Жаҳон | 15:57 / 18.12.2022
26223
4 дақиқада ўқилади

Эронда намойишларни қўллаб-қувватлаган таниқли актриса ҳибсга олинди

Эрон ҳукумати мамлакатнинг энг таниқли актрисаларидан бирини қўлга олди, бу у намойишчиларни қўллаб-қувватлашини билдирганидан кейин рўй берди. Унга мамлакатни қамраб олган намойишлар тўғрисида «ёлғон тарқатиш» бўйича айблов қўйилган.

Актриса Тарона Алидўстий Эрон ҳукуматининг намойишларни бостиришга уринишларини очиқчасига танқид қилган, ноябр ойида эса Инстаграм саҳифасида намойишчилар билан бирдамлигини кўрсатиш белгиси сифатида ҳижобсиз фотосуратини намойиш этганди. Ўтган ҳафтада у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳукуматга қарши намойиш иштирокчилари қатли қораланган пост жойлаштирди.

Аввалроқ 38 ёшли ушбу актриса халқаро ташкилотларни Муҳсин Шекарийнинг қатлининг олдини олмагани учун танқид қилганди. 8 декабр куни уни Басижда ҳарбийлашган ва ҳукумат тарафдори бўлган гуруҳ аъзоларидан бирига пичоқ билан ҳужум қилишда, шунингдек Теҳрондаги кўчалардан бирида ҳаракатга тўсқинлик қилишда айблаб дорга осишганди.

«Уни Муҳсин Шикорий дейишарди. Халқаро ташкилотларнинг ҳар бири бу қонхўрликни кузатиб турди ва ҳеч қандай чора қўлламади. Бу инсоният учун шармандагарчилик», дея ёзган у.

IRNA давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, актриса «ўз даъволарини тасдиқловчи бирор ҳужжат кўрсата олмагани» туфайли полиция томонидан ҳибс қилинган.

Актрисанинг 8 миллиондан ортиқ обуначиси бор бўлган аккаунти яқинда ўчирилганди.

38 ёшли Тарона Алидўстий - Эроннинг энг муваффақиятли актрисаларидан бири ҳисобланади. У 2016 йилда хорижий тилдаги энг яхши филм сифатида «Оскар» мукофотини қўлга киритган «Коммивояжер» картинасида бош роллардан бирини ижро этганди.

Намойишлар давом этмоқда

Бу йил авж олган норозилик намойишлари Эронда 1979 йилдаги инқилоб орқали ҳокимиятга келган режим тўқнашган жиддий чақириққа айланди.

Мамлакатда норозилик намойишлари тўлқини 16 сентябр куни келиб чиқишига кўра курд бўлган 22 ёшли Маҳса Аминий полиция участкасида вафот этиши ортидан бошланди. У ҳижобни нотўғри ўрагани важи билан ахлоқ полицияси ходимлари томонидан қўлга олинганди.

Шундан кейин аёллар, университетлар талабалари ва ҳатто мактаб ўқувчилари бўлган қизлар кўчаларга чиқиб, ҳукумат вакилларининг ўзбошимчаликларига қарши норозилик билдиришди. Бу намойишлар, қоидага кўра, тинч руҳда эди, аёллар ва қизлар ҳижоб ва рўмолларини ечиб, кўчаларда уларни ёқа бошлашди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан тўқнаша бошлади.

Эрон ҳукумати бу тўлқинни тўхтата олмади ва намойишларни исён деб атаб, бунинг барида ўзининг асосий рақиби - Қўшма Штатларни, шунингдек унинг иттифоқчиларини, биринчи навбатда Исроил ва Буюк Британияни айбдор қилди. Шу билан бирга, Эрон ҳукумати намойишларда иштирок этган минглаб кишиларни, шу жумладан олимлар, журналистлар ва ҳуқуқшуносларни қўлга олди, намойишчиларни тарқатиш учун куч қўллади.

«Ҳуқуқ ҳимоячилари информация агентлиги» (Human Rights Activists' News Agency) маълумотига кўра, айни вақтга келиб хавфсизлик кучлари камида 488 нафар намойишчини ўлдирган, яна 18 259 киши қўлга олинган. Агентлик хавфсизлик хизмати ходимларидан ҳам 62 киши ҳалок бўлганини хабар қилган.

Ҳукумат аллақачон икки кишини «худога қарши душманлик»да айблаб қатл этди. Эрон қонунлари бу жиноятни қурол қўллаган ҳолда одам ҳаёти ёки мол-мулкига таҳдид солиш орқали жамоат хавфсизлигига путур етказиш сифатида тавсифлайди.

Ҳуқуқ фаоллари намойишчилар учун ўлим ҳукми чиқарилаётган суд жараёнлари тегишли ҳуқуқий процедураларга риоя этилмасдан ўтказилаётганини даъво қилишмоқда.

Декабр ойида Amnesty International яна 18 нафар намойишчига қатл жазоси таҳдид қолаётгани ҳақида хабар берганди. Уларнинг 12 нафарига ўлим ҳукми ўқилган, қолганлари суд қилинмоқда ва уларга ўлим жазоси белгиланган жиноятлар бўйича айбловлар қўйилган.

Эрон ҳар йили ижро этиладиган қатллар бўйича Хитойдан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди - хабарларга кўра, бу йилда 2017 йилдан буён илк бор амалга оширилган ўлим ҳукмлари ҳолатлари 400 дан ошади.

Мавзуга оид