Жаҳон | 14:06 / 11.12.2022
23807
14 дақиқада ўқилади

Санъат асарларими ёки сохта пуллар – доллар ва фунт стерлинг тасвирларини қўлда чизиб сотган америкалик рассом нега айбланганди?

1986 йилда АҚШлик рассом Лондондаги нуфузли галереяда ўз асарлари билан қатнашаётганда полиция томонидан ҳибсга олинади. Рассом асосан пулларнинг расмини чизар ва унинг асарлари орасида Британия фунт стерлинглари тасвирлари ҳам бор эди. Рассомни фунт стерлинглар тасвирларини Англия банкидан рухсат олмасдан чизишда, шунингдек, пулларни сохталаштиришда айблашади. У судда айбсизлигини исботлайди ва озод қилинади. Аммо энди АҚШ махфий хизмати эътиборига тушади.

Фото: Flickr

Қоғоз пуллар пайдо бўлгандан буён турли рассомлар дунёдаги обрўли валюталар тасвирларини чизиб келишади. Кимдир бу ишни ҳаваскорлик учун қилса, бошқаси ҳатто санъат даражасигача олиб чиққан. Жеймс Стивен Жорж Боггс ҳам турли пуллар тасвирини чизишни санъат даражасигача олиб чиққан рассомлардан. У томонидан чизилган долларлар, фунт стерлинглар бугун дунёнинг нуфузли музейларида ва коллекцияларида сақланмоқда.

1984 йилда Боггс Чикагодаги кафеда қоғоз салфеткага 1 долларлик банкнотнинг тасвирини чизади. Боггс уни ўзи истеъмол қилган кофе ва ширинлик учун тўлов сифатида официант аёлга бериб кетади. Аёл кофе ва ширинлик 90 цент бўлганини айтиб Боггсга 10 цент қайтим беради.

Шундан сўнг Боггс бу ишга қизиқиб қолади. Оддий қоғозга турли қийматдаги долларни чизади ва уларга турли жойлардан харидларни амалга оширади. Шу тариқа у машҳур бўла бошлайди.

Боггс ҳақида

Исм-шарифи Жеймс Стивен Жорж Боггс бўлган бу шахс 1955 йил 22 апрелда Нью-Жерси штатидаги Вудбери шаҳарчасида туғилади.

У ўрта мактабни охиригача тугата олмайди. Ўқишни битиришига бир йил қолганда хусусий мактабдан ҳайдалади.

Боггсда расм чизиш маҳорати жуда яхши шаклланган бўлса-да, у ўзини оддий ҳаваскор рассом деб биларди. Аммо кунлардан бирида содир бўлган воқеа унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборади.

Фото: Wikipedia

1984 йил Боггс Чикаго шаҳридаги қаҳвахоналардан бирида ўтириб қоғоз салфеткага 1 долларлик пул тасвирини чиза бошлайди. Унга хизмат қилаётган официант аёл Боггснинг ишидан ҳайратланиб унинг олдидан кета олмай қолади. Чунки у салфеткага чизаётган 1 долларлик худди аслига ўхшаб чиқаётган эди-да.

Боггс пул тасвирини чизиб бўлгач официант аёл унга харидор бўлади ва 20 доллар таклиф қилади. Боггс кўнмагач нархни 50 долларга оширади. Боггс унга ўз «санъат асари»ни сотмаслигини, ўзи истеъмол қилган ширинлик ва қаҳва эвазига беришини айтади.

Боггс тановул қилган ширинлик ва қаҳва 90 цент бўлганди. Аёл хурсанд бўлиб Боггсдан 1 долларлик пул тасвирини олади ва ундан қарз бўлиб қолмаслик учун 10 цент қайтим беради.

Шундан сўнг Боггс пуллар тасвирларини чизиб ҳам катта пул ишлаши мумкинлигини тушуниб етади ва бу ишга жиддий киришади.

Боггс банкнотларнинг фақат бир томонини чизар ва тез орада унинг қўлда чизган долларлари машҳур бўлиб кетади. Одамлар уларни «Боггснинг банкнотлари» деб атай бошлашади.

Гарчи одамлар Боггс чизган банкнотлар тасвирларини катта пул эвазига сотиб олишга тайёр бўлишса-да, у «санъат асарлари»ни фақат тенг қийматга сотарди. Масалан, 100 долларлик тасвирни 100 долларга, 20 долларлик тасвирни 20 долларликка айирбошларди.

Бундан ташқари, у чизган пулларни турли савдо нуқталарида ўзлари сўраб олишарди. Боггс пул тасвирига бемалол харидларни амалга оширар ёки қаҳвахоналар ва ресторанларда овқатланиб кетаверарди.

Ҳатто ундан йирик қийматдаги пул тасвирларини олганлар, худди қаҳвахонадаги официант қиздай бажонидил қайтим беришарди.

Машҳурлик

Тез орада Боггс жуда машҳур бўлиб кетади. У нафақат турли қийматдаги долларлар, балки Англия фунт стерлинги, Швейцария, Франция, Белгия франклари, Италия лираси бошқа валюталарнинг тасвирини аслига ўхшатиб чиза бошлайди.

Ўша пайтда санъат асарлари савдоси билан шуғулланувчи даллоллар ва турли коллекционерлар Боггсга чизаётган пулларини арт-бозорда сотишни таклиф этишади. Аммо у рад этади. Зеро бунга ҳожат ҳам йўқ эди – исталган жойда Боггснинг пулларини олувчилар топиларди.

Шундай бўлса ҳам Боггс чизган пул тасвирлари турли коллекциялардан, музейлардан жой ола бошлайди. Унинг ўзи ҳам турли галереяларда кўргазмаларини ўтказади.

Гарчи Боггс ўз «асарлари»ни ўз қиймати бўйича сотса ҳам, унинг пуллари АҚШда ва Европада ўз қийматидан бир неча баробар қимматроққа сотиларди. Масалан, у 100 долларлик пул тасвирларини 100 долларга сотса, ўша тасвирлар бир-икки нафар даллол қўлидан ўтиб нархи ошиб кетарди.

Боггс чизган пул тасвирларини Лондон, Нью-Йорк ва Базел (Швейцариядаги шаҳар)даги коллекционерлар камида 2-3 минг долларга сотиб оларди.

Айрим коллекционерлар Боггснинг ўзига антиқа таклифлар билан чиқишар эди. Масалан, улар пулларга ўз расмлари ёки яқин инсонлари тасвирини чизиб беришни сўрашарди.

Фото: Flickr

Айримлар пулларнинг тасвирига тарихий шахсларнинг суратларини чизиб беришни илтимос қиларди. Кўпинча Боггс қоғознинг бир томонига пул тасвирини чизса, орқасига дасхат ёзиб берар ёки буюртмачининг талаби билан табрик сўзлари ёзилган бўларди.

Кейинчалик, ана шундай ноёб кўринишдаги 100 долларлик пулнинг тасвири кимошди савдосида 420 минг долларга сотилган.

Боггснинг машҳур ишларидан бири Флорида нумизматлар бирлашмаси съезди учун тайёрлаган доллар тасвирлари эди. Боггс 1 долларликдан 50 долларликкача бўлган банкнотлар тасвирини аслидагидан ҳам яхшироқ қилиб чизганди.

Ўша банкнотларнинг тасвирларида у United States of America сўзлари ўрнига «Флорида нумизматлар бирлашмаси» деб ёзилган эди.

Шунингдек, у турли қийматдаги Британия фунт стерлингининг ажойиб нусхаларини чизади. Уларда Шекспир асарлари қаҳрамонлари тасвирланганди.

Бундан ташқари, Боггс ўз тасаввуридаги долларларнинг тасвирини ҳам чизган ва улар кўпчиликка манзур бўлган. Жумладан, у ўз тасаввуридаги 100 долларлик банкнотга АҚШда қулчиликка қарши мардона курашган қора танли аёл Гарриет Табмен суратини чизган.

Маълумот учун, 2021 йилда АҚШ федерал резерв фонди 20 долларлик янги банкнотлардан АҚШнинг еттинчи президенти Эндрю Жексоннинг сурати олиб ташланиб, ўрнига Гарриет Табмен сурати туширилиши режалаштирилаётгани эълон қилди.

Бундан ташқари, Боггс 100 Швейцария франки тасвирига ўз суратини чизганди.

Гоҳида Боггсни танимайдиганлар, унинг «санъат асарлари» қийматини билмайдиганлар ҳам чиқиб қоларди.

Кунлардан бир кун у қаҳвахоналардан бирига киради ва 2 долларга ичимлик буюради. Боггс ўша ерда 5 долларлик банкнотнинг тасвирини чизади ва қаҳвахона эгасига ичимлик учун пул тасвирини бериб, ўзига 3 доллар қайтим сўрайди. Боггсни танимаган қаҳвахона эгаси унинг таклифини рад этади. Камига ҳақорат қилиб қаҳвахонадан чиқариб юборади.

Боггснинг ҳибсга олиниши

1986 йил 31 октябр куни Англия полицияси Лондондаги Young Unknowns галереясида ўз кўргазмасини ўтказаётган Боггсни ҳибсга олади. Галереядан у чизган пуллар тасвирлари ҳам олиб қўйилади.

Боггсни фунт стерлинг тасвирларини Англия банкидан рухсат олмасдан чизишда, шунингдек, пулларни сохталаштиришда ва обрўсизлантиришда айблашади.

Буюк Британияда Англия банкининг рухсатисиз фунт стерлингларнинг тасвирларидан фойдаланиш ва уларни чизишни тақиқловчи қонун бор. Фақат Англия банкидан рухсат олиб бу ишни қилиш мумкин.

Боггс бу қонун ҳақида хабар топгач Англия банкига пулларнинг тасвирини чизиш учун мурожаат қилади. Аммо рад жавобини олади. Англия банки Боггсга берган жавобида фунт стерлингларнинг тасвирларини чизиш уни обрўсизлантиришга олиб келиши мумикнлигини айтганди

Англия банкидан рад жавобини олганига қарамай Боггс фунт стерлингларнинг тасвирини чиза бошлайди.

Боггс фунт стерлингларни чизишда турли усулларни қўллайди. Уларни асл кўринишида ва пуллардаги бинолар суратларини ҳамда ёзувларни алмаштириб тасвирлайди.

Боггс қўлга олингач, терговда пулларни сохталаштириш ва обрўсизлантириш мақсади йўқлигини, уларни санъат асари сифатида чизишини айтади. Аммо «Скотленд Ярд» терговчиларини бунга ишонтириш осон бўлмайди ва иш судга ўтади.

Англия банки суд жараёнига Боггс пул тасвирларини чизган бошқа давлатларнинг банк вакилларини ҳам унга қарши гувоҳлик бериш учун таклиф этади. Аммо судга ҳеч ким келмайди.

Боггс Лондонда англиялик машҳур адвокатлардан бири Жеффри Робертсон ва унинг ҳамкасби Марк Стивенс хизматларидан фойдаланади.

Адвокатлар сўнгги йилларда Англия банки ҳар доим катта пул айланадиган турли кўчмас мулк агентликларига, деволоперларга, турли ишлаб чиқарувчиларга фунт стерлинглар тасвирларидан фойдаланиш учун рухсат бериб келганини далиллар билан келтиришади.

Улар орасида ҳатто аёллар ич кийимини ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири ҳам Англия банкидан рухсат олиб ўз маҳсулотларига 50 фунт стерлинглик банкнот тасвирини тушириб келганини маълум қилишади.

Адвокатлар Боггс пулларни сохталаштириш учун эмас, балки уларнинг тасвирини чизиб санъат асарини яратмоқчи бўлганини, рассомга рад жавоби берган Англия банки эса адолатсизлик қилганини таъкидлашади.

Бундан ташқари, Боггс фунт стерлингларнинг фақат бир томонини чизганини айтишади.

Шу тариқа судда икки адвокат Англия банкига қарши тўпланган далилларни қалаштириб ташлашади ва судя Боггсни оқлашдан бошқа чора тополмайди.

«Иш судга ошгач қамаламан ёки жуда катта миқдорда жаримага тортиламан деб ўйлай бошладим. Гарчи пулларнинг бир томонини тасвирласам ҳам уларни ҳақиқийлари билан тенг ўлчамда бўлган қоғозларга чизардим. Орқа тарафини кўрмаган кишилар уларни ҳақиқий пул деб ўйларди. Аммо адвокатларим судяга Англия банкининг пул тасвирларидан фойдаланиш учун рухсат беришда турли адолатсизликларга йўл қўйиб келгани ҳақидаги кўплаб далилларни келтиргач енгил тортдим», деганди Боггс кейинчалик.

Боггс иккинчи марта 1989 йилда Австралияда ҳибсга олинади. Бу ерда ҳам у оқланади, аммо судя Боггсга 20 минг товон пули тўлаттиради. Шундан сўнг Боггснинг исм-шарифи шубҳали шахсларнинг махсус рўйхатига тушади.

Боггс ўзи чизган 20 долларлик банкнотни ва ҳукумат томонидан чиқарилган ҳақиқий пулни ҳам ушлаб турибди.
Фото: Charles O'Rear/Corbis, via Getty Images

АҚШнинг «душмани»

Боггс Лондонда ҳибсга олинмагунча АҚШ махсус хизмати унинг фаолияти билан қизиқмаган. Чунки бу давлатда пул тасвирларидан фойдаланишда чекловлар йўқ. Фақат пулларни сохталаштиришмаса кифоя.

Боггс Лондонда фунт стерлингни сохталаштиришда айблангач, гарчи айби исботланмаган бўлса-да АҚШ махсус хизмати унга жиддий эътибор қаратади.

1990 ва 1992 йилда АҚШ махфий хизмати ходимлари сохта пул ясашда гумон қилиб Боггснинг уйида икки марта тинтув ўтказади. Ҳар икки тинтув давомида унинг уйидаги 1300 дона турли буюмлар, чизилган пуллар мусодара қилиниб, олиб қўйилади. Аммо Боггсга жиноят иши очилмайди.

Махсус хизмат ходимлари Боггснинг уйидан унга нисбатан жиноят иши очилишига етарли бўладиган далиллар топа олмагач у ишлаб топган пуллар билан қизиқа бошлашади.

Боггс пул тасвирларини сотиб ишлаган пулларининг асосий қисмини сарф қилиб юборган, аммо қаерда пул тасвирларини ишлатган бўлса, улардан харид чекларини олиб сақлаб қўйганди.

Махсус хизмат ходимлари Боггснинг молиявий ишларидан ҳам хато топа олишмайди. Кейинчалик у фаолияти давомида бир неча миллион доллар ишлаб топгани маълум бўлади.

Шундан сўнг Боггс АҚШ махсус хизмати томонидан олиб қўйилган нарсаларини қайтариб олиш учун уларни судга беради. Узоқ давом этган суд жараёнларидан сўнг 1999 йилда Боггс ғалаба қозонади ва буюмларини қайтариб олади.

Ўшанда Боггс судда ўзини ҳимоя қилган адвокатларга 100 минг долларлик банкнот тасвирини чизиб бергани маълум бўлади.

Боггс ҳеч қачон ўзи чизган пулларга рақамлар қўймасди. Буюк Британияда, Австралияда ва АҚШда унинг жиддий жазолардан қутилиб қолишига шу нарса ҳам сабаб бўлганди. Рақамлар қўйилмаган пулларнинг тасвирлари аксарият давлатларда пулларни сохталаштириш деб ҳисобланмайди.

Боггс ҳақида ёзилган китоблар

Боггс ҳақидаги биринчи китоб юқорида эслатилгандай унга Лондонда адвокатлик қилган Жеффри Робертсон томонидан ёзиб чоп этилган. «Адолат ўйини» (The Justice Game) деб номланган асарида Робертсон асосан Боггснинг асарлари ва уни судда қандай ҳимоя қилишганини тасвирлаган.

Жеффри Робертсон китобида ўша жараён ҳақида ҳикоя қилар экан, Боггснинг ҳибсга олиниши жуда адолатсиз қарор бўлгани ва у шериги билан судда буни исботлаб беришганини аниқ далиллар билан ёзган.

«Пуллардан фойдаланиш ҳақидаги қонунни ҳурматли маркетологлар бузганда уларга чора кўрилмайди. Масалан, аввалроқ тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компания сигарет рекламасида фунт стерлинг тасвирларидан фойдаланганда узр сўраган ва Англия банки уни қабул қилганди. Аммо гап рассом ҳақида кетар экан, банк бошқача иш тутади. Англия банкининг наздида пул тасвирларини чизган рассом агар америкалик бўлса, демак у хавфли жиноятчи. Улар бундай рассомни қамашни ва асарларини йўқ қилишни хоҳлаб қолишади. Адолатсиз қонун ҳам банкнинг рассомга бундай муомалада бўлишига йўл қўйиб беради», деб ёзганди Робертсон ўз китобида.

Боггс ҳақидаги иккинчи китоб америкалик таниқли ёзувчи Лоуренс Вешлер томонидан ёзилган. Лоуренс «Боггс: Қадриятлар комедияси» деб номланган асарида Боггснинг бошидан ўтказган воқеаларни ҳикоя қилган.

Боггснинг асарлари коллекциялар ва кўргазмаларда

Боггс 2017 йилда 62 ёшида Тампе шаҳрида вафот этади. У томонидан чизилган пуллар тасвирлари бугун дунёнинг нуфузли коллекция ва кўргазмаларидан жой олган.

Жумладан:

  • Чикаго санъат институти;
  • АҚШ ҳукумати молиялаштирадиган Смитсон институти:
  • АҚШдаги нуфузли хусусий Бэбсон коллежи;
  • Флоридадаги Нортон санъат музейи;
  • Тампа санъат музейи (Бу ҳам Флорида штатида);
  • Канзас штатидаги Спенсер санъат музейи;
  • Лондондаги Британия музейи;
  • Кембриждаги Фитзуилям музейи;
  • Париждаги LaCollection коллекциясида Боггснинг асарлари бор.

Бундан ташқари, Боггснинг пуллар тасвирларидан иборат турли асарлари кўплаб хусусий коллекцияларда сақланмоқда. Улар бугун ўз қийматларидан анча қиммат нархларга баҳоланади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид