Ўзбекистон | 12:16 / 07.12.2022
47241
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда кар-соқов фуқаро ногиронлик уйида кишанлаб қўйилгани айтилган хабарга изоҳ берилди

Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда кар-соқов фуқаро ногиронлик уйида бўйнидан занжир билан боғлаб қўйилгани айтилган хабар тарқалди. Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳолат Иштихон туманида содир бўлган.

Маълум бўлишича, ҳолат 2022 йил 15 ноябр куни Иштихон тумани Равот қишлоғида яшовчи фуқаро А.Ғ. билан содир бўлган ва ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Текширувда аниқланишича, Иштихон тумани Равот қишлоғида яшовчи, 2001 йилда туғилган фуқаро А.Ғ. (туғма ногирон (кар-соқов) 2004 йилда тоғаси билан бирга яшаб келган.

Ушбу фуқародан мутахассис (сурдопедагог) иштирокида тушунтириш олинганда, у уйидаги рўзғор юмушларини бажармаслик учун ўзини-ўзи метал занжир билан боғлаб, қулф осиб, ўзи билан бирга турувчи акаси (туғма ногирон (кар-соқов) А.М.дан ушбу ҳолатни ижтимоий тармоқларга тарқатишини сўраб, шу йўл билан уй ишларидан қутулишни мақсад қилганини, ишидан пушаймонлигини, ҳеч кимга даъвоси йўқлигини баён қилган.

Фуқаронинг тоғаси Ж.А.дан тушунтириш олинганда, у жиянига нисбатан бу каби ҳаракатларни содир этмаганини, ҳолатни ижтимоий тармоққа чиққанидан сўнг билганини баён қилган.

Фуқаро Иштихон тумани Тиббиёт бирлашмасида тиббий кўрикдан ўтказилганда, унинг танасида ҳеч қандай тан жароҳатлар аниқланмаган. Томонларнинг тушунтириш хати асосланиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

Мавзуга оид