Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Турк генерали Озарбойжон мудофаа вазирлигида муҳим лавозимга тайинланди. Бу нимани англатади?
Туркиялик генерал Бахтиёр Эрсойнинг Озарбойжон мудофаа вазири маслаҳатчиси этиб тайинланиши Туркия ва Озарбойжон ҳарбий салоҳиятини бирлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлади. Бу Бокунинг қўшнилари қаршисида мустаҳкам кучга эга бўлишига имкон беради.
Фото: MEB.GOV.TR
Эрсойнинг таржимаи ҳоли юқори мартабали ҳарбийлар учун ноодатий: у турк фуқароларини «араб баҳори»дан қутқариб қолган, кейинчалик давлат тўнтаришига уринишда айбланиб қамалган.
2022 йил 10 сентябрь куни туркиялик генерал-полковник Бахтиёр Эрсой Озарбойжон мудофаа вазири Зокир Ҳасановнинг маслаҳатчиси этиб тайинланди. Маҳаллий APA агентлигининг хабар беришича, тайинланганидан кейин Эрсой мудофаа вазирлиги расмийлари йиғилишида қатнашган ва Озарбойжон армиясини Туркия қуролли кучлари моделига мослаштириш борасида олиб бораётган ишлари ҳақида гапирган. У шунингдек, режалаштирган ислоҳотлари тўғрисида ҳам тўхталган.
Гап шундаки, Анқара сентябр ойида Туркия қуролли кучларининг Озарбойжондаги махсус қўмондонлигига ўзининг тўрт нафар генералини тайинлаганди. Улардан бири эса айнан Бахтиёр Эрсой эди.
Қамалиб чиққан генерал
Агар Туркия матбуотига кўз югуртириб чиқилса, генерал-полковник Бахтиёр Эрсойнинг драматик воқеаларга бой ўтмиши борлигини кўриш мумкин.
BBC Озарбойжон хизмати маълумотларига кўра, Эрсой 2011 йилда давлат тўнтаришига уринишда айбланган ва бунинг учун судланган зобитлар орасида бўлган.
Бироқ 16 йиллик қамоқ жазосининг 3 йилини ўтагач, Эрсой озодликка чиқади ва унга қўйилган барча айбловлар олиб ташланади.
Эрсой армияга қайтади ҳамда Туркия қуруқлик кучларининг оператив штаби бошлиғи лавозимигача кўтарилади.
Туркия нашрларида Эрсой Ироқ чегараларидаги айирмачи Курдистон ишчилар партиясига (КИП – Туркиядаги амалдаги ҳукуматнинг анъанавий душмани ҳисобланади, тузилма Туркияда террорчи ташкилот деб эълон қилинган) қарши операцияларни бошқаргани қайд этилган.
Генерал Эрсой, шунингдек, 2010 йилги «араб баҳори» тартибсизликлари пайтида Тунисдан 28 минг туркияликни муваффақиятли эвакуация қилишни ташкиллаштирган ҳарбийлардан бири ҳамдир.
Арманистон ва Россиянинг айрим нашрлари Эрсой 2020 йилнинг кузида Қорабоғдаги Озарбойжон қўшинларини бошқаришда қатнашганини ёзади. Туркия бу пайтда ҳақиқатан ҳам Озарбойжонга ҳам дипломатик, ҳам қурол-яроғ соҳасида ёрдам берганди.
Жумладан, Туркиянинг Bayraktar дронлари арманларнинг зирҳли техникалари ва позицияларига ҳаводан зарбалар бериш орқали Озарбойжоннинг жанг майдонида катта устунликка эришишига ёрдам берганди.
НАТOга аъзо давлат билан ягона армия тузилиши мумкинми?
Сентябр ойида экспертлар BBC Озарбойжон хизматига мамлакатнинг қуруқликдаги кучларида таркибий ислоҳотлар олиб борилаётганини айтган эди.
Ҳарбий таҳлилчи Узеир Жафаровнинг сўзларига кўра, генерал-полковник Бахтиёр Эрсой айнан шу йўналишда фаолият олиб боради, у «фақат қуруқликдаги қўшинлар»ни тайёрлашда маслаҳатчи ролини ўйнайди.
Фото: TURKEY DEFENCE MINISTRY HANDOUT
«Озарбойжон армиясида илгари ҳам туркиялик ҳарбий маслаҳатчилар бўлган, туркиялик ўқитувчилар эса ҳарбий академияда озар курсантларига дарс берган», дея эслайди мустақил эксперт, мудофаа вазирлигининг собиқ ходими Асад Исазода.
«2020 йилги Қорабоғ уруши пайтида турк ҳарбийлари фақат маслаҳатчи вазифасини бажарди. Мудофаа вазирининг янги маслаҳатчиси ҳам ҳарбий ҳаракатлар ва тайёргарлик учун жавобгар бўлмайди, унда жанговар функциялар йўқ», дея қўшимча қилган Исазода.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги ҳолатда Эрсой Озарбойжон ва Туркия армияларини ягона стандартга келтириш учун маслаҳатчи сифатида зарур.
Гап шундаки, ҳар икки давлатда ҳам узоқ вақтдан бери юқори доираларда ягона армия яратиш ҳақида гапириб келинади, давлатлар тез-тез қўшма машғулотлар ўтказади.
2021 йил Озарбойжон ва Туркия президентлари Шуша қўшма декларациясини имзолади. Унга кўра, икки давлатдан бирортасига ташқи тажовуз содир бўлган тақдирда, улар бир-бирига ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олди.
«Ушбу битим амалда бири НАТО аъзоси бўлган икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни ҳарбий иттифоқ даражасига кўтарди», дея таъкидлайди BBC Туркия хизмати.
Фото: MEB.GOV.TR
«Аммо бу икки армияда бир-бирига мос келмайдиган юзлаб параметрлар мавжуд. Булар тактик усуллар, роталар, батальонлар ва бригадаларнинг сони ҳамда уларнинг қўмондонлик таркибини шакллантириш, шунингдек, қуроллар, калибрлар, радиоалоқа тизимлари», дея фикр билдирган Исазода.
Мутахассиснинг фикрича, Эрсой тайинланганидан кейин амалга оширилаётган ўзгаришлар минтақа учун ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
«Бу заруратга қараб у ёки бу операцияда қатнашадиган ягона армия бўлади. Ва бу Россия, Эрон ва Арманистон қаршисидаги бирдамлик рамзи ҳам бўлади», дейди Исазода.
Озарбойжон нафақат, қўшниси Арманистон билан ҳарбий можарога, балки бошқа икки ҳамсояси – Россия ва Эрон билан ҳам мураккаб муносабатларга эга.
Кузда Эрон Озарбойжон чегаралари яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказди. Бунга жавобан Озарбойжон ва Туркия қўшинлари Бахтиёр Эрсой ҳам иштирок этган жавоб манёврларини амалга оширди.
Мавзуга оид
15:49 / 24.05.2025
Ўзбекистон Шуша декларациясига қўшилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:28 / 23.05.2025
Эрон 2023 йилда Озарбойжон элчихонасига ҳужум қилган эркакни қатл қилди
20:52 / 15.05.2025
Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президенти билан учрашди
02:31 / 15.05.2025