Ўзбекистон | 22:21 / 17.12.2022
5063
5 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабз Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 2024 йилги туризм пойтахти бўлади

Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари туризм вазирларининг IV йиғилишига раислик қилди. Тадбир доирасида Шаҳрисабз шаҳри 2024 йил ИҲТ туризм пойтахти дея эълон қилинди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг IV йиғилиши онлайн форматда бўлиб ўтди. Тадбир ИҲТда “2022 йил – ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш йили концепциясига мувофиқ Ўзбекистон раислигида ўтказилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм идоралари раҳбарлари ва ИҲТ Маданият институти президенти иштирок этди. Тадбирга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов раислик қилди.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистон, Туркманистон, Туркия, Эрон, Тожикистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбойжон мамлакатлари киради.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги 

IV йиғилиш кун тартибидан ИҲТ минтақасида COVID-19 пандемиясидан кейин туризм соҳасини жадал тиклаш, хавфсиз ва барқарор ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”, “ИҲТ туризм пойтахти номзодлари, “ECO Vision 2025” мандатлари бўйича амалга оширилган ишлар тақдимоти ҳамда ИҲТга аъзо давлатларнинг Самарқанд декларацияси ўрин олди.

Азиз Абдуҳакимов йиғилиш иштирокчиларини Ўзбекистонда туризм соҳасида қилинаётган ислоҳотлар, жорий йил натижалари ва давлат раҳбари томонидан келгуси йилга қўйилган аниқ режалар билан таништирди. Шунингдек, 450 миллионга яқин аҳолига эга ИҲТ ҳудуди йирик туризм бозори экани, кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали туристлар оқимини сезиларли даражада оширишга доир таклифлар илгари сурилди.

Шу билан бирга, ташкилотга аъзо давлатлар туризм соҳаси раҳбарлари 2023 йил Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси ва унинг доирасида ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этишга таклиф қилинди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги 

Ўз навбатида, ИҲТ Бош котиби ва аъзо давлатларнинг делегация раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси раислиги доирасида илгари сурилган ташаббуслар барча давлатлар туризм соҳаси манфаати йўлида хизмат қилиши, кўп томонлама алоқаларнинг янада жадаллашишига ҳисса қўшиши таъкидланди.

Йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган қатор ташаббус ва ҳужжатлар тасдиқланди. Булар:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 28 ноябр куни Ашхобод шаҳрида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг XV саммити доирасида илгари сурилган ташаббусга кўра, “ИҲТ минтақасида COVID-19дан кейин туризмни жадал тиклаш, хавфсиз ва барқарор ривожлантириш “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги 

2. ИҲТга аъзо давлатлар бой тарихий ва маданий меросини эътироф этиш, туризм соҳасининг иқтисодий ва барқарор ривожланиш, халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлашда асосий омил сифатида таъкидлаш, аъзо давлатлар томонидан қилинган ишлар ва пировард мақсадларни белгиловчи “Самарқанд декларацияси” қабул қилинди.

3. Ташкилот аъзолари томонидан 2000 йиллик тарихга эга, UNESCO Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Шаҳрисабз шаҳри 2024 йилда ИҲТ туризм пойтахти сифатида маъқулланди.

Барча юртдошларимизни Шаҳрисабз шаҳри 2024 йилда ИҲТ туризм пойтахти дея эълон қилингани билан табриклаймиз! Бу қарорнинг қабул қилинишида Ўзбекистонда президентимиз бошчиликларида туризм ва маданий мерос соҳаси ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Шаҳрисабз шаҳрининг бой тарихи ва маданий мероси, Ипак йўлида туризмнинг ривожланишидаги ўрни ва соҳани барқарор ривожлантириш салоҳияти инобатга олинди. Зеро Шаҳрисабз 2000 йиллик тарихга эга бўлиб, UNESCO'нинг Бутунжаҳон мероси репрезентатив рўйхатига киритилган”, – деди Азиз Абдуҳакимов.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги 

Шаҳрисабзнинг бу мақомни олишини кенг миқёсда нишонлаш кўзда тутилган. Қолаверса, шаҳарда ва бутун Қашқадарё вилоятида туризм инфратузилмасини яхшилаш, экотуризм, этнотуризм ва бошқа йўналишларда салоҳиятни юксалтириш, ҳудуднинг номоддий меросини кенг очиб берувчи маданий тадбирлар, туризм тадбиркорлиги, шу жумладан, ёшларнинг фаоллигини ошириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши кўзда тутилган.

Тадбир якунида ИҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси раислигида илгари сурилган таклифлар ва қабул қилинган ҳужжатлар туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқишига ишонч билдирилди.

Туризм қўмитаси матбуот хизмати

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш