Ўзбекистон | 18:27 / 07.01.2023
14980
2 дақиқада ўқилади

Fatzorb капсулалари соғлиқ учун хавфли деб топилди

Унинг таркибидаги сибутрамин кучли таъсир қилувчи модда бўлиб, инсон саломатлиги учун хавфли.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Тошкент шаҳар ИИББ оздирувчи маҳсулот сифатида таклиф этилаётган Fatzorb дори воситаси соғлиқ учун хавфли эканидан огоҳлантирди.

«Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда оздирувчи маҳсулот сифатида Fatzorb дори воситаси сотилмоқда. Ушбу дори таркибида Сибутрамин моддаси бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сон қарорига кўра, кучли таъсир қилувчи модда ҳисобланади. Бундай моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш жавобгарликка тортилишга асос бўлади».

Шунингдек, ушбу дори воситасини сотиш билан шуғулланган шахслар қўлга олингани ҳақида ҳам хабар берилди.

«Улар ижтимоий тармоқларда оздирувчи маҳсулотлар савдоси билан шуғулланишини маълум қилиб, саҳифа очгани ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг онлайн савдоси билан шуғулланаётгани аниқланган. 5 январ куни Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Обиҳаёт кўчасида яшовчи, 1992 йилда туғилган Д.С. ва 1993 йилда туғилган К.С. 600 минг сўм эвазига 180 дона Fatzorb воситасини сотаётган вақтида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ушланган. Шунингдек, К.С. бошқарувидаги автомашина холислар иштирокида текширилганда яна 72 дона Fatzorb дори воситаси аниқланган ва ашёвий далил сифатида олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда», дейилади хабарда.

Мавзуга оид