Беларус қўшинларини Украина чегарасидан олиб кетаётганини маълум қилди. Киевдагилар «чалғитувчи манёвр» ҳақида айтмоқда
Беларус ҳукумати Украина билан чегара ҳудудига жойлаштирилган қўшинлар доимий дислокация жойларига қайтишини маълум қилди. Шу билан бирга, бир неча кун олдин Беларус ҳукумати ўз кучлари жанговар тайёргарлиги тўсатдан текширилиши ҳақида эълон қилганди. Украинадагилар хулоса чиқаришга шошилмасликка чақириб, Минск Украина-Беларус чегарасидаги вазиятни қасддан кескинлаштираётганини даъво қилмоқда.
Беларус мудофаа вазирлиги нима деган?
Пайшанба куни Беларус ҳарбий идораси мамлакат қуролли кучларининг Украина билан чегара яқинида турган 38-десант-штурмчи бригадаси доимий дислокация жойига қайтарилганини хабар қилди.
Бу маълумотни Беларус ҳарбий техникалари ва бўлинмалари ҳаракатини кузатиб борувчи «Беларускі Гаюн» телеграм-канали ҳам тасдиқлади.
Беларус мудофаа вазирлиги бригаданинг доимий дислокация бўйича қайтишини тасдиқлаши керак бўлган фотосуратларни нашр этди. Ушбу тузилманинг тўлиқ номи - 38- Брест алоҳида гвардия десант-штурм бригадаси, яъни унинг базаси одатда Брестда бўлган.
Украина нима демоқда?
Уруш бошидан буён Украина ҳукумати Беларусни можаро томонларидан бири деб ҳисоблайди, чунки бу мамлакат Россия армиясига ўз ҳудудидан босқин учун плацдарм сифатида фойдаланишга рухсат берганди. Ғарб ва украин экспертлари ҳам келгусида Беларус ҳарбийлари Россия армияси билан биргаликда Украинанинг ғарбий регионларига янги босқин бошлаши эҳтимолини истисно этмайди.
Аммо Украина қуролли кучлари Бош штаби пайшанба кунги брифинг чоғида ҳозирда Беларус ҳудудидан такрорий ҳужум бўлиши эҳтимоли юқори эмаслигини маълум қилди.
Украина чегара хизмати эса бу участкадаги вазият назорат остида қолаётганини қайд этди. Чегара хизмати расмий вакили Ондрий Демченко BBC Украина хизматига шундай деган: «Биз тўғридан тўғри чегара атрофида техника ва қўшинлар жойлашуви ёки ҳаракатланишига гувоҳ бўлмадик. Айни вақтда Украина ҳудудига бостириб кириши мумкин бўлган зарбдор кучлар ташкил этилганига оид ҳеч қандай далилни қайд этмаяпмиз».
Шу билан бирга Демченко вазият мунтазам равишда атайлаб кескинлаштирилишини таъкидлаган: беларус ҳарбийлари Россия армияси билан биргаликда машғулотлар ўтказмоқда, қўшинларнинг қўшма гуруҳини тузиш ҳақида баёнотлар эълон қилинмоқда, жанговар тайёргарлик текширилмоқда.
«Биз англаб турибмиз, Россия Беларусни очиқ урушга тортишга ҳаракат қилмоқда», деган Демченко.
Буюк Британия мудофаа вазирлиги ҳам 15 декабр кунги вазият бўйича ҳисоботида Беларус томондан юриш қилиниши эҳтимолини паст деб баҳолаган. «Беларус 2022 йил февралида Россиянинг Киевга юришида муҳим ролни ўйнаган. Аммо ҳозирда машғулотлар ўтказаётган Беларус ва Россия бўлинмалари Украина шимолида муваффақиятли юриш ўтказиш учун етарли кучни ташкил этиши даргумон», - дея хабар қилади британ разведкаси.
Беларус ўз армияси жанговар тайёргарлигини тўсатдан текширишни 13 декабр куни бошлади. Мавжуд маълумотларга кўра, бу машғулотлар мамлакат шимоли-ғарбида, яъни Украина чегараларидан узоқда ўтказилмоқда.
Аммо Беларус ҳудудига сафарбар қилинган россияликларнинг янги гуруҳлари ташлангани ҳақида ҳам маълумот мавжуд - бу хабарлар фонида Украинага шимолий йўналишда янги ҳужумга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида тахминлар ҳам пайдо бўлди.
Россия расмий шахслари Беларус қўшинлари ҳаракати ва ушбу мамлакатга сафарбар қилинган ҳарбийлар жўнатилгани тўғрисидаги хабарларни шарҳламасликни маъқул кўрмоқда.
«Чалғитувчи йўналиш»
Украин экспертларига кўра, Беларус чегарасидаги қўшинлар ҳаракатлантирилиши - Украина ресурслари ва диққатини чалғитишга қаратилган умумий стратегиянинг бир қисмидир.
«Беларус ҳозирда бизни чалғитмоқда. Украина шимолий чегаралари яқинида фаол ахборот амалиёти ва минимал миқдордаги қўшинлар ҳаракати», - деган Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович «Фейгин LIVE» YouTube-канали эфирида. У бундан мақсад Украинани Беларус чегарасида етарлича гуруҳ қолдириши ва бу ҳудуддаги бўлинмаларни бошқа йўналишларга жўнатмаслигига эришиш эканини айтган.
Шу билан бирга Арестович Россия келгусида «стратегик ташаббусни қўлга олиш»га ҳаракат қилиши ва бунинг учун январ-феврал ойларида захира тўплаши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
РФ армиясининг «фронтни кенгайтириш» стратегияси ҳақида Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ҳам гапирган. «Душман Херсонни ўққа тутмоқда, шимолдаги фаоллик ҳақида тасаввур яратишга уринмоқда, худди зомбилар каби Бахмутдаги позицияларимизга бостириб келишмоқда ва Донецк области жанубида босим ўтказмоқда», деган у ўз телеграм-каналида.
Ермакнинг сўзларига кўра, Россия раҳбарияти агар фронтни кенгайтиришга муваффақ бўлинмаса, бу қиш улар учун фалокатга айланишини англаб турибди. «Уларнинг бутун стратегияси тушунарли. Қийин бўлади, аммо биз мақсад сари - 1991 йилги чегараларга чиқиш учун ҳаракатланишда давом этамиз», - дея ёзган президент офиси раҳбари.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024