Жамият | 18:41 / 23.12.2022
14652
4 дақиқада ўқилади

“Яшил ҳудуд жамоат боғи сифатида сақлаб қолиниши” учун ҳокимликнинг муносабати етарли бўлмайди

Тошкент шаҳар ҳокими 2019 йилда тадбиркорга офис бинолари қуриш учун боғдан 40 сотих ер майдони ажратиб берган. Айни пайтда ҳоким ўз қарорини бекор қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бу ер майдонига бўлган эгалик ҳуқуқи ҳамон тадбиркорга тегишли эканини англатади.

Kun.uz Мирзо Улуғбек туманининг Алпомиш маҳалласидаги 1,8 гектарли боғнинг 40 сотих майдони Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йилдаги қарори билан “ABIS-AG” МЧЖга офис бинолари қуриш учун берилгани ҳамда бундан одамлар норози бўлаётгани ҳақида мақола эълон қилганди. Ушбу мақолага кўп ўтмай Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий муносабат билдирди ва яшил ҳудуд жамоат боғи сифатида сақлаб қолинишини маълум қилди.

“Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасида қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил давомида фойдаланилмаса, унга эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилиниши белгиланган. Яъни видеолавҳада тилга олинган Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 12 февралдаги қарорининг “ерни тадбиркорга ажратиш” қисми бир йил муқаддам ўз кучини йўқотган”, — деб ёзди ҳокимлик ўз муносабатида.

Бироқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз муносабатида 2019 йилдаги қарор билан тадбиркорга берилган ер майдонига бўлган эгалик ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилингани ҳақидаги ҳужжатни тақдим этмади. Чунки эндиликда ҳоким ушбу қарорни ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас. Бунга президентнинг 2021 йил 8 июнда қабул қилинган “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони йўл қўймайди.

Президентнинг мазкур фармонига кўра, туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш 2021 йилнинг 1 августидан бекор қилинган. Яъни Тошкент шаҳар ҳокими 2019 йилдаги қарори билан тадбиркорга тақдим этган ер участкасига бўлган эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқини эндиликда ўзи бекор қила олмайди.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг ёзишича, Тошкент шаҳар прокуратураси Тошкент туманлараро маъмурий судига ариза киритиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йилдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Маълум бўлишича, тадбиркорлик субъектига қурилиш учун берилган 0,40 га ер майдонида 875 туп дарахт ва 250 туп бута мавжуд.  

Ер бериш бўйича қарор дарахт ва буталарни кесишга доир мораторий талабига зид равишда қабул қилинган.  

Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий муносабатида таъкидлагани каби, яшил ҳудуд жамоат боғи сифатида сақлаб қолиниши зарур. Аммо хозирча бунинг юридик асоси йўқ. Ҳокимлик сайтида эълон қилинган расмий муносабат эса ҳужжат ўрнига ўтмайди.  

Масаланинг айни шу томонига эътибор қаратган блогер Хушнуд Худойбердиев “яшил ҳудуд жамоат боғи сифатида сақлаб қолиниши” учун ҳокимликнинг муносабати етарли бўлмайди. Бунинг албатта суд ҳужжати кўринишидаги юридик асоси бўлиши шарт” деган.  

Шунингдек, “айни пайтда, маълум бўлишича, кадастр ҳужжатларига кўра, боғнинг ер майдони ҳали ҳам “ABIS-AG” МЧЖга тегишли. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2019 йилдаги қарорини бекор қилишга чақираман. Сўз билан эмас, қонуний йўл билан ишни якунлаш керак” деган блогер Никита Макаренко.

Мавзуга оид