Ўзбекистон | 16:53 / 27.12.2022
33458
2 дақиқада ўқилади

Иқтисодиёт ва Молия вазирликларини қўшиш тўғри бўлдими? – Жамшид Қўчқоров жавоб берди

2023 йил 1 январда вазирликлар қисқартирилиши ортидан Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари қўшилади. Kun.uz амалдаги иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровдан бу ўзгаришга муносабатини сўради.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон президентининг «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди. Фармонга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари бирлаштирилади.

27 декабр куни бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров журналистлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Kun.uz мухбири вазирдан Молия ва Иқтисодиёт вазирликларининг бирлаштирилаётгани борасидаги фикрини сўради. Қўчқоров дунёда бунга ўхшаган ҳолатлар учраши, унинг шахсан ўзи бундай амалиётни Францияда кўрганини айтди.

«Франциядаги бу вазирликда жуда кўп бўлганман. Иқтисодиёт, саноат, молия вазирлиги... номининг ўзи ҳам беш қатор. Шунинг учун, бу борада муаммоси бўлмайди. Табиатан Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги бир-бирига яқин. Фараз қилайлик, инфраструктура, ижтимоий соҳа ва капитал қурилишни молиялаштириш дейдиган бўлсак, Иқтисодиёт вазирлиги бу дастурларни шакллантиради, Молия вазирлиги молиялаштиради. Шунинг учун, иккови маълум маънода бир-бирига яқин», деди у.

Вазир давлатнинг роли камайиб бориши, борган сари вазирликлар ҳам сонидан аввал аралашув функциялари камайиши кераклигини қўшимча қилди.

«Эътибор берсангиз, шу фармон ва тегишли қарорда кўплаб функцияларни хусусий секторга, аутсорсинг ва бошқаларга бериш вазифалари қўйилган. Биз ўйлаймизки, бу янги ташкил этилаётган вазирлик жуда ҳам тўғри фикр, у иқтисодиётни бошқаришда катта ўринга эга бўлган вазирлик бўлади», деди Қўчқоров.

Мавзуга оид