Ўзбекистон | 18:37 / 12.12.2022
2356
3 дақиқада ўқилади

Туризм ва меҳмондўстлик соҳасига бағишланган VI Глобал тадбиркорлик ҳафталиги бошланди

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Бугун, 12 декабр куни Тошкентдаги TEAM университетида GEW-2022 VI Глобал тадбиркорлик ҳафталиги (Global entrepreneurship week) бошланди. Бу йилги ҳафталик «Туризм ва меҳмондўстлик соҳасидаги тадбиркорлик» мавзусига бағишланмоқда.

Ҳафталикнинг очилиш маросимида Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Нусратилла Зикриллаев, GEN Uzbekistan директори Ҳикмат Абдураҳмонов, Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Зеҳавит Бен-Ҳиллел, TEAM университети бош директори Абдурасул Юсупов, TEAM университети декани Эрдўған Экиз, шунингдек, давлат идоралари, тижорат ташкилотлари, университетлар, молия институтлари, халқаро ташкилотлар, элчихоналар, талабалар ва бошқа манфаатдор шахслар иштирок этмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Нусратилла Зикриллаев Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов номидан барча иштирокчиларни табриклади.

«Маълумки, туризм соҳаси давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири сифатида белгиланиб, саёҳатларни рағбатлантиришнинг cashback ва tax-free тизимлари, шунингдек, бизнесни юритиш тартиб-қоидаларини соддалаштириш механизмлари жорий этилмоқда.

Тадбиркорлик ҳафталиги ахборот алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар, туризм ва меҳмондўстлик соҳасида янги ўсиш нуқталари ва йўналишларини аниқлаш учун муҳим майдондир», деган у.

Тадбир давомида Ҳикмат Абдураҳмонов, Зеҳавит Бен-Ҳиллел ва Абдурасул Юсупов ёш тадбиркорларга маърузалар қилишди ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.

Куннинг иккинчи ярмида «Ўзбекистонда туризм ва меҳмондўстликни бошқариш соҳасидаги ҳозирги тенденциялар ва истиқболлар: ҳукумат, бизнес ҳамжамият ва инвесторлар нуқтаи назари» мавзусида панел муҳокамаси ва «Самарқанд туристик форуми туризм соҳасида фикр алмашиш учун ривожланаётган платформа сифатида» мавзусида тақдимот бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ушбу ташаббус GEN Uzbekistan томонидан олтинчи бор ташкил этилмоқда ва ҳафталикнинг асосий ташкилотчилари ва мезбонлари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда TEAM университети ҳисобланади.

Маълумот учун, ҳафталик давомида 10 дан ортиқ тадбирлар: муҳокамалар, тренинглар, маҳорат дарслари ва бошқа турдаги тадбирлар ташкил этилади.

GEW-2022 VI Глобал тадбиркорлик ҳафталиги 16 декабргача давом этади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид