Ўзбекистон | 16:25 / 15.12.2022
19852
3 дақиқада ўқилади

“Стратегик объектларга қилинган ҳужумларни бартараф этиш мақсадида қурол қўлланган” — Бош прокуратура

Қайд этилишича, намойишчиларга нисбатан ўқотар қурол ва махсус воситалар қўллангани алоҳида тергов қилинмоқда.

Фото: KUN.UZ

Қорақалпоғистон воқеаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан намойишчиларга қарши қурол қўллангани ҳолати бўйича алоҳида жиноят иши очилган. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Мустақил парламент комиссияси саволларига жавобан тақдим этган ахборотида сўз боради.

“Оммавий тартибсизликлар вақтида ўқотар қурол ва махсус воситалар асосан 01.07.2022 йилда Жўқорғи кенгес маъмурий биноси, 02.07.2022 йилда Нукус шаҳар ИИО ФМБ ва аэропорт биноси олдида мазкур стратегик объектларга амалга оширилган ҳужумларни бартараф этиш мақсадида қўлланган”, дейилади расмий маълумотда.

Бош прокуратура жамоатчиликни хавотирга солаётган ушбу ҳолатлар, хусусан, ўқотар қурол ва махсус воситалар қўлланишининг қонунийлиги юзасидан алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари давом эттирилаётгани, тергов якунига кўра, ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилган.

Шунингдек, расмий ахборотда оммавий тартибсизликларни юзага келтиришда айбланаётган фуқароларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ўлимида айбдорлиги масаласига ҳам тўхталинган.

“Мазкур жиноят иши доирасида судланаётган шахсларнинг айбдорлик масалалари улар томонидан содир этилган жиноий хатти-ҳаракатлари учун судда исботланган далилларга кўра, суд ҳукмига асосан ҳал этилади”, дейилади идоранинг Миллий комиссияга тақдим этган ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликлар кузатилганди.

Июл ойида Қонунчилик палатаси ва Сенат Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш учун Мустақил комиссия тузган, омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилаётган комиссия аъзолари 15 август кунидан яна иш бошлаганди.

28 ноябрь куни Нукус воқеалари бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бошланган, Бош прокуратура яна 39 кишига дахлдор иккинчи жиноят иши бўйича тергов якунланаётганини, Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликларни уюштиришда жами 171 киши айбланаётганини маълум қилган.

Бош прокуратурага кўра, намойишлар вақтида ҳамда айбдорларни қўлга олиш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари хизмат ваколатидан четга чиқиб, заруриятсиз куч ва воситаларни ишлатгани, фуқароларга қурол ёки бошқа махсус воситалар қўллагани тасдиғини топган тақдирда, улар жавобгарликка тортилади.

Бундан ташқари, оммавий тартибсизликлар чоғида 2 нафар фуқаронинг вафоти ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида прокуратура идоралари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган. Тергов якунига кўра, айбдор деб топилган шахсларга нисбатан қонуний қарорлар қабул қилиниши таъминланади.

Нукус воқеалари пайтида вафот этган 19 нафар шахснинг рўйхати ва вафот этиш сабаблари (қийноқдан, ўқотар қуролдан ва махсус воситалардан вафот этгани) очиқланади.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид