Жаҳон | 19:39 / 10.12.2022
20023
2 дақиқада ўқилади

Флойднинг ўлимида айбдор полициячига ҳукм ўқилди

Америкалик Жорж Флойднинг ўлимида билвосита айбдор деб топилган полициячи 3,5 йилга қамалди.

Фото: AP

Қўшма Штатларда афро-америкалик Жорж Флойдни ҳибсга олиш чоғида унинг орқасига тиззаси билан чўккан собиқ полициячи Жей Куенг 3,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

29 ёшли Куенг қасддан бўлмаган одам ўлдиришга ёрдам берганликда айбдор деб топилди.

Прокурор Мэтю Фрэнк фикрига кўра, ушбу жиноят ишининг якуни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қийин аҳволга тушган одамларга ғайриинсоний муносабатда бўлолмаслигини тасдиқлайди.

Аввалроқ, Миннеаполиснинг собиқ полициячиси Дерек Шовин Флойдни ўлдирганликда айбланиб, 22,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Шунингдек, у жабрланувчининг фуқаролик ҳуқуқларини бузганлиги учун алоҳида федерал айбловлар билан 21 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд ҳукмига кўра, у икки муддатни бир вақтда ўтайди.

Эслатиб ўтамиз, афро-америкалик Жорж Флойд 2020 йил май ойида Миннеаполисда полиция томонидан кўчада ҳибсга олинганидан кейин бўғилиб ўлган эди. Дерек Шовин қўли боғланган маҳбуснинг хириллашига ва «Нафас ололмаяпман» дейишига қарамай, тиззаси билан унинг бўйнини бир неча дақиқа босиб турди.

Флойднинг ўлими билан боғлиқ ҳолат видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалгач, жуда катта миқёсдаги оммавий тартибсизликлар, норозилик намойишларини келтириб чиқарган эди.

Мавзуга оид