Ўзбекистон | 17:59 / 30.12.2022
42320
1 дақиқада ўқилади

Ишметов ва Тошқулов Президент администрациясига ишга ўтказилди

Молия вазири Темур Ишметов президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов эса президент маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

Президентнинг тегишли фармони билан Тимур Ишметов президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Молия вазири лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Абдуқодир Тошқулов президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди ва Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимидан озод қилинди.

Абдуқодир Тошқулов Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимида 2021 йил январ ойидан буён, Темур Ишметов эса Молия вазири лавозимида 2020 йил феврал ойидан буён ишлаб келаётганди.

Олдинроқ Ташқи ишлар вазири Владимир Норов лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига шу пайтга қадар Халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келаётган Бахтиёр Саидов тайинланганди. 

Мавзуга оид