Ўзбекистон | 14:42 / 17.12.2022
8602
2 дақиқада ўқилади

Олий суд совет даври қатағони қурбонлари бўлган 173 кишини оқлашга оид ишни апелляция тартибида кўриб чиқади

Ўзбекистон Республикаси Олий суди совет даврида қатағон қилинган ва реабилитация қилинмай қолган навбатдаги шахсларга оид жиноят ишларини апелляция тартибида кўриб чиқади.

Фото: Kun.uz

Олий суд матбуот хизматининг хабари кўра, Республика ишчи гуруҳи томонидан илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан таклифлар киритилган.

Ушбу таклифлар Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисларида 2022 йил 19 декабрь куни соат 15:00 да Ўзбекистон Республикаси Олий судида (Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Абдулла Қодирий кўчаси, 1-уй манзилида) мустабид совет тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қадар оқланмаган 173 нафар шахсга оид жиноят ишлари апелляция тартибида кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилган эди.

Очиқ суд мажлисларига барча оммавий ахборот воситалари вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар таклиф этилмоқда.

Йил бошида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова томонидан киритилган протестларга асосан Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида 6та жиноят иши кўриб чиқилгани, якунда жами 120 нафар шахс ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан оқланган эълон қилинган эди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид