Спорт | 15:28 / 19.12.2022
33012
6 дақиқада ўқилади

Соя борки, нур бор... Мундиалнинг кўринмас қаҳрамони ҳақида

Фото: Getty Images

Албатта, Мессининг ғалабаси, Мбаппенинг ҳет-триги, Эмилиано ва бошқалар, ҳаммаси финал оқшомининг асосий мавзулари, тўғри, лекин яна шундай бир қаҳрамон борки, унинг меҳнатини эътироф этмаслик мумкин эмас.

Лионел Скалони. Аргентина терма жамоаси мураббийи. Месси 17 йилдан бери футболда, қанча мураббий билан ишлади, аммо айнан Скалони уни чемпионга айлантирди. Футболчиларнинг ажойиб ҳаракатларидан ташқари, Скалонининг бир қатор қарорлари, ишлари бор ва усиз ҳали узоқ давом этадиган кечаги байрам ҳам бўлмасди.

Аввало, икки йил олдинги Бразилиядаги ғалаба – Аргентинанинг бугунги авлодига ўзига бўлган ишончни пайдо қилди. Месси атрофида қандай жамоа қуриш мумкинлигини барчага айнан Скалони кўрсатди, ахир Месси билан ғолиб бўлган аввалги жамоаларда Хави – Иньеста, Неймар – Суарес каби бошқа юлдузлар ҳам бўлганини унутмаслик керак.

Иккинчидан, дастлабки ўйиндаги мағлубият. Мундиалда энг катта босим остида бўлган икки мураббийдан бири (иккинчиси Сантуш) бўлишига қарамасдан, мана шундай омадсиз стартдан кейин ҳам жамоани сақлаб қола билди. Бу осон эмас. Айниқса, юлдуз ва ёш футболчилар қоришмасидан иборат таркибда ажойиб муҳитни сақлаб қолиш, Аргентина тарихидаги энг қийин рақиблардан бири Мексика билан ўйинга тайёрлаш... Умуман, Саудиядан мағлубиятдан сўнг, Аргентинанинг ҳар кейинги ўйини финал мақомида бўлган, жамоанинг ютқазишга ҳаққи йўқ эди. 

Учинчидан, Скалони турнир давомида ўз хатоларини ҳам тузатиб борди, футболчиларнинг айнан мундиалдаги қатнашувларига қараб, керакли реакцияларни берди, тузатишларни ўз вақтида амалга оширди. Масалан, асосий бўлиши керак бўлган Лаутаро Мартинеснинг омадсиз ўйинидан кейин эътиборни Алваресга қаратиш, Энцо Фернандес каби мундиалнинг ўзида порлаган футболчини қисқа муддатда муҳим фигурага айлантириш, Ди Мариядан кам, аммо керакли паллаларда фойдаланиш... 

Масалан, Ди Мариянинг финалга қайтишини олайлик. Аслида мураббий ҳатто Хорватия, Австралияга қарши ўйинларда ҳам анча эҳтиёткор таркиб тушираётганди. Мбаппе, Дембеле каби тезкор ҳужумчиларга қарши янада риск қилмаслиги ва ҳатто уч ҳимоячи билан ҳам схема танланиши мумкинлиги тахмин қилинганди. Худди Нидерландия билан бўлганидек. Аммо Ди Мариянинг асосийга қўйиш орқали, рақибни эҳтиёткор бўлишга ундаш, ортга қайтишни унча хушламайдиган Мбаппе ва Дембеленинг қанотларидан хавф туғдириш орқали, рақиб ҳужумининг «қўлини боғлаш» режасини ҳатто Дешам ҳам кутмаганди. Скалони Мбаппе ва Дембеленинг устунликларига эмас, камчиликларига урғу берди, устунликларини камайтиришга уриниш ўрнига камчиликларидан фойдаланишни танлади. Айнан ўша нуқталарга зарба берди – дастлабки икки гол айнан шу икки қанотдан содир бўлганини эсланг. Қисқа турнир учун бу қарорлар анча катта ва рискка эга бўлса-да, якунда Скалони уддалади. 

Тўртинчидан, деярли ҳар бир муҳим ўйинда Скалони тактик ва тайёргарлик жиҳатидан ҳамкасбларини енгди. У тажрибали ва тулки Луи ван Гаал бўладими, чемпион Дешам бўладими, ҳар бир ўйиндаги дастлабки режа Аргентинада иш берди. Нидерландия билан ҳам, Франция билан ҳам дастлабки бўлимларни анча кучли ўйнади. Ва албатта, иккинчи пунктда тилга олинган ҳолат нафақат турнир, алоҳида ўйинларда ҳам ишлади – ҳам Нидерландия, ҳам Франция ўйинда камбэк қилганига қарамасдан, Аргентина сочилиб кетмади, руҳан яна ўйинга қайтди, яна ҳужумкорликка қайта билди. Жуда кўп сценарийларни, футбол учрашувларини кўрган бўлсангиз, рақибнинг камбэкини бошидан кечирган жамоанинг ўйинга қайтиши ўта қийин.

Бешинчидан. Биз турнир бошида Аргентина таркиби «Месси ва бошқалар» бўлганидан, кўпроқ ўша Марадонанинг жамоаси ёки ЖЧ-2014 каби, ҳимояга кўпроқ эътиборга қаратадиган ва Мессининг индивидуал ҳаракатларига таянадиган футбол кўрсатишини кутгандик. Аммо ушбу Аргентина нафақат ушбу турнирнинг, балки бошқа жаҳон чемпионлари билан солиштирганда ҳам, энг ҳужумкор, энг кўп вазиятлар яратган, энг кўп тўпни назорат қилган, дарвозага энг кўп зарба берган жамоасига айланди. Финалда 4 га яқин XG яратиш ҳали ҳеч қайси жамоага насиб қилмаганди.

Энг муҳими эса, Скалони жамоадаги ўзининг ўрнини тўғри тушунди, «соядаги қаҳрамон» вазифасини аъло даражада уддалади. Гўёки четда тургандек, ҳаммасини майдондагилар ўз-ўзидан ҳал қилаётгандек, унинг иши фақат халақит бермаслик бўлгандек кўрсатди ўзини. Аслида ундай эмаслигини юқоридаги жумлаларда тушунтиришга ҳаракат қилдик. 

Скалони Мессининг илк жаҳон чемпионатида, 2006 йили Аргентина таркибида эди

Қуйидаги видео эса, жуда таъсирли. Скалони аввалига нима бўлганини тушунмади, уни келиб табриклай бошлашгач, воқеанинг бутунича англаб етди...

... кейин эса, ўша ўзининг севимли жойи бўлмиш сояга, энг ортга ўтиб, йиғлаб юборди.

Мавзуга оид