Жамият | 12:44 / 23.12.2022
12207
5 дақиқада ўқилади

“Оққон – ҳаётимдаги энг даҳшатли нарса” — мусибатдан гирён оналар қўрқуви

Хаста фарзандини эргаштириб нажот излаётган ота-оналар ҳар бир эшикдан яхшилик кутишади. Уларнинг бу ҳолатлари қалбни ўртайди. Айниқса дард гирдобидаги болаларнинг умидли нигоҳларига дош бериш қийин.

Бир ўзимга 3 бемор…

Одинабону 2013 йилдан бери хасталик билан курашиб келади. Унга "Наслий гемолитик анемия Б-талассемия" ташхиси қўйилган. Шу туфайли қизча 5 ёшида оғир операцияни бошдан кечирди – талоғи олиб ташланди.

“Ижарама-ижара яшаб юрганимизда отам вафот этиб онам ёлғиз қолди. Шундан кейин онамникида яшаб келяпмиз. Турмуш ўртоғим 2-гуруҳ ногирони, онам эса 1-гуруҳ ногирони. Бир ўзим 3 беморга қарашга мажбурман. Бирини қўйиб бирини даволатаман”, — дейди беморнинг онаси Дилдора.

“Касалхонага боргим келмайди. Қон олишни ёмон кўраман, мазам қочади: иситмалайман, совқотаман. Онам йиғлайди... Ҳеч ким касал бўлмаслигини хоҳлайман”, — кўзёшларини тўхтатолмай йиғлайди қизалоқ.

Одинабону Абдулҳамидовага оид маълумотлар:

UzCard: 8600 0417 5774 5667 онаси Дилдора Абдусаматова номида

HUMO: 9860 0101 2775 4363 опаси Диёра Абдулҳамидова номида

Манзил: Сирдарё вилояти, Ховос тумани, Ховособод маҳалласи 2-уй.

Оққон – ҳаётимдаги энг даҳшатли нарса

“Болам бу касалга чалинганини эшитганимда қаттиқ қўрқиб кетдим. Оққон ҳаётимдаги энг даҳшатли нарса, деб ўйлайман. Кеча-ю кундуз кўзимдан ёш аримай қолди. Болам бошқа болаларга ўхшаб мактабга боргиси келади. Ўртоқларини кўрганда улар қаторида бўлгиси келиб йиғлайди. Уни кўриб эзилиб кетаман. Катта ўғлим Сурхондарёда бувиси билан қолган. Уям бизни соғинади”, — дея куйинади Бобурнинг онаси Наврўза Очилова.

Оила бошлиғи кунлик ёлланма ишларни бажариб рўзғор тебратади. Бу билан эса бемор фарзандининг парвариши ва дориларини етказиб бериш мушкул.

 

Бобур Муҳаммадиевга оид маълумотлар:

HUMO: 9860 0801 5114 9699 онаси Наврўза Очилова номида

VISA: 4602 9400 1663 5097 онаси Наврўза Очилова номида

Манзил: Самарқанд вилояти, Ургут тумани, Ғиштмачит қишлоғи 9-уй.

Бир боламни йўқотдим, яна йўқотишдан қўрқаман...

2 яшар Нурмуҳаммад мурғак ёшида чалинган касаллиги туфайли ўта асабий ва шу билан бирга ниҳоятда зийрак. У чақалоқлигида бу дарднинг гирдобига тушган.

“Боламизнинг қандай дардга чалинганини билмасдик. Турмуш ўртоғим Россияда ишларди, текширтириб, даволатиш учун бизни ёнига чақирди. Ўша ерда бу ҳақда эшитдик ва оғир аҳволга тушдик. Аммо қўлимиздан ҳеч нарса келмасди.

Ўшанда Россия ва Украина ўртасида уруш бошланиб қолди. Ўзбекистонга қайтишимиз ҳам жуда қийин бўлди. Шундан бери даволатиб келяпмиз. Бир фарзандимни йўқотдим, энди бунисигаям нимадир бўлишидан қўрқаман”, — дея йиғлайди Наврўза.

 

Нурмуҳаммад Абдусаматовга оид маълумотлар:

UzCard: 8600 0609 0096 4967 онаси Муниса Назарова номида

UzCard: 8600 0610 5550 9532 онаси Муниса Назарова номида

Манзил: Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани, Ариқусти маҳалласи 67-уй.

Ҳам ёлғиз фарзанд, ҳам ёлғиз онаман...

Лола 20 ёшда. Аммо шу ёшидаёқ 2,5 ёшли бемор қизалоғи билан ота уйига қайтган. Тун-у кун ишлашга ва яримжон онаси, оққонга чалинган боласини боқиш, бутун рўзғор юкини елкасига олишга мажбур.

“Ҳозир онамникидаман. Ҳам ёлғиз фарзанд, ҳам ёлғиз онаман. Куним ишда ўтади – 24 соатлаб ишлаган вақтларим бўлади. Бир уйда яшаб қизимни соғинаман, ишдан келсам уям мени соғиниб кўзлари киртайиб қолган бўлади. Боламга меҳр бергим келади, лекин ишламасам бўлмайди. Онамнинг ўзи ҳам касал бўлишига қарамай қизимга қараб ўтиради.

Ҳар сафар шифохонада даволанганимизда қўрқаман. Кейинги сафар нима бўлади, шифохонадан чиқамизми-йўқми деб қўрқиб яшайман”.

Лола тикувчилик фабрикасида ишчи бўлиб ишлайди. Олаётган маоши эса оила тебратишга, бемор қизининг даволанишига етмаслиги аён.

Улжон Бахтиёровага оид маълумотлар:

UzCard: 8600 0604 9834 3343 қариндоши Сапарали Чалабоев номида

Манзил: Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани, Пахтачи маҳалласи 8-уй.

Хаста болалари билан кўзида ёш айланаётган оналар ҳар қандай мададдан умидвор. Хоҳ моддий ёрдам, хоҳ дуолар билан уларнинг мушкули осон бўлишида кўмакчилар орамизда жуда кўп.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Тасвирчи — Ғиёс Сафаров

Мавзуга оид