Ўзбекистон | 11:41 / 14.12.2022
6629
2 дақиқада ўқилади

Хорижда Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид 9 мингдан ортиқ осори-атиқалар аниқланди

Маданий мерос агентлиги турли мамлакатлардаги музейлар, жамғармалар, хусусий жамғармалар, илмий ва маданий муассасаларда сақланаётган Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид осори-атиқаларга оид маълумотларни тўплайди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Kun.uz

Бугунги кунга қадар 40 мамлакатда сақланаётган 9 мингдан ортиқ уй-рўзғор буюмлари, археологик топилмалар, Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид турли заргарлик буюмлари, қўлёзмалар, ҳужжатлар, тўқимачилик буюмлари, чолғу асбоблари ҳақида маълумотлар жамланди.

2022 йилда хорижий мамлакатларда сақланаётган мамлакат тарихи ва маданиятига оид қўлёзмаларни аниқлаш, ўрганиш ва нусхаларини етказиб бериш йўналишида 330 та маданият объекти – 173 та қўлёзма, 157 та музей экспонатлари илмий тавсифи аниқланди.

«Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри. Том 1» нашр этилди. Монографик тадқиқот ўзбек, инглиз ва рус тилларида 1000 нусхада нашр этилиб, республика ҳамда 40га яқин давлатлар илмий ва маданий муассасалари ва ташкилотларига тақдим этилди. Бугунги кунга қадар мазкур реестр 2-ва 3- жилдлари ҳамда Алишер Навоийнинг Туркияда сақланаётган «Бадоеъ ул-бидоя» ноёб қўлёзмаси илмий факсимиляси нашрга тайёрланди.

Агентлик ходими, фалсафа фанлари доктори, профессор Роиқ Баҳодиров ташаббуси ва раҳбарлигида «Ҳабибуллаев А. Аждодлар мероси: АҚШдаги қўлёзмалар» асари биринчи нашри 2022 йилдаги яна бир илмий муваффақият бўлди. Ушбу қўлёзмалар олимларга тегишли бўлиб, АҚШ олий ўқув юртлари кутубхоналарида сақланади.

Нашрда қуйидаги 13 та кутубхона фондларини ўрганиш натижасида олинган маълумотлар ўрин олган бўлиб, уларда 31 нафар олим томонидан ёзилган 123 та асар 556 та қўлда ёзилган нусхалари илмий тавсифлари келтирилган:

  • Принстон университетида - 278;
  • Йел университетида - 140;
  • Мичиган университетида (Анн Арбор шаҳри) - 51;
  • Конгресс кутубхонаси (Вашингтон, Колумбия округи) – 27;
  • Колумбия университетида - 16;
  • Пенсильвания университетида - 15;
  • Ҳарвард университетида (Кембриж) - 13;
  • Миллий тиббиёт кутубхонасида (Вашингтон, Колумбия округи) - 11;
  • Хаверфорд коллежи, Юта университети, Стэнфорд университети, Балтимор шаҳридаги Уолтерс бадиий музейи ва Айова университети кутубхонасидан олинган 1 тадан қўлёзма маълумотлари тақдим этилган.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид