Ўзбекистон | 11:09 / 16.12.2022
2194
2 дақиқада ўқилади

Владимир Норов АҚШнинг диний эркинлик соҳасидаги махсус элчиси билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов АҚШнинг Халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлари бўйича элчиси Рашад Ҳусайн билан учрашув ўтказди.

Фото: Dunyo

Америка томонига Ўзбекистонда фуқаролар диний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Диний эркинликни таъминлаш, фуқаролар учун диний расм-русумларни адо этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси муҳим қисми экани таъкидланди.

Рашад Ҳусайн Ўзбекистонда фуқаролар дин соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, бу борадаги миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, мамлакатда динлараро ўзаро англашув муҳитини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларини, диний ташкилотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар натижаларини олқишлади.

Америка томони диний расм-русумларни адо этиш ва диндорлар ўз эътиқодларини ифода этиши учун янада кенгроқ шароитлар яратиш радикал қарши курашга ёрдам беришини таъкидлади. Рашад Ҳусайн ушбу соҳадаги ислоҳотлар, қонун ҳужжатларини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар давом этишига ишонч билдирди.

Учрашув якунида томонлар диний эркинликни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мунтазам равишда амалий мулоқот олиб боришга келишиб олди. 

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид