Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳатто ўликлар ҳам ёрдам бермоқда». Европа қандай қилиб Россия газисиз музлаб қолмади?
Европа Иттифоқи электр энергияси ва иссиқликни максимал тежаяпти, фабрикалар ва крематорийларнинг печлари пасайтирилди, кўча ва дўконлар витриналаридаги фонарлар ўчирилди. Буларнинг бари Россия Украинага бостириб киришидан олдинроқ бошланган Европа-Россия газ урушидан омон чиқиш учун амалга оширилмоқда. Ғарбликлар буни уддалай оладими?
Европада қишки иситиш мавсумининг учдан бир қисми ортда қолди ва ҳозирча натижалар ажойиб. Европа Иттифоқининг 450 миллион аҳолиси бўлган 27 давлати газ истеъмолини чорак қисмга қисқартиришга муваффақ бўлди ва эндиликда европаликларнинг қишдан ҳеч қандай блэкаутларсиз чиқишга ишончи комил.
Улар буни қандай уддалади ва бу учун қанча харажат қилинди. Маблағ ва сабр-тоқат яна қанчага етади?
Биринчи раунд Европа фойдасига
Газ нефт ва кўмирдан фарқли ўлароқ, Европанинг Россияга қарши санкцияларига тушмади, чунки Европа Иттифоқи арзон ва нисбатан табиий тоза ёнилғидан воз кечишни истамади.
Бироқ Путиннинг ўзи бу мавзуни очди: Украинадаги уруш даврида Кремль назоратидаги «Газпром» компанияси турли баҳоналар билан Европа Иттифоқига газ етказиб беришни 80 фоизга қисқартирди.
ЕИ бутун Россия газининг 40 фоизини импорт қилиб келгани, ҳатто юқори нархга ҳам унинг ўрнига муқобил ресурс топиш қийин бўлиши сабаблари ортидан Европа давлатлари саноат тўхтаб қолиши ва совуқда қолган аҳолининг оммавий тартибсизликлар уюштириши хавфи билан тўқнашди.
Аммо булар юз бермади. Қуйидаги беш омил ёрдамида вазиятдан чиқилди:
— Россия газ юборишни бутунлай тўхтатмади;
— Газ захира омборлари деярли тўлиқ тўлдирилди;
— Инсонлар ва корхоналарга субсидиялар орқали ёрдам берилди;
— Октябр ва ноябр ойларида об-ҳаво рекорд даражада иссиқ бўлди;
Европаликлар газни тежашни ўрганди (ёки мажбур бўлди).
Бу омиллардан фақатгина охиргиси бутунлай Европа иттифоқи ҳукуматлари қўлида. Улар Кремль устидан нафақат биринчи қишки газ урушида, балки бутун энергетика урушида ғалаба қозониш учун айнан шу омилга эътибор қаратмоқчи.
«Ҳозир биз келгуси қишга тайёргарлик кўришга эътибор қаратишимиз керак. Бу қиш эмас, балки кейинги қиш учун. Биз бу қишда хавфсизликдамиз», — деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.
У шунингдек, «Албатта, биз бу учун катта маблағ сарфладик», дея қўшимча қилган.
ЕИ давлатлари энергия инқирозига қарши курашиш учун жами 600 миллиард евро ажратди, бунинг деярли ярми иттифоқнинг энг йирик иқтисодиёти ва урушгача Россия газининг асосий импортчиси бўлган Германия ҳиссасига тўғри келди. Bruegel таҳлил маркази ҳисоб-китобларига кўра, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган Буюк Британиянинг уй хўжаликлари ва бизнесларга қарийб 100 миллиард евролик субсидия ажратиш режаси билан қўшиб ҳисоблаганда, Кремлнинг газ уруши Европага аллақачон 700 миллиард еврога тушди.
Бироқ келаси йилги қишда бундай сахийликни топиб бўлмайди, чунки Европа давлатлари Россия Украинага бостириб киргандан сўнг бошланган энергетика инқирозидан бошқаларга қараганда анча тез ва катта зарар кўрмоқда. Бошқа етказиб берувчилар ёки яшил энергия ҳисобига Россиядан энергия мустақиллигига эришиш мумкин, лекин бу узоқ ва қиммат йўл.
Шунинг учун ҳозирда европаликларнинг асосий вазифаси — тежашдир.
«Истеъмолни камайтириш орқали биз электр тўловларини, зарарли эмиссияларни ва Россиянинг газ ўйинлари талафотларини камайтирмоқдамиз. Талабни пасайтирмасдан, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди», деган Европа вице-президенти, комиссар Франс Тиммерманс.
Европа газни қандай тежамоқда?
Европа Путин газ экспортини кескин камайтира бошлаган ёз фаслидаёқ газни тежаш бўйича тегишли қарор қабул қилганди.
Май ойида Россия газининг етказиб берилиш ҳажми уч йиллик чўққидан икки бараварга қисқарди ва кунига 250 миллион куб метрга тушди. Июл ойи бошида эса бу миқдор тарихий энг паст даражага тушиб, кунлик 80 миллион куб метргача пасайди. Июл ойи охирида Европа иттифоқининг 27 давлати Россиядан ишончли энергия ресурси етказиб берувчи сифатида абадий воз кечди. Иттифоқ аъзолари газ истеъмолини сўнгги беш йилдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 15 фоизга камайтириш мажбуриятини олди.
Режа ортиғи билан бажарилди.
ICIS тадқиқот маркази ҳисоб-китобларига кўра, иситиш мавсумининг дастлабки икки ойи — октябр ва ноябр ойларида Европа Иттифоқидаги газ истеъмоли 24 фоизга камайди. Европа Иттифоқининг иккита саноат давлати — Германия ва Италияда эса талаб пасайиши 21 фоиздан ошди. ЕИдан ажралиб чиққан Буюк Британияда эса натижалар пастроқ бўлди: қиролликда газ истеъмоли 19 фоизга қисқарди.
Улар буни қандай амалга оширди? Ихтиёрий-мажбурий тарзда.
Европада импорт қилинган газнинг 40 фоизи аҳоли томонидан ишлатилади. Инсонлар газ билан уйини иситади, сув қайнатади ва овқат пиширади. Тахминан 30 фоиз газ эса саноат томон йўналтирилади.
Саноатдаги талаб мажбурий тарзда камайтирилди, аҳоли эса асосан ихтиёрий равишда истеъмолни қисқартирди. Чунки одамлар учун субсидиялар завод ва корхоналарникига қараганда анча юқори, нархлар эса пастроқ бўлди.
Биринчи навбатда, газга бўлган саноат талабининг ярмидан сал кўпроғини ташкил қилувчи энергияни кўп талаб қилувчи тармоқлар: металлургия ва цемент заводлари, шиша ва керамика, ўғитлар ва бошқа нефт-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни энергияни тежашга мажбурлашга тўғри келди.
Агар вазият яхшиланмаса, талабнинг вақтинча пасайиши доимийга айланиши ва Европа Иттифоқининг саноат базасига путур етказиши мумкин. Чунки баъзи компаниялар бошқа мамлакатларга, масалан, нефт ва газ мўл-кўл қазиб олинадиган, энергия таъминоти арзонроқ, қулайроқ ва ишончлироқ бўлган АҚШга кўчиб ўтади.
Кам энергия сарфлайдиган корхоналар ва давлат сектори учун танлов осонроқ. Енгиллаштирувчи қоидалар, қайта тикланадиган энергия ёки шунчаки оддийгина одатлардан воз кечиш уларга энергия истеъмолини камайтиришга имкон беради.
Албатта, шаҳар ҳокимияти ёки марказий майдондаги фавворани ёритиш жуда чиройли, яхши иситиладиган кутубхона ёки офисда ўтириш ёқимли, тунги витриналарга тикилиш эса қизиқарли. Аммо ушбу кузда маълум бўлишича, Европадаги урушни тугатиш учун европаликлар энергия сарфланадиган ушбу одатларнинг барчасидан воз кечишга тайёр.
Франция, Испания ва Европанинг бошқа давлатларида ёпиқ дўконларни ёритиш ёки эшик очиқ ҳолатда турганда иситиш тизими ёхуд кондиционерлардан фойдаланиш тақиқланган. Кўча чироқлари хиралаштирилган, жамоат биноларида иссиқлик 19 даражадан оширилмайди. Кундуз кунлари ҳожатхоналарда иссиқ сув бўлмайди.
Ҳатто марҳумлар ҳам Россия газига қарамликни камайтириш бўйича ҳаракатга ёрдам бермоқда. Немис крематорийлари ўзларининг газни тежаш режасини таклиф қилди. Улар 80 фоиз газни тежаб қолган ҳолда тўлиқ қувватдаги билан бир хил миқдордаги марҳумларни ёқиш мумкинлигини айтди. Бунинг учун печларнинг бир қисми ўчирилади ва бошқалари тун-у кун ишлаш режимига ўтказилади ҳамда ҳарорат 850 даражадан 750 даражага камайтирилади.
«Бу режани амалга ошириш учун энди фақатгина расмийларнинг рухсати керак», дейди немис крематорийлари иттифоқи раҳбари Свенд-Йорк Соболевский.
Reuters нашри бундай тежамкорлик ишларидан яна бир нечтасини ўрганди. Нашр маълумотларига кўра, Нидерландиядаги рим-католик черковининг Рурмонд епархияси энергия инқирози сабаб ўзининг уч юз нафар руҳонийларига пулни тежаш учун месса ва бошқа тадбирларни ўтказмасликка рухсат берган.
Аҳоли ҳозирча энергияни тежашга мажбурланаётгани йўқ, уларга бу борада аниқ таклифлар ҳам юборилмаган, асосан маслаҳат бериляпти. Ва буни ҳам ҳамма қилаётгани йўқ. Масалан, Буюк Британиянинг олдинги ҳукумати энергия бўйича социал реклама кампаниясига пул тўлашни хоҳламади. Фақатгина бош вазир алмашганидан кейин инглизларга энергияни тежаш йўллари ва афзалликлари ҳақида почта орқали хат жўнатила бошланди.
Айни пайтда, саноат мутахассислари фикрига кўра, Британия уйларидаги ҳароратни атиги 1 даражага камайтириш газни 7 фоизгача тежаш имконини беради. Худди шундай чора газ билан биноларни иситувчи Европанинг бошқа йирик иқтисодлари учун ҳам долзарбдир, биринчи навбатда Италия, Нидерландия ва Германия учун.
Биринчи совуқ синови
Шундай қилиб, саноат эмас, балки аҳоли Европанинг Россия газига қарамлигини камайтириш учун ягона умид. Ҳозирда аҳоли субсидиялар ва газ тарифларини чеклаш билан қўллаб-қувватланмоқда. Шу сабаб ҳам кўпчилик тежамкорлик заруратини сезгани йўқ. Агар электр ва газ нархлари анча сезиларли даражада ошмаса, аҳоли уларни тежаш ҳақида ўйлаб кўрмайди. Талабни йўқ қилишнинг бозор механизми тўхтаб қолади.
«Кўпгина мамлакатлар талабни камайтириш керак бўлган ҳолларда энергия истеъмолини субсидиялашни давом эттирмоқда ва хатога йўл қўймоқда. Бу ёндашув хавф-хатарга тўла. Агар давлат ёрдами тугаса, бозорга бўлган ишончга путур етади, Россияга қарши санкциялар қўллаш қийинлашади ва эмиссияларни нейтрализация қилиш қимматроққа тушади», дейди Европа комиссари Тиммерманс.
Фото: GETTY IMAGES
Энергия ресурсларини тежаш Европа учун жуда долзарб масаладир. Чунки иситиш мавсумининг илк ойларида омон қолишга ёрдам берган 4 омил тез орада тугаши мумкин.
— Россия ҳали ҳам Европага газ етказиб бермоқда, лекин у исталган вақтда буни бутунлай тўхтатиб қўйиши мумкин. Европа Иттифоқи янги йилга қадар газнинг максимал нархини тасдиқлашни ваъда қиляпти, Путин эса ким бу келишувга имзо қўйса ўша давлатга газ етказиб беришни тўлиқ тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда.
— ICIS таҳлилчилари кейинги иситиш мавсумигача газ омборлари бу йилгидек 95 фоизга эмас, атиги 65 фоизга тўлдирилишини айтмоқда. Бунга асосий сабаб: Кремлнинг эҳтимолий газ блокадаси.
— Аҳоли ва бизнесларга берилaётган субсидиялар тескари натижа кўрсатади. Биринчидан, улар талабни қўллаб-қувватлайди ва истеъмолни камайтиришга тўсқинлик қилади. Иккинчидан бу субсидияларни мунтазам тўлаш учун мамлакатлар ғазнасидаги пул етмайди. Европа Комиссияси маълумотларига кўра, давлат ёрдамининг 70 фоизи энг муҳтожларга эмас, балки барчага бараварига тақсимланмоқда. Ҳозирда ҳукуматлар пулни тежаш учун фақат энг камбағал ва ҳимоясиз фуқароларни субсидиялаш йўлига ўтди. Сахийлик фестивали тугади.
— Иссиқ куз ўз ўрнини совуқ қишга бўшатди. Шимолий Европа декабр ойида ноодатий совуқни бошдан кечирмоқда. Маҳаллий регулятор маълумотларига кўра, Германияда газ истеъмоли ўтган ҳафтадагига нисбатан 14 фоизга ошган.
Умуман олганда, бутун Европада деярли бир хил вазият.
«Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда газга бўлган талаб 6 декабрга қадар, бир ҳафта давомида беш йиллик ўртача кўрсаткичга нисбатан 10 фоизга камайди. Ноябрда бу миқдор 22 фоизни, октябрда 24 фоизни, сентябрда эса 12 фоизни ташкил этган эди», дейди ICIS газ таҳлилчилари раҳбари Том Марзек- Мансер.
«Биринчи совуқ синовга хуш келибсиз», — дея қўшимча қилган у.
Мавзуга оид
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
15:45 / 27.05.2025
Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларни АҚШ билан биргаликда қўлламоқчи
20:02 / 24.05.2025
G7 саммити ва Трампнинг божлари: музокараларда аниқ натижалар кўринмади
16:42 / 24.05.2025