Ўзбекистон | 09:54 / 31.12.2022
8443
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ақлли камералар қушларни ШЭС турбиналари билан тўқнашувдан ҳимоя қилади

Австриянинг «APA-OTS» ахборот агентлиги веб-саҳифасида Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган шамол электр станцияси лойиҳасига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Таъкидланишича, лойиҳада АҚШнинг IdentiFlight компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, қушларни турбиналар билан тўқнашувдан ҳимоя қилувчи илғор сунъий ақл технологиясидан фойдаланилади. IdentiFlight тизими бургутлар ва бошқа ҳимояланган қуш турларини аниқлаш учун юқори аниқликдаги оптик технологияни ўзида мужассам этган.

500 мегаватт қувватга эга бўлган шамол электр станцияси Ўзбекистондаги биринчи ва Марказий Осиёдаги энг йирик қайта тикланадиган энергия манбаи лойиҳаси ҳисобланади. IdentiFlight компанияси шамол электр станциясини тўлиқ қоплаш учун 74 дона смарт-камера тақдим этади, бу эса йўқолиб бораётган қушларнинг ўндан ортиқ турларини ҳимоя қилиш имконини беради.

Мақолада маълум қилинганидек, ушбу лойиҳа етакчи халқаро кредиторлар, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Халқаро молия корпорацияси (ХМК), Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон 2026 йилга келиб ўз энергиясининг 25 фоизини қайта тикланувчи манбалардан олишни мақсад қилган. Шу боис бу мамлакат бугунги кунда халқаро молия институтлари, ривожланиш бўйича ҳамкорлар ва хусусий тадбиркорлар билан қайта тикланувчи энергия соҳасидаги янги лойиҳаларни илгари суриш ва республикада яшил тараққиётни рағбатлантириш бўйича ҳамкорлик қилмоқда”, деб ёзади  «APA-OTS» ахборот агентлиги.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид