Ўзбекистон | 14:12 / 16.12.2022
14331
2 дақиқада ўқилади

ИИВ масъулларидан тизимдаги ходимлар оғир меҳнат шароити ва ойлик маош камлиги ҳақида сўралди

Ички ишлар вазирлиги масъуллари томонидан навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди. Унда тизимга жамоатчилик томонидан бўлаётган доимий танқидлар мазмунида ходимлар оғир меҳнат шароитлари ва ойлик маошлар етарли эмаслиги масаласи ҳам ётиши ҳақида сўралди.

Фото: Kun.uz

Kun.uz мухбири саволига ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов жавоб берди.

“Ҳозирги пайтда ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси масаласида ўтган сафар ҳам тушунтириш берилганди. Яъни психологлар фаолияти йўлга қўйилгани, ходимларнинг иш фаолияти, уларнинг соғлиғи, оилавий масалалари бўйича ҳозирги пайтда қандай имкониятлар яратилгани ҳақида.

Энди мен бу масала бўйича қайтадан тўхталмайман, лекин бир нарсани айтишим керакки, ички ишлар органларига танлов жараёнида бошқа касб эгаларига қўйилмайдиган маълум талаблар қўйилади. Масалан, жисмоний, психологик лаёқатлилиги кўриб чиқилади. Ундан ташқари ходимнинг жамиятда фаоллиги ва бошқа ҳолатлари кўриб чиқилган ҳолда ишга олинади. Бундан ташқари, ички ишлар органларида шундай тартиб борки, ҳар йили ходим мажбурий тарзда диспансеризациядан ўтказилади. Йил давомида санаторий, сиҳатгоҳ ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари берилади. Ойлик масаласига келсак, ички ишлар органлари ходимларининг ойлиги сиз айтгандай кам эмас. Ўзига яраша имкониятлар яратиб берилган. Шунинг учун ходимлар фаолияти билан боғлиқ барча ҳолатлар норматив ҳужжатлар билан белгиланган ва имконият яратилган.

Ойликлар борасида бизда табақаланиш бор. Ишга янги келганлар, уларнинг иш жараёни, тажрибаси ва лавозимига кўра ойлик маош ошиб бораверади. Бундан ташқари тил билиш, илмий даражага эгалигига қараб ҳам қўшимча маош тўланади. Агарда сизга бу бўйича тўлиқ маълумот керак бўлса, қўшимча маълумот тақдим этамиз”, – деди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов.

Мавзуга оид