Ўзбекистон | 15:35 / 05.01.2023
18789
2 дақиқада ўқилади

Январнинг иккинчи 10 кунлигида айрим жойларда ҳарорат -27 даражагача пасаяди – Ўзгидромет

Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудлари ҳамда  Бухоро ва Навоий вилоятларида 9 январдан кескин совуқ тушиши кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

Гидрометеоролог Эркин Абдуҳалатовнинг ёзишича, ҳозирда Скандинавия яримороли шарқидаги совуқ антициклон маркази келаётган икки уч кунликда Россия ғарбида ҳароратнинг сезиларли даражада пасайишига олиб келади. Масалан, пойтахт Москвада 6-7 январь тунлари ҳарорат минимумлари -25 даража совуқ бўлиши прогноз қилинган.

Совуқ антициклон ҳаракати аввалига жануб, сўнгра шарққа томон йўналади ва 9-10 январда Россия марказини эгаллайди. Бунда аста-секин Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудлари ҳам антициклон чекка қисми таъсирига туша бошлайди.

9 январдан Ўзбекистоннинг шимолий вилоятларида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларида кечаси 8-13°совуқ, кундузи 3-8°совуқ бўлади.

Ўзгидромет прогнозларига кўра, 10-15 январда республика бўйлаб ҳаво ҳарорати кечалари 12-17 совуққача, кундуз кунлари 5-8 даража совуққача, шимолда кечалари 17-22 даража совуққача, Устюрт ва чўл ҳудудларининг баъзи жойларида кечаси 25-27, кундуз кунлари 7-10 даража совуққача бўлади.

Хизмат маълумотига кўра, 10-15 январь кунлари жанубий вилоятлар ва Фарғона водийсида кечалари 5-10 совуққача, кундуз кунлари 2-5 даража совуққача пасаяди.

Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид