Ўзбекистон | 15:49 / 17.12.2022
13481
3 дақиқада ўқилади

МИБ 27,6 млрд сўмлик 62 мингта жаримани асоссиз равишда ЙХҲБ органларига қайтаргани маълум бўлди

​​​​​​​Шунингдек, Бош прокуратура томонидан ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари 91,1 млрд сўмлик 203 357 та жаримани ижрога юбормагани аниқланган.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида ўтказилган йиғилишда Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Камолиддин Ялгашев 4 апрелдан буён ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари томонидан 91,1 млрд сўмлик 203 357 та жарима қўллаш тўғрисидаги қарорлар белгиланган 3 ойлик муддатда мажбурий ижро бюроларига юборилмасдан қолганини маълум қилди.

Шу билан бирга, Мажбурий ижро бюросининг жойлардаги органлари томонидан 27,6 млрд сўмлик 62 мингта жаримани қўллаш тўғрисидаги қарорлар асоссиз равишда ЙХҲБ органларига қайтарилган.

Ялгашевга кўра, Бош прокуратура томонидан Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда президентнинг 2022 йил 4 апрелдаги қарори ижроси ўрганилганда қатор қонунбузилишлар аниқланган.

“Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича бош вазир томонидан тасдиқланиб, ҳудудларга ижро учун юборилган “Йўл харита”ларида белгиланган чора-тадбирларни бажариш учун талаб қилинадиган маблағ миқдори аниқ ҳисоб-китоб қилинмаган ва молиялаштириш манбалари аниқланмаган. Оқибатда “Йўл харита”ларидаги тадбирларнинг жами 41 тасини ижро муддати ўтган бўлса-да, бажариш чоралари кўрилмаган”, – дея иқтибос келтирмоқда Gazeta.uz.

Аввалроқ йўлдаги таъмирлаш ишлари сабаб жаримага тортилган ҳайдовчилар масаласида Омбудсман ИИВга мурожаат йўллаган, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига кўра ушбу ҳолатда йўл ҳаракати қоидаларини бузишга мажбур бўлган ҳайдовчилар жарима тўламаслиги шартлигини билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, 1 декабрдан Қамчиқ довонидаги постларда «яшил» ва «қизил йўлак» ишга тушганди. Ҳеч қандай қоидабузарлик содир этмаган ҳайдовчилар «Яшил йўлак» орқали ўз машинасида чекловларсиз ҳаракат қилса, «Қизил йўлак»ка қидирувда бўлган ёки сўндирилмаган жаримаси бўлган ҳайдовчилар ҳолатни аниқлаштириш мақсадида киритилади.

Бундан ташқари, ой бошидан ҳайдовчиларга жарима балларини ҳисоблаш тизими тест режимида ишга туширилган, бунда қоидабузарликлар автоматик тарзда дастурий таъминотда қайд этиб борилиши, тизим янги бўлгани сабабли, тест режимида ишлаган вақтда тизимдаги ҳамда содир этилган қоидабузарликлардаги барча хато ва камчиликлар тизимни техник қўллаб-қувватлаш даврида босқичма-босқич аниқланиб, бартараф этилиб, такомиллаштирилиб борилиши айтилганди.

Мавзуга оид