Жаҳон | 00:14 / 18.12.2022
11520
2 дақиқада ўқилади

Перу президенти истеъфога чиқишдан бош тортди ва муддатидан олдин сайловлар ўтказишга чақирди

Мамлакатда сиёсий инқироз авжига чиқмоқда.

Фото: Reuters

Яқинда сайланган Перу президенти Дина Болуарте мамлакатдаги оммавий намойишлар туфайли истеъфога чиқишни зарурат деб ҳисобламаслигини маълум қилди ва конгрессдан муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини маъқуллашни талаб қилди.

Давлат раҳбарининг фикрича, унинг лавозимдан кетиши «муаммони ҳал қилмайди». У ўз навбатида қўлидан келган барча ишни қилганини, хусусан, Конгрессга сайлов ўтказиш тўғрисида қонун лойиҳасини юборганини таъкидлади.

«Мен улардан сайлов бўйича янги овоз бериш жараёнини ўтказиш имкониятини кўриб чиқишни талаб қиламан», деди сиёсатчи. Аввалроқ, қонун чиқарувчилар 2023 йил декабр ойида муддатидан олдин сайлов ўтказилиши ҳақидаги лойиҳани рад этишган эди.

7 декабр куни Педро Кастильога Конгрессни тарқатиб юборишга уринганидан сўнг импичмент эълон қилинди, полиция уни қўзғолон ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда гумонлаб ҳибсга олди. Шундан сўнг, Перу суди уни тергов давом этаётгани сабабли, 18 ойга қамоққа олишга қарор қилган эди.

Кейинчалик мамлакатда муддатидан олдин сайлов ўтказиш талаби билан ҳукуматга қарши намойишлар бошланди. Унда камида 18 одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилди. Кейинроқ, Перу мудофаа вазирлиги раҳбари Алберто Отарола Перу ҳукумати мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилганини айтди.

Мавзуга оид