Жаҳон | 12:33 / 22.12.2022
31028
5 дақиқада ўқилади

Дмитрий Рогозин Донецкда яраланди

Бу вақтда у ресторанда туғилган кунини нишонлаётган бўлган.

Фото: AFP

Россия ҳукуматининг собиқ вице-премьери, «Роскосмос»нинг собиқ раҳбари Дмитрий Рогозин ҳамда «ДХР» ҳукумати раиси Виталий Хоценко чоршанба куни кечқурун Донецк ўққа тутилиши вақтида жароҳат олишган.

Шаҳарда «Шиш-Беш» меҳмонхона ва ресторан мажмуаси ўққа тутилган. Донецк областининг аннексия қилинган қисмига Россия томонидан тайинланган раҳбар Денис Пушилин ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлганини тасдиқлади. Яна бир неча киши яраланган.

Рогозиннинг ўзи жароҳат олганини тасдиқлади: «3×4 мм ўлчамдаги металл парча ўнг кураги юқорироғидан кирган». «Белимдан яраландим. Лекин яшайман. Осколка умуртқа поғонасидан бир сантиметр нарироқдан кирган», - деган Рогозин RT телеканалига берган изоҳида.

Baza нашри манбаси хабар қилишича, Донецкда Рогозин туғилган кунини нишонлаётган (у 21 декабр куни 59 ёшга тўлди) ресторан ўққа тутилган. Рогозиннинг бошининг юмшоқ тўқималарига, думба қисмига ва чап сон қисмига осколка парчалари кирган.

Россия каналлари эълон қилган фото ва видеоларда деразалари синиб кетган ресторан залини кўриш мумкин. Снарядлар келиб тушиши оқибатида асосан бино ҳовлиси ва иккинчи қавати жиддий шикастланган. Бу кадрларни «Шиш-Беш» ресторанининг реклама суратлари билан таққослаш орқали воқеа айнан шу ресторанда рўй бергани англашилади.

«Шиш-Беш» ресторанидан кадрлар. Фото: ZVEZDANEWS

«Шиш-Беш» ресторан-меҳмонхона мажмуаси Донецкнинг жанубий чеккасида, фронт чизиғидан тахминан 20 км масофада жойлашган. Рогозин кўнгилли бўлинмалардан бирининг позициясидан қайтилгач, бу ерда «тор доирада ва хотиржам муҳитда ишчи учрашув» ўтказилаётган бўлганини айтган. 

Рогозин ва Хоценконинг атрофидагиларнинг маълумотига кўра, уларнинг ҳаётига жиддий хавф йўқ.

«Роскосмос»нинг собиқ раҳбари «Шиш-Беш» саккиз йил мобайнида бирор марта зарбага учрамаганига эътибор қаратган. «Кимдир маълумот сиздирди ва соат 19:45 атрофида бир неча юқори аниқликдаги зарбалар келиб тушди, жумладан биз бўлиб турган жойга ҳам. 120 ёки 155 мм калибрли снарядлар эди», - дея тахмин қилади у.

Рогозиннинг ёрдамчиси ҳам бу «қасддан йўналтирилган зарба» бўлганини айтади. «Донецк атрофидаги меҳмонхона ўққа тутилди, бу ерда сўнгги ойларда ҳарбий маслаҳатчилар гуруҳи, жумладан Дмитрий Рогозин яшаб келаётганди. Зарбалар юқори аниқликдаги ўқ-дорилар билан берилди. Мутахассислар хулосасига кўра, зарба бериш учун французларнинг Nexter фирмаси томонидан ишлаб чиқилган 155-миллиметр калибрли CAESAR ўзиюрар артиллерия қурилмасидан фойдаланилган», деган у.

Рогозин айни вақтда шифохонага ётқизилган, жарроҳлик амалиётидан ўтказилади.

Виталий Хоценконинг матбуот котиби журналистлар билан суҳбатда унинг хўжайини ҳаётига таҳдид йўқлигини айтган. Baza манбасига кўра, қурбонлардан бири Виталий Хоценконинг тансоқчиси бўлган.

Расмий хабарларга кўра, у Донбассда «Шоҳ бўрилари» («Царские волки») ҳарбий маслаҳатчилар гуруҳини бошқаради.

Рогозин ва «Шоҳ бўрилари»

Бир йил олдин Дмитрий Рогозин «тажрибали ҳарбий маслаҳатчилар ва катта ҳарбий тажрибага эга экспертлардан иборат «Шоҳ бўрилари» («Царские волки») инспектор гуруҳи» тузилгани ҳақида эълон қилганди.

Унинг сўзларига кўра, гуруҳ иштирокчилари Донбассдаги ҳарбийларни разведка ва штурм қилишга ўргатиши, шунингдек, масалан, дронлар ишлаб чиқилишида иштирок этиши кўзда тутилган.

Шу йил июл ойи ўрталарига қадар Рогозин «Роскосмос» раҳбари лавозимида эди. Ўшанда, тўрт йиллик фаолиятидан кейин «Роскосмос» раҳбари лавозимидан озод этилган, унинг ўрнини бунгача Россия бош вазири ўринбосари ваколатларини бажариб келган Юрий Борисов эгаллаганди.

ОАВ Рогозин тез орада Кремлга ишга ўтиши ва Донбасс масалаларини назорат қилиши ҳақида ёзганди, аммо бу рўй бермади.

Кремл расмийси Дмитрий Песков ТАСС агентлигига Рогозиннинг истеъфоси «унинг фаолиятига эътироз» туфайли эмаслиги, у «тез орада янги иш топиши»ни айтди. Аммо Рогозиннинг янги иши ҳақида фақат ноябр ойига келиб маълум қилди ва бу кўнгилли фаолият билан боғлиқ эди.

«Роскосмос»га ўтгунига қадар Рогозин вице-премьер сифатида ҳарбий-санот комплексига масъул бўлган, хусусан коррупцион можаролар ва иш ташлашлар билан кечган «Шарқий» («Восточный») космодроми қурилишига жавобгар бўлган. Рогозин космик саноатни бошқарган даврида Россия ракеталарининг учирилиши билан боғлиқ тўққизта ҳолатда муваффақиятсизликка учралган.

Мавзуга оид