Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европарламент Голодоморни геноцид деб тан олди: резолюцияда нималар ёзилган?
Европа парламенти шу муносабат билан махсус қабул қилинган резолюцияда Голодоморни - СССР ҳукумати томонидан 1932-1933 йилларда атайлаб содир этилган очарчиликни - Украина халқининг геноциди сифатида тан олди. DW резолюция ҳақида батафсил маълумот берди.
Европарламент Голодоморни - 1932-1933 йилларда Украинада «совет тузумининг қасддан сиёсати туфайли юзага келган» очарчиликни - украин халқининг геноциди деб тан олди. У «бир гуруҳ одамларни атайлаб жисмонан йўқ қилиш мақсадида, уларнинг яшаш шароитларини шундай ҳолатга келтириш учун содир этилгани» айтилади.
Бу ҳақда Европарламентнинг 15 декабрь, пайшанба куни Страсбургдаги сессия йиғилишида қабул қилинган резолюциясида айтилади. Резолюцияни 507 депутат қўллаб-қувватлаган, 12 нафари қарши, 17 нафари бетараф қолган. Ҳужжатда айтилишича, Украинада 1932-1933 йилларда сунъий очарчилик юзага келган барча ҳолатлар БМТнинг ушбу жиноятнинг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенциясида қайд этилган геноцид белгиларига мос келади.
1932-1933 йиллардаги Голодомор миллионлаб украиналикларнинг ҳаётига зомин бўлди ва коллективлаштириш сиёсатини олиб бориш ҳамда Украина халқининг миллий ўзига хосликка бўлган интилишини бостириш мақсадида «совет режими томонидан режаланган ва шафқатсизларча амалга оширилган», дейилади резолюцияда. Украин деҳқонларининг «очликдан қутулиб қолмаслиги» учун «совет тузуми ғалла ҳосилини атайлаб мусодара қилгани ва чегараларни ёпгани» ҳақида далиллар мавжудлиги айтилади.
Европарламент депутатлари, шунингдек, Россиянинг Украина билан жорий урушдаги ҳаракатлари - «унинг энергетика ва қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини йўқ қилиш, Украина ғалла экспортини тўсиб қўйиш ва миллионлаб тонна донни ўғирлаш» - оммавий сунъий очарчилик хавфини, айниқса, Украинадан дон етказиб беришга боғлиқ Африка мамлакатларида келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлашди.
СССР даврида содир этилган жиноятларга ўз вақтида халқаро ҳамжамият томонидан аниқ ҳуқуқий ва маънавий баҳо берилмагани, шунингдек, Россияда «тоталитар совет тузумини улуғлаш» мавжуд бўлганлиги сабабли РФ бугун «терроризмнинг ҳомийси ва террорчилик усулларидан фойдаланадиган давлат»га айланди, дейилади резолюцияда.
Европарламент «тоталитар совет тузуми томонидан содир этилган геноцид акти Украина жамияти асосларига катта зарар етказди», деб таъкидлади. Европарламент депутатлари «хусусан, Россия Федерацияси ва Совет Иттифоқи парчаланиши натижасида тузилган бошқа давлатларни 1932-1933 йилларда Украинадаги сунъий очарчилик бўйича ўз архивларини очишга» чақирди. Европарламент депутатлари Россия «Совет Иттифоқининг ҳуқуқий вориси сифатида» нафақат Голодоморни геноцид деб расман тан олиши, балки «бу жиноятлар учун кечирим сўраши» керак, деб ҳисоблайди.
Қарорда, шунингдек, «Россиянинг амалдаги режими томонидан тарихий хотирани манипуляция қилиш» ва «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Россия расмийлари томонидан ёпилиши фактлари ҳам қораланади. Шу муносабат билан Европарламент Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг давлат ва хусусий тузилмалари ҳамда фуқаролик жамиятини «жиноятчи режимлар» томонидан тарихий фактларни сохта маълумотлар ёрдамида бузиб кўрсатишга қаратилган барча уринишларини тўхтатишга чақирди.
Европарламент депутатлари совет тузуми даврида содир этилган жиноятларга аниқ тарихий ва ҳуқуқий баҳо берадиган оммавий муҳокама ўтказиш тарафдори экани айтилади. Уларнинг фикрича, бундай муҳокама замонавий демократик давлатларнинг таҳдидларга чидамлилиги учун ниҳоятда муҳимдир. Совет тузуми содир этган жиноятларга ўхшаш жиноятлар такрорланишининг олдини олиш учун, биринчи навбатда, Россиянинг ўзи фуқаролари ўртасида «дезинформация ва сохта тарихий маълумотларга қаршилик кўрсатиши» муҳим бўлади.
Резолюция учун овоз бериш олдидан бўлиб ўтган мунозаралар чоғида «Европа халқ партияси» фракциясидан полшалик евродепутат Радослав Сикорский ўтган асрнинг 30-йиллари бошида Украинада юз берган воқеалар «табиий сабабларга кўра содир бўлмаганини» таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар Украина қишлоқларини ўраб олиш учун махсус жўнатилган, бироқ «фаоллар» деб аталмиш гуруҳлар деҳқонлардан донни тортиб олиб, «кейин бу одамларнинг ўлимини кутишган». Сикорский ўзининг рафиқаси, америкалик тадқиқотчи ва журналист Энн Эпплбаумнинг «Қизил очарчилик: Сталиннинг Украинага қарши уруши» китобидан олинган маълумотларни келтирди, унда Украинадаги Голодомор натижасида 5 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлгани айтилади.
90 йил олдин СССР ҳукумати сунъий очарчилик яратиш орқали украиналикларнинг иродасини синдиришга уринган, деди либераллар гуруҳидан бўлган литвалик евродепутат Петрас Ауштрявичюс. Унинг сўзларига кўра, ўшанда ҳам совет ҳокимияти ташвиқот олиб борган, содиқ хорижлик журналистларни Украинага таклиф қилган ва «бузилган ҳақиқатни уларга кўрсатган». «Бугун биз Голодоморнинг 90 йиллигини хотирлаяпмиз ва унинг қурбонларига ҳамдардлик билдиряпмиз. Аммо келинг, Украинага, бу жасур мамлакатга яна таҳдид солаётган Россия агрессорини мағлуб этишга ёрдам берайлик», - дея қўшимча қилди Ауштрявичюс.
Совет ҳокимиятининг 90 йил аввалги хатти-ҳаракатлари ва замонавий Россиянинг хатти-ҳаракатларида «аниқ тарихий ўхшашликлар» мавжуд, деди «яшиллар» гуруҳи вакили, германиялик депутат Виола фон Крамон-Таубадель.
«Россия яна Европанинг нон саватидаги донни ўғирламоқда ва украиналикларнинг руҳини синдиришга уринмоқда. Яна Украинага қарши уруш нафрат ташвиқоти билан кучайди», - дейди фон Крамон-Таубадель. Бироқ, унинг сўзларига кўра, агар Голодомор пайтида «украинлар ҳалок бўлиб, Европа буни сезмаган бўлса», «ҳозирги кунда эса келажак авлодлар кечира олмайдиган фожианинг олдини олиш учун қатъий ҳаракат қилиш керак».
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025