Зеленский Киевга қайтишдан олдин Дуда билан учрашди
Украина ва Полша президентлари, Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россиянинг кенг кўламли тажовузи туфайли тарихий қийинчиликларни келтириб чиқарган йил якунларини сарҳисоб қилди.
Украина президенти Володимир Зеленский 22 декабрь, пайшанба куни АҚШдан Киевга йўл олар экан, Жешувга тўхтаб, у ерда Полша президенти Анжей Дуда билан учрашди. «Биз кенг кўламли уруш туфайли тарихий қийинчиликларни келтириб чиқарган йилни сарҳисоб қилдик. Келажакка оид стратегик режалар, 2023 йилда икки томонлама муносабатлар ва халқаро даражадаги ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилдик», — деди Зеленский ўзининг Telegram-каналида.
«Президентлар Украина давлатининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва айниқса, урушдан қочиш учун Украинани тарк этишга мажбур бўлган украиналик вақтинчалик муҳожирлар учун ўта муҳим бўлган гуманитар масалаларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда кенг кўламли мавзуларга тўхталдилар», дея Украина президенти идораси Жешувдаги учрашув якунлари бўйича баёнот берди. Зеленский Дудага Полша ва унинг фуқаролари томонидан украиналикларни кучли қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.
Володимир Зеленский 21 декабрь куни Вашингтонга ташриф буюриб, у ерда АҚШ президенти Жо Байден билан учрашди ва Конгрессда нутқ сўзлади. Шу куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украинага 1,85 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Ушбу пакет биринчи марта Украина ҳудуди ҳаво мудофаа тизимини мустаҳкамлаш учун мўлжалланган Patriot зенит-ракета комплексларини Киевга топширишни назарда тутади.
Мавзуга оид
12:15 / 12.11.2024
Трампнинг режалари Украина учун қўрқинчли тус олмоқда. Зеленскийнинг офисидагилар бу ҳақда қандай фикрда?
14:15 / 10.11.2024
Трамп Зеленский билан «илиқ ва ёқимли» суҳбат ўтказган. Унда Маск ҳам иштирок этган
19:10 / 30.09.2024
Полша президенти фуқароларни ҳақорат қилгани учун судга чақирилади
09:07 / 02.09.2024