Ўзбекистон | 11:19 / 30.12.2022
16594
6 дақиқада ўқилади

Тез ёрдамчилар калтакланди, шифохоналар бузилди, сироп ичган болалар ўлди – 2022 йил тиббиёт соҳасида нималар бўлди?

Якунланаётган 2022 йил тиббиёт соҳаси вакиллари учун синовларга бой бўлди. Йил бошида кўтарилган коронавирус тўлқини, тез тиббий ёрдам ходимларининг калтакланиши, шифохоналарнинг бузилиши ва «Док-1 Макс» дори воситасидан болаларнинг ҳалок бўлаётгани шулар жумласидан.

Kun.uz тиббиёт соҳасида содир бўлган муҳим воқеаларни эслайди.

Коронавируснинг янги тўлқини

2022 йил бошидан Ўзбекистонда пандемия давридаги рекорд кўрсаткич қайд этилди. Тез ёрдамга ўн кунда қарийб 350 мингта чақириқ келиб тушди.  Оқибатда, Тошкентда тез ёрдам хизматига тушган чақириқлар сараланиб аҳволи енгил беморларга поликлиникалар хизмат кўрсатди.

Коронавирусга чалинганлар сони икки кун кетма-кет антирекорд натижани қайд этганидан сўнг, ҳатто беш ёшга тўлган болаларни эмлашга ҳам рухсат берилди. Боиси касалликка чалинганлар ичида эмланмаганлар улуши кўпчиликни ташкил этди.

Январ охирига бориб касаллик чекина бошлади. Ҳатто ковид карантини икки ҳафтадан 7 кунга қисқартирилди. Январь ойига нисбатан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус 1 ва 2-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига беморлар госпитализацияси 7 бараварга камайгани муносабати билан 1-мартдан одамларга очиқ ҳавода ниқоб тақмай юришга рухсат берилди.

Шифокорларнинг ҳақи берилмади, камига калтакланди

Коронавирус пандемияси даврида президент қарорига кўра коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириб оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт ходимига ёки унинг оила аъзоларига 250 млн сўмлик бир марталик тўлов тўланиши белгиланган. Аммо бу тўлов барча шифокорларга ҳам тўлаб берилмади.

Тошкентда тез ёрдам учун борган шифокор беморнинг ўғли томонидан калтакланди. Оқибатда фельдшер Ж.И. кўкрак қафасига зарба олган ва аҳволи ёмонлашган. Шунга қарамай, тиббий бригада ўз хизмат бурчига масъулият билан ёндашиб, чақириқни якунлаган, яъни беморни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг қабул бўлимига олиб борган.

Шундан сўнг «103» фельдшери Ж.И. мазкур шифохонанинг хирургия бўлими шок залига кўкрак қафасининг ёпиқ жароҳати ташхиси билан ётқизилган.

Кўп ўтмай Тошкентда тез ёрдам ходимлари яна калтакланди. Бу сафар тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчисига шикаст етказилди. Текширувлар натижасида у бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, чап тизза соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ташхиси билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган.

Тез ёрдам ходимларини зўравонликдан ҳимоялаш учун бодикамералардан фойдаланиш ҳақида таклиф берилди. ССВ расмийси бу таклифнинг баҳсли томонлари борлигини айтди. Маълум қилинишича, тиббиёт ходимларига тажовуз қилганлик учун 15 суткалик қамоқ ва жарима жазолари кучайтирилиши мумкин – тегишли қонун парламентда кўриляпти.

Шифохона ўрнига автотураргоҳ

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Шифокорлар кўчасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги бирлашган комплекси барпо этилмоқда. Унинг таркибига Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, марказнинг пойтахт филиали, марказнинг Тошкент вилояти филиали киради.

Шу муносабат билан Республика онкология маркази ҳамда унинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти филиаллари ҳукуматнинг яширин қарорига асосан бино-иншоотлари билан сотувга қўйилгани кўплаб муҳокамаларга, жамоатчилик ва онкологлар эътирозига сабаб бўлди. Натижада иккита онкология биноси сотилмайдиган бўлди.

Бу ҳаммаси эмас. Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев 2022 йил 20 сентябрда имзолаган 255-сон буйруқ билан Тошкент шаҳридаги Тошкент стоматология институтига қарашли бир қаватли болалар жағ хирургияси бўлими биноси бузиб ташланган.

Бинони бузишдан мақсад Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази учун автотураргоҳ қуриш бўлган. Бино 2022 йил сентябр ойида бузиб юборилган. Бино бузилгунга қадар бўлимда фаолият юритиб келган шифокорлар ва бошқа ходимлар Стоматология институти спорт залининг биринчи қаватига кўчиб ўтиб, ишлаб юришди.

Заҳарга айланган “зиддизаҳар”

Йил якунланишига бир ҳафта қолганда ижтимоий тармоқларда «Док-1 Макс» препарати болалар ўлимига сабаб бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази охирги 2 ой ичида 15 нафар бола «Док-1 Макс» препарати сабабли вафот этган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Марказнинг шу мазмунда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига 15 декабр куни чиқарган хати ижтимоий тармоқларда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан ўтказган текширув натижаларига кўра, текширув жараёнида мамлакатда ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида «Док-1 Макс» сиропини ичиш оқибатида ўлим ҳолати аниқланган.

«Док-1 Макс» сиропи оқибатларини ўрганиш натижаларига кўра 7 нафар масъул ишдан олингани ҳақида хабар берилди. Бироқ уларнинг кимлиги маълум қилинмади. Kun.uz манбасига кўра, ўша етти нафар масъулдан бири айнан мана шу «ўлим дориси» ҳақида юқорига хабар қилган марказ директори Азизов бўлиши мумкин.

Мазкур препарат сабаб болалар ўлим ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда.

Ҳиндистоннинг «Marion Biotech» компанияси Ўзбекистонда камида 19 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган «Док-1 Макс» сиропини чиқаришни тўхтатди. Ҳиндистон ҳукумати бу борада суриштирув бошлаган ва тез орада ҳисобот берилади.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигига кўра, суриштирув олиб борувчи томон Ўзбекистон ҳукуматидан ҳам вафот этган болалар ҳақида ҳисобот сўраган.

Мавзуга оид