ҳужуми оқибатида аэродромда ёнғин рўй берди. 5 декабр куни дронлар Саратов ва Рязан областларидаги аэродромларга ҳужум қилганди, натижада россиялик уч ҳарбий ҳалок бўлган. РФ мудофаа вазирлиги бунда Украинани айблаган;
  • РФ мудофаа вазирлиги 60 нафар ҳарбий хизматчи асирликдан озод этилганини хабар қилди;
  • Аннексия қилинган Донецк шаҳри маъмурияти Украина томонининг 6 декабр кунги зарбалари оқибатида шаҳарда уч киши ҳалок бўлганини маълум қилди;
  • Украина билан чегарадош бўлган Ростов областида полициячилар пулемётдан ўққа тутилди. Тахминларга кўра, дезертирликда гумонланаётган шахс ўт очган. Икки полициячи яраланган, ҳеч ким ҳалок бўлмаган.

Кун кадри. Курскдаги аэродромга дрон зарбаси

5 ва 6 декабр кунлари — кетма-кет икки кун — украин қўшини дронлар билан Россия ичкарисидаги нишонларга зарбалар йўллади. 6 декабр куни Украина қуролли кучлари дрони Курскдаги ёнилғи сақлаш омборига ҳужум қилди. Област губернатори Роман Старовойтнинг сўзларига кўра, Курск аэродроми ҳудудида нефт сақланган омбор ёниб кетган, жабрланганлар йўқ. Фото: ТАСС

Донецк ўққа тутилиши оқибатлари

Донецк областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти шаҳар маркази украин ҳарбийлари томонидан ўққа тутилганини маълум қилди. Ракета зарбалари оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, уч киши ҳалок бўлган, улар орасида — аннексия қилинган «ДХР» парламенти депутати ҳам бор.

Кийим дўконида ётган Донецк аҳолиси вакилининг жасади. Бу йигит шаҳар ўққа тутилиши чоғида ҳалок бўлган.
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Отишма оқибатида ёниб кетган савдо палаткасидаги ҳолат
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Ракета келиб тушган жойлардан бирида ишлаётган ўт ўчирувчилар
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
ФВВ ходимлари ярадор фуқарога ёрдам кўрсатмоқда
Сергей Ильницкий / EPA / Scanpix / LETA
Донецкда зарба оқибатида ҳалок бўлган қизи жасади тепасидаги она
Валентин Спринчак / ТАСС

Бахмут атрофидаги украин артиллериячилари

6 декабр куни Украина қуролли кучлари Бош штаби ҳар кунлик ҳисоботида Донецк областидаги Бахмут йўналишида Россия қўшинлари авиацияни қўллаган ҳолда фаоллик билан юриш қилаётгани айтилади. Маълум қилинишича, бир кун олдин Украина армияси Донецк областидаги саккизта аҳоли яшаш манзили ҳудудида, жумладан Бахмутда ҳам россияликларнинг ҳужумларини қайтарган. «ЛХР» вакиллари Украина армияси йўқотишларини тўлдириш учун Бахмут ҳудудига қўшимча кучларини олиб келаётганини иддао қилди.

Narci​so Contreras / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Narci​so Contreras / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Narci​so Contreras / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Президент Зеленскийнинг Словянскка ташрифи

6 декабр — Украина қуролли кучлари кунида — Украина президенти Володимир Зеленский Донецк шаҳридан 100 километр масофада жойлашган, украин кучлари назоратида қолаётган Словянск шаҳрига ташриф буюрди. Зеленский Украина қуролли кучларининг фронт чизиғи яқинидаги позициялари ва ҳарбий ҳоспиталга ташриф буюрди, шунингдек Украина армияси ҳарбийлари ва фахрийларига видеомурожаат йўллади. «Кимдир [Россия] ўзини жаҳоннинг иккинчи армияси деб атайди, аммо барча кўриб турибдики, биринчи ўринда кимники», — деган у. Президент шунингдек «ҳарбий ҳаракатлар ҳудуди кенгайгани, кураш — оғирлашгани, тўлов — юқорилагани»ни таъкидлаган. «Аммо ўзгармас, барқарор, пўлатдек бўлиб қолаётган нарсалар бор — сизнинг жасоратингиз, бардошингиз, иродангиз, демакки — бизнинг озодлигимиз», — дея қайд этган Зеленский. 

Украина президенти матбуот хизмати / Reuters / Scanpix / LETA
Украина президенти матбуот хизмати / Reuters / Scanpix / LETA
Украина президенти матбуот хизмати / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид