Спорт | 20:41 / 16.12.2022
22406
2 дақиқада ўқилади

Синиша Михайлович вафот этди

Ўтмишнинг таниқли футболчиси, «Милан» ва «Фиорентина» клубларини бошқарган мураббий сўнгги йилларда лейкемия билан курашаётганди.

Фото: Gabriele Maltinti/Getty Images

«Милан» клуби ва Сербия миллий жамоасининг собиқ бош мураббийи, югослав ва серб футболи афсонаси Синиша Михайлович 16 декабрь куни 54 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Sky Sport хабар бермоқда.

La Gazzetta dello Sport нашри қайд этишича, Михайлович Римдаги клиникада оламдан ўтган. Мураббийнинг оиласи у «қўрқинчли касаллик билан мардларча олишгани»ни айтиб, шифокорларга ёрдам учун миннатдорчилик билдирган.

2019 йил июлида Михайлович ўзига лейкемия ташхиси қўйилганини ва «ҳужумда ўйнаб» ушбу касалликни енгиб ўтмоқчи эканини айтганди. Мураббий бир неча бор химиятерапия курсларини ўтаган, унга суяк илиги кўчириб ўтказилганди.

Март ойида Михайлович лейкемия қайтгани ва у яна даволаниши кераклигини айтганди. Сентябр ойида «Болоня» клуби стартдаги муваффақиятсиз натижалар туфайли уни истеъфога чиқарди.

Футболчилик фаолияти давомида Михайлович «Црвена Звезда», «Рома», «Сампдория», «Лацио» ва «Интер»даги ўйинлари орқали танилганди. 

У 2006 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаб, «Интер»да ёрдамчи мураббийга айланганди. Шундан кейин у «Фиорентина», «Сампдория», «Торино», «Милан» клублари ва Сербия миллий жамоаларини бошқарган эди.

Мавзуга оид