Жаҳон | 09:51 / 04.01.2023
3658
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси уч турда спикерни сайлай олмади

Республикачилар фракцияси етакчиси Кевин Маккарти овоз беришнинг учинчи босқичи якунларига кўра, АҚШ Конгресси қуйи палатаси спикери этиб сайланмади. Кейинги мажлис 4 январь куни бўлиб ўтади.

Кевин Маккарти / Фото: AFP

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг янги мажлиси Республикачилар фракцияси етакчиси Кевин Маккарти (Калифорния штатидан) қуйи палата спикери учун сайлов учинчи босқичида муваффақиятсизликка учрагани сабабли 4 январь куни соат 12:00 (22:00) га қолдирилди. Вашингтонда 3 январь, сешанба куни АҚШ Конгрессининг 118-чақириғи иш бошлади.

57 ёшли Маккартининг асосий рақиби – Вакиллар палатасидаги Демократик партия фракцияси раҳбари Ҳаким Жеффрис (Нью-Йорк штатидан) 212 овоз олди. Республикачилар етакчиси, ўз партияси қуйи палата устидан назорат ўрнатишига қарамай, бор-йўғи 202 овозга эга бўлди. Ғалаба қозониш учун 218 нафар овоз олиш керак эди.

Йигирма нафар республикачи унинг яна бир партиядоши - Жим Жорданни (Оҳайо штатидан) қўллаб-қувватлади, дастлабки икки турда унга 19 та овоз берилди.

Олдинда - 4 январь куни тўртинчи тур. Маккарти номзодига қаттиққўл консерваторлар қарши чиқди. Овоз бериш натижалари Вакиллар палатасидаги республикачиларнинг кўпчилигини парокандаликка солиб қўйди.

Юз йил ичида биринчи марта қуйи палата биринчи овоз бериш жараёнида спикерни сайлай олмади. Нэнси Пелоси (Калифорния штати) лавозимини тарк этяпти.

Жордан ўзини номзод сифатида расман кўрсатмади.

Кевин Маккарти ўз номзодини бекор қилмаслигини ва ғалаба қозонмагунча жараёнда қатнашиш ниятида эканлигини маълум қилди.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, чўзилган сайлов республикачиларнинг кун тартибидан тез суръатлар билан ўтишга умидини йўқотиши мумкин, жумладан, бу президент Жо Байден ва унинг оиласи маъмурияти, шунингдек, иқтисодиёт, АҚШ энергетика мустақиллиги ва чегара хавфсизлигини текшириш масаласида рўй бериши эҳтимоли бор.

Вакиллар палатаси иши тўхтаб қолиши ва қонун чиқарувчилар спикерликка бошқа номзодни кўриб чиқишлари мумкин. Мутахассислар Жорданнинг фамилиясидан ташқари, Республикачилар партиясидан (Луизиана штатидан) Вакиллар палатаси аъзоси Стивен Скэлиснинг исмини ҳам келтирмоқда.

Вакиллар палатаси спикери сайланиши унинг аъзолари икки йиллик муддатга қасамёд қилишдан олдин ўтказилади.

2022 йил ноябрида бўлиб ўтган оралиқ сайловлар натижасида республикачилар АҚШ Конгресси қуйи палатасида 222, демократлар эса 213 ўринга эга бўлди. Республикачилар партияси аъзолари палата ва Пелоси эгаллаб турган спикер курсисини қўлга киритишди. 

117-чақириқ якунида АҚШ Вакиллар палатаси 2023-молия йили учун (2022 йил 1 октябрдан бошлаб 30 сентябргача) 1,7 триллион доллар (1,6 триллион евро) миқдоридаги маблағлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. 2022 йил 23 декабрда овозлар амалда партия чизиғи бўйича тақсимланди: 225 депутат ҳужжатни қўллаб-қувватлади, 201 нафари унга қарши чиқди. Ҳужжатни кейинроқ президент Жо Байден имзолади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид