Ўзбекистон | 15:05 / 19.12.2022
11467
3 дақиқада ўқилади

Ноқонуний ер ажратиш ва «снослар» – ҳокимларнинг қонунга зид қарорлари статистикаси

Адлия вазирлиги журналистлар учун учрашувда «E-qaror» орқали ҳокимларнинг қонунга зид қарорлари, энг кўп қонунбузилишига йўл қўйган ҳудудлар статистикани очиқлади. Kun.uz инфографикалар шаклида маълумотларни тақдим этади. 

Фото: KUN.UZ

Адлия вазирлиги «E-qaror» фаолияти юзасидан матбуот анжумани ўтказди. Унда тизим мониторинги натижасида олинган қонунбузилишларга доир маълумотлар берилди, дея хабар қиляпти Kun.uz мухбири. 

Ҳудудий адлия бўлимлари томонидан ўтказилган мониторингда Сурхондарё вилоятидаги ҳокимлар қарорларида энг кўп камчиликлар аниқланган – 1 686 та. Энг оз камчиликлар Қорақалпоғистон Республикасида. 

«E-qaror» тизимини мониторинг қилиш натижасида аниқланган камчиликлар мавжуд бўлган қарорлар сони ҳудудлар кесимида

Мониторинг натижаларига кўра ер соҳасига доир қонунчилик ҳужжатларида энг кўп қонунбузилишлар вилоят ҳокими ваколатида бўлган масалалар бўйича туман ҳокимлари қарор чиқаришига оид, яъни ер ажратиш, ер майдонларини захирага олиш, ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш каби масалаларда туман ҳокимлари 304 та ҳолатда ўзига тегишли бўлмаган ваколатдан фойдаланган.  

Шунингдек, қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишда бир қатор ҳолатларда ер қонунчилиги бузилган. 

Ер соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига зид бўлган қарорларнинг турлари

Ҳокимликлар ҳужжатлар  шаклига риоя қилмаган ҳолда 986 та фармойиш (қарор шаклида қабул қилиниши лозим эди) қабул қилган. Бу қонунчилик нормаларига зид қабул қилинган ҳужжат турлари ичида етакчи ҳолатдир. 

Бошқа ҳолатлар билан қуйидаги инфографикада танишинг: 

Қонунчилик ҳужжатларига зид бўлган қарорларнинг турлари

Бундан ташқари, 2022 йил 14 декабргача бўлган даврда асоссиз равишда очиқ ҳолатда эълон қилинмаган ҳокимлик ҳужжатлари сони 2 800 га яқин. Маҳаллий бюджет қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳокимлик ҳужжатларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишда эса 2 206 та ҳолатда қонунбузилишига йўл қўйилган. 

Маҳаллий давлат ҳокимлиги органлари томонидан 230 266 та ҳужжат очиқ, 40 мингдан зиёд ҳужжат ёпиқ шаклда қабул қилинган. 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган ҳужжатларнинг эълон қилиниши ҳолати

Аввалроқ, «E-qaror» тизимига Face ID тизими жорий этилиши маълум қилинганди. 2023 йилдан бошлаб ҳокимлар ҳужжатларни шахсан ўзлари имзолашга мажбур бўлади. 

Мавзуга оид