Қарор ортига беркинаётган вазирликлар: 120 йиллик бино бузилишига қайси ҳужжат асос бўлган?
Масъуллар Тошкент стоматология институтига қарашли собиқ болалар жағ хирургияси бўлими бузиб ташлангани масаласида журналистлар билан учрашди. Бинони бузишга қурилиш вазирлигидан хулоса олинмагани, нега бунга ваколати бўлмаган вазир буйруқ чиқаргани масаласи очиқ қолди.
Яқинда Тошкент шаҳрида жойлашган 120 йиллик объект – Тошкент стоматология институтига қарашли болалар жағ хирургияси бўлими биноси соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан бузиб юборилгани ҳақидаги мақола Kun.uz’да эълон қилинган эди. Унда бу объект 1901 йилда қурилгани, бинода 1954 йилда рус ёзувчиси Александр Солженицин даволаниб, бу ҳақида 1963–1966-йилларда “Раковый корпус” романини ёзгани ва шу сабаб ҳам бино тарихий аҳамиятга эга экани масаласи кўтарилган.
Бинонинг тарихий аҳамиятидан ташқари, уни бузиш учун Қурилиш вазирлигининг Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бино яроқсизлиги бўйича хулоса бермагани, бинони бузиш бунга ваколати бўлмаган соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан амалга оширилгани ёзилганди. Воқеадан кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолатга изоҳ бериб, қонунбузилиши йўқлигини даъво қилиб, муносабат билдирди.
“Бино ҳалокатли ҳолатда бўлган”
Эълон қилинган мақолада бино Маданий мерос объектлари рўйхатига кирмагани айтилганди. Бунга 14 декабр куни бино бузилишига алоқаси бор ташкилот вакилларининг журналистлар билан ўтказилган учрашувида изоҳ берилди. Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси маданий объектларни бошқариш бўлими бошлиғи Набихўжа Ғаниевнинг айтишича, бино ростдан ҳам 1901 йилда қурилган. Мақолада келтирилган Солженицин шу ерда тургани ҳам ҳақиқат.
“Бинонинг ярмидан кўпи бузилиб кетган, пойдевори эски эди, лекин битта пойдеворига қараб буни Маданий мерос объекти деб олишга ҳаққимиз йўқ. Бино “аваринний” ҳолатда эди”, – деди вакил.
Масъул маданий мерос объектларига бинони киритиш қандай асослар билан бўлишини ҳам айтиб ўтди.
“Бинонинг эскилиги, қайси вақтда бунёд қилингани ва уларнинг сақланган ҳолатига қараб объект Маданий мерос объектлари рўйхатига киритилади. Билишимча, бинонинг ярмидан кўпи қайтадан қурилган ва қурилиш материаллари эски Николай ғиштларидан эмас, оддий ғиштлардан қилинган эди. Шу сабаб Маданий мерос объектлари рўйхатига кирмай қолган. ТошМИ асосий корпус кадетлар корпуси Маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган. Лекин ҳамма бинони ҳам Маданий мерос объекти деб ололмаймиз”, – деди у.
Қурилиш вазирлигининг мужмал жавоби
Масъулларнинг бино сақлаб қолинмагани ҳақидаги изоҳларини тушундик ҳам дейлик, лекин бино яроқсизлиги бўйича нега инспекция хулосаси олинмагани ноаниқ қоляпти.
Тегишли фармонда давлат мулки ҳисобланган бинони бузиш учун Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси хулосаси кераклиги, лекин бузилган бино учун инспекциянинг бундай хулосаси йўқлиги маълум қилинганди. Бунга жавобан ССВ берган изоҳга кўра, объектларнинг яроқли ёки яроқсизлигини текшириб, хулоса бериш Қурилиш вазирлиги томонидан берилган махсус лицензияга эга давлат ёки нодавлат ташкилотлари томонидан амалга оширилиши мумкин ва шу асосда “Центр Экспертиза Контрольного Обмера 110” МЧЖ собиқ болалар жағ клиникасига яроқсиз деган хулоса берган. Бироқ вазирлик айнан қайси асосга кўра, хусусий ташкилот тарихий бинога баҳо бериши мумкинлигини изоҳламаяпти.
Қурилиш вазирлиги жавобига кўра, бинога шундай хулоса беришга хусусий ташкилотда асос бор.
“Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомнинг 21-иловасидаги паспортга мувофиқ Қурилиш вазирлиги 23 хил лицензияланадиган фаолиятнинг кичик турларига лицензиялар беради. Ушбу лицензияланадиган фаолиятнинг кичик турларида “бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолатини текшириш” кичик фаолият тури ҳам мавжуд”, – дея изоҳ берди вазирлик.
Бироқ “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси президентининг “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 17 январдаги ПФ-4933-сон фармонида бино яроқсизлиги бўйича фақат Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси баҳо бериши кўрсатилган. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонундан келиб чиқилса, қонун ва президент фармони Қурилиш вазирлиги айтаётган Вазирлар Маҳкамаси қароридан юқорироқ туради.
Лицензиясиз ташкилот хулосаси
Қонун, фармон ва қарор қайси бири бинони бузишга асос бўлиши масаласини четган суриб, ССВ изоҳига юзланамиз. Вазирлик бинони бузишга 2021 йил 19 декабрда Қурилиш вазирлигидан лицензия олган “Центр Экспертиза Контролного Обмера 110” МЧЖнинг техник ҳисоботи олиниб, бузиш ишлари бошланганини маълум қилганди. Шундан кейин иқтисодчи Отабек Бакиров бу МЧЖнинг лицензияси Адлия вазирлиги реестида борми деган саволни ўртага қўйган. Иқтисодчининг ёзишича, 19 декабрда лицензия олган ташкилот 13 декабрда рўйхатдан ўтган. Амалдаги қоидаларга кўра, тегишли лицензия 7 иш куни давомида ҳужжатлар кўриб чиқиб, кейин берилади. Бу дегани МЧЖ ташкил этилган куниёқ лицензия учун барча ҳужжатларни топширган тақдирда ҳам фақат 2021 йил 21 декабр кунига келиб лицензияга эга чиқиши мумкин эди. Шу соҳадаги мутахассисларга кўра, лицензия олиш осон эмас, бунга ҳужжатларни қайта ва қайта топшириш ва камида бир ой вақт кетади.
“Шундаям яхши гумон қилишда давом этдим, балки тепада таниши бордир, балки йўлини топгандир, шунақаси ҳам бўлади-ку. Ва кейинги босқичга ўтдим. Ўзи “Центр Экспертиза Контролного Обмера 110” МЧЖнинг лицензияси бормикан? Бўлганми ўзи? “Центр Экспертиза Контролного Обмера 110” МЧЖнинг лицензияси бўлса, мана бу манзил реестрида унинг СТИРини (309111574) киритамиз ва лицензия чиқиб келиши керак. Минг афсуски, “Центр Экспертиза Контролного Обмера 110” лицензияси реестрда йўқ. Бўлмаган ҳам", – деб ёзган Бакиров.
Қурилиш вазирлиги 14 декабр куни журналистлар билан учрашувида ҳам вазирлик вакиллари лицензиялаш масаласига жавоб беришмаганди. “Центр Экспертиза Контролного Обмера 110” бинога хулоса бериши мумкинми деган савол очиқ қолганди.
Қўшимча автотураргоҳ нега керак бўлиб қолди?
Собиқ болалар жағ хирургияси бўлими биносини бузишдан мақсад Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази учун автотураргоҳ қуриш бўлган. Шу ўринда савол туғилади, эндокринология маркази учун қандай ҳажмдаги автотураргоҳга эҳтиёж бор эди ва автотураргоҳ қуриш масаласи бино лойиҳаланаётганда ҳисобга олинмаганми?
Автотураргоҳга эҳтиёж бўйича Республика эндокринология маркази Иқтисодий масалалар бўйича директор ўринбосари Носир Зокиров жавоб берди.
“Бизда 1000га яқин ходим ишлайди. Уларнинг 50 фоизида машина бор. Бу дегани энг камида 300та машина учун тураргоҳ керак. Ундан ташқари, бизга вилоятлардан келиб ётадиган касалларимиз учун, уларнинг 60-70 фоизи машинада келади. Улар ҳам машинани ичкарига қўйишга ҳаракат қилади. Чунки йўл бўйига қўйганда ҳар хил шароит бўлади”, – деди у журналистлар билан учрашувда.
Масъул вакилга бузилган бино жойи “парковка” учун етарлими деган савол билан мурожаат қилинди. Носиров бу жой ҳам аслида автотураргоҳ учун кичиклик қилишини айтди.
“Аслида бу ерга Чорсу бозоридагидек 2-3 қаватли парковка қилиш керак эди. Лойиҳа бўйича эса бир қаватли қилиб режалаштирилган”, – деди Носиров.
Эндокринология марказини лойиҳалашда қатнашган “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” ДУК бош муҳандиси Салоҳиддин Йўлдошевнинг айтишича, бу ҳудуд 2га: қурилаётган Эндокринология маркази ва эски ТошМИ ҳудудига ажралади.
Масъулнинг айтишича, Эндокринология маркази атрофида бинолар борлиги учун, парковкани бошқа жойга суришнинг иложи йўқ.
«Лойиҳа 2018 йилдан бери давом этяпти. Эндокринология биноси учун мўлжалланган лойиҳа эса 2019 йилда ишланган. Бино чегарасини буюртмачи ҳал қилиб беради. “Парковка” ҳам 2019 йилда келишилган”, – деди у.
Лойиҳачига нега илк лойиҳадаёқ автотураргоҳ учун кўпроқ жой ажратилмаган деган савол билан мурожаат қилинди.
Масъулнинг жавоб беришича, лойиҳада “парковка” учун минимал миқдор киритилган. У кейинчалик буюртмачи талабига кўра ўзгариши мумкин.
Очиқ қолган аукцион ва вазир буйруғи масаласи
Учрашувда журналистлар масъуллардан бинони бузишдан олдин аукцион нега ўтказилмагани, бузиш нега вазир буйруғи билан амалга оширилганини сўрашди. Бироқ саволлар очиқ қолди. Бу саволларга ССВ берган жавобидан кўринадики, Яшнобод тумани Махтумқули кўчаси 103-уйда жойлашган корпусларни хатловдан ўтказиш, шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиганларини кўчириш, бузиш ҳамда ўрнида қўшимча қурилиш ишларини олиб бориш Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 декабрдаги йиғилиш баёни билан амалга оширилган. Баён матнини эълон қилмаган вазирликдан бу ҳужжат билан танишиб чиқишни сўрадик. Аммо вазирлик бу ҳужжатни ОАВга беришни лозим топмади.
Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Оператор ва монтаж усталари – Нуриддин Нурсаидов, Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
10:51
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024