Киевликлар блэкаут шароитида қандай яшамоқда?
Россия ҳарбийлари томонидан Украинанинг муҳим энергетик инфратузилмалари мунтазам равишда ўққа тутилаётгани сабабли украиналиклар доимий электр энергияси ва иссиқлик таъминоти узилиши шароитида яшашга мажбур бўлмоқда. Оккупация асоратларидан ҳали тиклана олмаган Киев области учун бу иккинчи оғир қиш.
Иссиқлик батареялари иссиқлик берилган тақдирда ҳам квартирани иситмайди. Чунки улар эрта баҳорда, рус армияси Бородянкани эгаллаб олганида музлаб қолган ва ёрилиб кетган.
Шунинг учун Леся Руснак, унинг турмуш ўртоғи ҳамда болалари духовка ва иситгичларга суянади. Электр энергияси ўчирилганда, болалар хонасидаги ҳарорат +7 даражагача тушиб кетади.
«Бородянкада шанбадан сешанбагача бўлган муддатда кунига ярим ёки бир соат электр энергияси бўлади», дейди Леся.
Бородянка. «Бироз сабр қилиш керак»
«Уй эгаси менга «Пес Патрон» (Патрон ит — Украинадаги қаршилик ҳаракати рамзларидан бири, мамлакатда унинг тасвири туширилган турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда) конфетини узатганда унинг собиқ квартираси жойлашган, бомбалар остида қолган кўп қаватли уйнинг охирги деворлари бульдозерлар томонидан йиқитилаётганди. Бино Бородянкадаги Тарас Шевченко ёдгорлиги қаршисида жойлашганди», дейди Леся билан суҳбатлашган BBC нашри журналисти.
«Мен тунда ер қандай ларзага келганини эшитдим. Биз ертўладан чиққанимизда бино аллақачон йўқ бўлганди», дея эслайди 41 ёшли Леся.
Ҳозир унинг оиласи қариндошининг квартирасида яшайди. Бу ерда коммунал хизмат бепул алмаштириб берган дераза ойналари етарли эмас. Портлаш тўлқинларидан бирининг ёриғи беш қаватли бинонинг тепасидан пастига қадар ўтган. Аммо аҳоли бундан хавотирлангани йўқ.
Лесянинг айтишича, у бахтли. Унинг бутун оиласи тирик ва соғлом, ўзи эса ўқитувчи бўлиб ишлаяпти. Аёлнинг яна «бироз сабр қилиш» кераклигига ишончи комил. У ҳозир Янги йил байрамини кутмоқда.
Унинг қўшниси, 18 ёшли Анастасия Мельниченко эса бу бинода яшаётгани йўқ. Унинг ота-онаси иншоот шикастлангани учун қишлоқдаги ҳовлисида қолишга қарор қилган.
Анастасиянинг сўзларига кўра, қишлоқда Россия армиясининг оммавий зарбалари туфайли жорий қилинган ўчириш жадваллари энди умуман ишлагани йўқ. Шу сабаб, у онлайн ўқиш учун ҳар куни автобусда Бородянкадаги «бузилмас пункт»га келади. Бундай пунктлар бутун Украина бўйлаб ташкил қилинган бўлиб, уларда исиниш, дам олиш ва мобил қурилмаларни зарядлаш мумкин.
Электр йўқлиги Анастасияга оккупация даврини эслатади. Ўшанда у ота-онаси билан асосан картошка еб кун кўрган.
«Олдин шунчаки омон қолиш керак эди, энди эса яшаш учун ҳаракат қилиш керак», дейди хўрсиниб у.
BBC журналистлари Леся билан суҳбатни тугатганда бульдозерлар унинг собиқ уйи деворларини йиқитиб бўлган, Тарас Шевченко ҳайкали эса бульдозерларга тикилиб турганди.
Оқ черков. Иссиқлик ва сувнинг узилиши
Гостомелда тўрт кундан бери электр энергияси йўқ. Аммо манзара у қадар ёмон эмас: аёл боласини улкан самолёт макети ёнида суратга туширмоқда, ўйга толган қизалоқ арғимчоқ учмоқда, бозорда эса қайноқ савдо кетмоқда.
Бозордан унча узоқ бўлмаган жойда исиниш пункти бор. У ер иссиқ бўлиб, печкада ўтин шитирлайди, атрофда сариқ ва кўк шарчалар осилиб туради.
Аммо опа-сингиллар Олга ва Светланада исиниш учун вақт йўқ, чунки уларнинг олма ва ноклари савдоси авжида.
«Энг ёмони электр энергияси йўқлиги, чунки иссиқлик ва сув тўхтаб қолганда бу менга катта фожиа бўлиб туюлмаганди. Одамлар оккупация пайтида ҳеч нарсасиз ҳам яшай олганди. Иссиқлик ва сувни қайта тиклашгандан жудаям хурсандман», дейди 19 ёшли Олга.
Опа-сингиллар меваларни Винница областидан олиб келади, у ерда Светлана ва унинг эрининг ўз фермаси бор. Светлананинг айтишича, Олга ва онаси март ойи ўрталарида «яшил йўлак» орқали унинг ёнига қочиб келишга қарор қилган, бироқ отишма ичида қолиб кетишган.
Қизларнинг онаси ўша ерда вафот этган, уни фожиа содир бўлган жой яқинида яшовчи одамлар дафн қилган. Ҳудуд озод қилингандан кейингина опа-сингиллар онасини қайта дафн қилиш муваффақ бўлган.
Олганинг айтишича, у янгиликларни кузатиб боради ва ҳаммасидан ҳам кўпроқ Россиянинг қайта ҳужум бошлашидан қўрқади.
Ирпин. «Бузилмас пункт» худди метро вагони каби гавжум»
Узоқ зулматдан сўнг Киевнинг чекка туманларига ҳам ёруғлик қайтгач, иситиш пунктлари тезда бўшаб қолади. Аммо Ирпиндаги қутқарув чодирида 38 ёшли Петро Гамчук телефонни қувватлантириш учун қолган. Петронинг айтишича, унинг районида тўрт кундирки, электр энергияси йўқ.
«Ҳаммасидан оғир кун, бир кун олдин бўлди. Бу ер худди метро вагони каби гавжум эди», дейди иситиш пунктидаги Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати навбатчилари.
Петро ҳам ўша кун шу ерда бўлган. Унинг сўзларига кўра, бўш жой етишмагани учун ухлашнинг иложи бўлмаган ва гаджетини зарядлаш ҳаммага ҳам насиб қилмаган.
Маҳаллий онлайн ҳамжамиятларда ҳам бу борадаги (электр етишмовчилиги) шикоятлар мавжуд.
Аммо Петро шикоят қилмаган ва барча нарса ҳақида табассум билан гапирган. «А нима, йиғлашим керакми?» деган у журналистларга.
Электр ўчганда, у нафақат ёруғлик ва иссиқликни, балки даромадини ҳам йўқотади, чунки у сантехник. Шу боис, у гоҳида кунлаб ишсиз ўтиради, гоҳида эса кечки ўнгача ишлайди.
Петро Россиянинг Украина инфратузилмасини ўққа тутаётганига шундай изоҳ берган — «Улар исқирт ҳаромхўрлар».
Журналистлар Петро билан хайрлашиб қайтаётганларида, шаҳар кенгаши атрофидаги маҳаллалардаги хонадонлар, кафе, ресторанлар, камида битта спорт зали ва банк деразалари ёришган.
Мавзуга оид
19:02
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
17:00 / 09.11.2024