Жаҳон | 15:56 / 24.12.2022
14709
4 дақиқада ўқилади

“Бу инсониятга нисбатан жиноят” — Афғонистонда аёлларга университетда ўқиш тақиқланди

Афғонистонда 20 декабрдан аёлларга олий таълим олиш тақиқлангач, кўчаларда намойишлар уюштирилди. Тиббиёт йўналиши талаба йигитлари аёлларга бирдамлик сифатида имтиҳонларни бойкот қилди.  

Афғонистондаги аёллар таълим олиш имкониятидан босқичма-босқич маҳрум қилинмоқда.   

“Толибон” ҳаракати 20 декабр куни афғон аёлларига университетларда ўқиш тақиқланганини маълум қилди. Таълим вазирлиги баёнотига кўра, аёлларнинг университетларга киришига чеклов зудлик билан ва муддатсиз кучга киради.   

Ўтган йили “Толибон” қизлар ўрта мактабларнинг катта синфларида ўқишини тақиқлаган эди.

Уч ой олдин Афғонистон олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди, ўқишга кирганлар орасида минглаб ёш аёллар ҳам бор эди. Бироқ улар ўрганиши мумкин бўлган фанлар ва касблар чегараланганди: ветеринария, муҳандислик, иқтисод ва қишлоқ хўжалиги аёллар учун тақиқланди, журналистикага эса қаттиқ чекловлар қўйилди.   

21 декабр куни пойтахт Кобулда баъзи аёллар норозилик намойишлари ўтказди.   

“Бугун биз қизлар университетларининг ёпилишига қарши бўлиб, Кобул кўчаларига чиқяпмиз”, деди Афғонистон аёллари бирдамлик гуруҳи аъзолари.   

Бироқ кичик намойишлар расмийлар томонидан тезда бостирилди.

“Толибон” бу билан ўзгармаганини яна бир бор исботлади. Улар аёлларнинг таълим ва ижтимоий ҳаётда иштирокини чеклашдек қаттиқ тақиқларни жорий қилди. Халқаро жамоатчилик бунга жиддий эътибор бериши керак”, дейди афғонистонлик талаба қизлардан бири.    

Нангарҳар университетининг тиббиёт йўналиши талаба йигитлари толибларнинг бу қароридан норозилигини ифодалаб, аёлларга бирдамлик сифатида имтиҳонларни бойкот қилди. Улар “Толибон”дан афғон аёлларини университетга қайтаришни талаб қилиб, имтиҳонлардан чиқиб кетишган.  

Афғон ёзувчиси ва инсон ҳуқуқлари фаоли Шафиқа Кҳпалвак қизларга таълимни тақиқлашни инсониятга нисбатан жиноят деб атади. У халқаро жамоатчилик ва ислом давлатларидан бу экстремизмга қарши курашишда афғон аёлларига ёрдам беришни сўраган.

Афғон аёллари “Толибон”нинг бу қарори вақтинча экани ҳақида янграётган сўзларга ишонишмаяпти. Чунки қизларга ўрта таълим тақиқланиб, мактаблар қизлар учун қайта очилиши ҳақидаги ваъдалар ҳали ҳам амалга ошмади. 

Толибларнинг Афғонистонда 1996-2001 йиллардаги ҳукмронлиги даврида ҳам қизлар фақатгина 8 ёшгача мактабга боришига рухсат берилганди. Аммо бу ҳуқуқ ҳам тўлиқ кафолатланмаганди.  

UNICEF ҳисоботларига кўра, афғон болаларининг атиги 4-5 фоизи бошланғич мактабда таълим олиш имкониятига эга бўлган. Натижада, 2000 йилга келиб афғон аёлларининг фақат 12,6 фоизи ўқиш ва ёзишни билган.   

Ўтган йили “Толибон” Афғонистонда ҳокимият тепасига келганидан сўнг университетларда эркаклар ва аёллар алоҳида ўқитила бошланди. Шу билан бирга, аёлларни фақат бошқа аёллар ёки кекса ёшдаги эркакларгина ўқитиши мумкин эди. 

Ноябр ойида Кобулдаги аёлларга шаҳар паркларига, бассейн ва спорт залларига кириш тақиқлаб қўйилди. Ушбу қоидалар бутун мамлакатга татбиқ этилиши кутилмоқда.

Мадина Очилова тайёрлади.
Монтаж устаси Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид