Жамият | 12:25 / 21.12.2022
13767
2 дақиқада ўқилади

«Пранк» видео учун шифокорларни алдаб соғлом қўлини гипс қилдирган ўсмир узр сўраб чиқди

Хоразмлик ўсмир «пранк» видео олиш учун соғлом қўлини синган деб кўрсатиб Янгиариқ туман тиббиёт бирлашмасига борган. Шифокорлар унинг синмаган қўлини гипс қилиб қўйишган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Хоразм вилоятида ўсмир йигит «пранк» видео қилиш учун Янгиариқ туман тиббиёт бирлашмасига боргани кўрсатилган. Видео бошида ўсмир қўли соғлом, яхши ишлаб турганини кўрсатиб, кейин тиббиёт бирлашмасига борган. Шифокорлар унинг синмаган қўлини текшириб кўриб, гипс қилиб қўйишган.

Видеога изоҳ ёзувчиларнинг аксари ўсмир хато иш қилганини айтиб, унга салбий муносабат билдиришган.

«...сен амаллаб мактабингни битир, ўйнашга бошқа одам қолмадими?» «...бу билан шифокорларнинг номи ёмонга чиқади», деб ёзиб қолдиришган.

Айрим фойдаланувчилар бу видео шифокорлар орасида эътиборсиз ва билимсизлари ҳам борлигини кўрсатиб берган деса, яна бири «айрим ҳолларда рентгенда кўринмаган кичик синишлар сабаб ҳам ҳар эҳтимолга қарши қўл гипсда тургани маъқул», дейишган.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғландик. Лекин боланинг қўли гипс қилинишидан олдин рентген қилинган ёки йўқлигига изоҳ берилмади.

Ҳокимлик матбуот хизмати изоҳга қўшиб, «пранк» олган ўсмирнинг қилган ишидан пушаймон экани ва бу ҳолат қайтиб такрорланмаслиги ҳақида чиқарган видеосини тақдим қилди. 

“Ўша пайтда ростдан ҳам қўлим оғриб турган эди. Видеода ёлғондан пиар қилиш учун айтдим”, – деган ўсмир видеода.

Мавзуга оид