Жаҳон | 09:23 / 27.12.2022
9833
2 дақиқада ўқилади

Рогозиндан Донецкда яраланганидан кейин снаряд парчаси олиб ташланди

Москвалик шифокорлар Рогозиннинг бўйин умуртқа поғонасидан снаряд парчасини олиб ташлаш бўйича муваффақиятли операция ўтказишди.

Фото: Picture Alliance

«Роскосмос»нинг собиқ раҳбари Дмитрий Рогозин Москвада муваффақиятли операция қилинди, Донецкда ўққа тутилганидан кейин ундан снаряд парчаси олиб ташланди. Бу ҳақда 26 декабрь, душанба куни Рогозиннинг ёрдамчисига таяниб, «Интерфакс» агентлиги хабар берди.

«Дмитрий Олеговичга бўйин умуртқа поғонасидан Украина ўқ-дорисининг бўлагини олиб ташлаш бўйича мураккаб операция ўтказилди», деди у ва «операция муваффақиятли ўтганини», Рогозин эса «яхши бўлиб қолганини» айтди.

Ноябрь ойидан буён Донбассдаги айирмачилар бўлинмаларига ҳарбий-техник ёрдам кўрсатиш учун «Царские волки» ҳарбий маслаҳат гуруҳини бошқарган Рогозин 22 декабрь куни Донецкда ўзининг туғилган кунини нишонлаётган меҳмонхона ва ресторан ўққа тутилиши оқибатида яраланган эди. Рогозин ўзининг Telegram-каналида отишма ҳолати ҳақида гапирди. Унда мия чайқалиши қайд этилди ва снаряд парчасидан жароҳат олди.

Ўққа тутилган куннинг эртасига «ДХР» шифокорлари умуртқа поғонасидан парчани олиб ташлай олмаганликлари ҳақида хабар беришди. «Рогозин яраланганидан кейин унинг аҳволини қониқарли деб баҳоламоқда. Шифокорлар хулосасига кўра, умуртқа поғонасига тушган мина парчасини олиб ташлашнинг иложи йўқ», - деди унинг ёрдамчиси 22 декабрь куни. Кейинроқ Рогозинни Москвага олиб кетишди ва у ерда операция қилишди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид