Ўзбекистон | 08:06 / 20.12.2022
1540
2 дақиқада ўқилади

Божхона орқали икки йўлакли тизимни қўллаш тартибига ўзгартириш киритилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Халқаро аэропортлар орқали учиб кетаётган йўловчиларни замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда махсус ажратилган жойларда масофавий визуал кузатувни амалга ошириш орқали божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишни таъминлайдиган “Масофавий божхона назорати” тизими жорий этилгани сабабли, халқаро аэропортлар учиб кетиш йўналишида икки йўлакли тизим бекор қилинмоқда. Ушбу тизим “Самарқанд халқаро аэропорти”да жорий этилган.

“Масофавий божхона назорати” тизими орқали назорат қилинаётган жисмоний шахслар ва улар қўл юклари божхона назоратидан ўтказилмаслиги, фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан келиб тушган маълумотлар асосида текширилиши тартиби белгиланмоқда.

Бунда, авиация хавфсизлиги хизмати томонидан жисмоний шахслар ва улар қўл юклари текширилади ва божхона расмийлаштируви учун алоҳида жойлар ташкил этилади.

Масофавий божхона назорати тизими ташкил этилган халқаро аэропортлар йўловчилар ҳаракатланадиган залларига талаблар ва жисмоний шахслар масофавий божхона назоратидан ўтиш тартиби, икки йўлакли тизим жорий этилмаган чегара божхона постларида жисмоний шахслар божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтиш тартиби тасдиқланмоқда.

Ҳужжат лойиҳаси қабул қилиниши натижасида жисмоний шахслар ва улар қўл юкларини инсон омилисиз “масофавий божхона назорати” тизими орқали божхона назоратидан ўтказилиши ҳуқуқий асоси яратилишига, соддалаштирилган божхона тартиботлари жорий этилишига эришилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид