Ўзбекистон | 17:51 / 12.12.2022
12065
2 дақиқада ўқилади

Ангрендаги авария натижасида табиатга етказилган зарар миқдори ҳисобланади – Экоқўмита

Маълум бўлишича, резервуар жўмраги музлаб ёрилиши натижасида 11,5 минг тонна нефть маҳсулоти Дукенсой сойининг сув ҳавзасига сизиб чиққан.

Видеодан кадр

Расмий хабарда келтирилишича, Ангрен нефтни сақлаш омборидан нефть маҳсулотлари сизиб чиқиши билан боғлиқ ҳодиса Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилган.

“Қайд этиш лозимки, нефть маҳсулотларини сақлаш омбори экологик хавфлилиги бўйича 1-тоифали объект ҳисобланиб, корхонага берилган давлат экологик экспертиза хулосасига кўра нефть сақлаш сиғимлари жойлашган ҳудудда авария ҳолатларини инобатга олган ҳолда ҳовузлар ташкил этилиши лозим.

Корхонадаги мавжуд ҳовузлар белгиланган талаб даражасида эмаслиги натижасида нефть маҳсулотлари маҳаллий ариқ орқали Дукенсой сойининг сув ҳавзасига сизиб чиққан.

Ҳозирда нефть билан ифлосланган сув ҳавзасидан олинган таҳлил намуналари лаборатория текширувидан ўтказилмоқда. Таҳлил натижалари асосида табиатга етказилган зарар суммаси ҳисоб-китоб қилинади”, дейилади қўмита баёнотида.

Давлат инспекторлари томонидан корхонага нисбатан тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилиши билдирилган.

11 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Ангрен нефть базасида авария содир бўлгани, одамлар қувурдан оқиб ётган бензинни идишларга қуйиб олиб кетаётгани акс этган видеолар тарқалганди.

Корхона раҳбарияти ҳодисага муносабат билдириб, авария 10 декабрь куни тахминан соат 20:10 да 5000м(куб) ҳажмдаги 20-сонли сиғим (резервуар) сифонининг жўмраги ҳаво ҳарорати пасайиши муносабати билан музлаб ёрилгани, натижада сиғимдаги 11500 литр АИ-80 бензин оқиб кетганини маълум қилганди.

Kun.uz манбаси рўй берган ҳолат бўйича ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини айтганди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид