Жаҳон | 22:53 / 09.01.2023
32724
10 дақиқада ўқилади

Россия «қасос зарбаси» билан 600 нафар украин ҳарбийси ўлдирилганини айтди. Бунга Z-каналлар ҳам ишонмади

Якшанбага ўтар кечаси Краматорск шаҳрига зарба йўлланган, РФ мудофаа вазирлиги бу зарба орқали юзлаб украин ҳарбийлари ўлдирилгани ҳақида хабар берди. Аммо шаҳарда бўлиб турган журналистлар кўплаб одамлар ҳалок бўлганига далил тополмади.

Clodagh Kilcoyne / Reuters / Scanpix / LETA

Россия мудофаа вазирлиги 8 январга ўтар кечаси Донецк областининг Краматорск шаҳрига зарба йўлланиши оқибатида 600 нафар украин ҳарбийлари ўлдирилганини маълум қилди - Москвада буни янги йил кечаси Макийивкадаги ҳарбийлар ётоқхонаси ўққа тутилишига жавобан «қасос операцияси» деб аташган. Аммо Ғарб нашрлари мухбирлари Краматорскда украин ҳарбийларининг оммавий ҳалок бўлганига далил топа олишмаган, Киевда эса Россия мудофаа вазирлигининг баёноти ёлғон ва «ахборий операция» деб аталган.

Россия томони маълумотини тасдиқлайдиган бошқа бирорта мустақил манба йўқ — умуман ҳеч қандай қурбонлар бўлмаганини кўрсатувчи маълумотлар эса бор.

8 январга ўтар кечаси Краматорскка зарба йўллангани ҳақида РФ мудофаа вазирлигидан олдинроқ Украина ҳукумати хабар берганди. Шаҳар мэри Олександр Гончаренко тонгда фейсбукдаги саҳифасида россияликлар томонидан еттита ракета учирилгани, саккизта кўп қаватли турар жой бинолари ҳамда иккита ўқув биноси шикастлангани ҳақида хабар берганди. Унинг сўзларига кўра, тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар бўлмаган. У ҳарбийлар орасидаги қурбонлар ва яраланганлар тўғрисида ҳеч нарса демаган.

Кейинроқ Россия мудофаа вазирлиги Краматорск ўққа тутилгани ҳақида ҳисобот бериб, буни «қасос операцияси» деб атади. Вазирлик буни «Киев режимининг 1 январга ўтар кечаси Макийивкада россиялик ҳарбийлар жойлашган бинога йўллаган жиноий зарбаси»га жавоб берилгани билан изоҳлади.

Макийивкадаги портлашлардан кейин Украина томони касб-ҳунар мактаби биносида россиялик сафарбар қилинган аскарлардан 400 нафарга яқини ҳалок бўлганини маълум қилганди. Москва 89 ҳарбийси ўлимини тасдиқлаган - бу РФ мудофаа вазирлиги бутун уруш давомида тан олган бир марталик энг йирик йўқотиш эди.

Янги йил кечаси украинлар Макийивкада россиялик ҳарбийлар жойлашган бинони ер билан яксон этганди. Фото: Reuters

Бир ҳафта ўтиб Россия ҳарбийлари украин ҳарбийларининг Краматорскдаги ётоқхоналарига зарбалар йўллангани ҳақида хабар берди.

«Украина қуролли кучлари бўлинмаларининг вақтинча дислокация пунктлари бўйлаб ёппасига ракета зарбалари берилиши оқибатида 600 дан ортиқ украиналик ҳарбий хизматчилар йўқ қилинди», деди якшанба куни РФ мудофаа вазирлиги расмийси Игорь Конашенков. Унинг айтишича, бу ётоқхоналарда жами 1300 нафардан ортиқ украин ҳарбийлари бўлишган.

Бу маълумотни Украина томони тезда рад этди, Украина қуролли кучлари Шарқий гуруҳи расмий вакили Сергей Череватий буни «ахборий операция» деб атаб, РФ армияси нишонни аниқ олишига шубҳа билдирди.

«Бу юқори аниқликдаги тизимлар орқали россияликларнинг шахсий таркиб, омборлари ва логистика тизимларини яксон этаётган Украина қуролли кучларининг муваффақиятли ҳаракатларига жавобан РФ мудофаа вазирлигининг ахборий опрециясидир. Уларда бундай имконият йўқ», деган Череватий.

«Кўплаб инсонлар ҳалок бўлганининг ҳеч қандай белгиси йўқ»

Россияликларнинг Краматорскка берган зарбалари жойида кўп сонли одамлар ҳалок бўлгани белгилари йўқлиги ҳақида ушбу ҳудудда ишлаётган бир қанча хорижлик мухбирлар ҳам хабар қилишди.

Краматорск мэри фейсбукдаги саҳифасида зарба оқибатлари акс этган суратларни эълон қилди. Фото: ALAMY

«CNN гуруҳи воқеа рўй берган гуруҳда кўп миқдорда инсонлар ҳалок бўлганининг ҳеч қандай изларини кўрмади. Краматорскнинг ўзида ва унинг атрофида, шунингдек шаҳар моргида ҳам қандайдир ноодатий фаоллик кузатилмади», дея хабар беришган Америка телекомпанияси журналистлари.

Россия мудофаа вазирлиги маълумотида украиналик ҳарбийлар яшаб келгани айтилган Краматорскдаги икки ётоқхона ҳудудига Reuters агентлиги мухбирлари ҳам боришган. «Афтидан, [биноларнинг] ҳеч бирига ракета тўғридан тўғри келиб урилмаган ва ҳеч қандай жиддий шикастланиш бўлмаган. У ерда ҳарбийлар яшаганига оид яққол далиллар йўқ эди, одамларнинг тана қолдиқлари ва қон излари ҳам», - дея ёзади журналистлар.

Краматорскда бўлиб турган финнларнинг Yle телеканали мухбири Антти Куронен твиттердаги саҳифасида зарбалардан қолган излар ва шикастланган мактаблардан бирининг фотосуратини намойиш этган ва шундай ёзган: «Мен шу ерда турибман, шуниси ғалатики, бино ҳатто иситилмаган, маҳаллий аҳоли вакилларидан бирортаси тез ёрдам машинасини кўрганини айтмади».

Журналист аниқлик киритиб, у фотосуратда кўрсатган жойда ўтган тунда портлаш овозлари эшитилганини айтган. «Мактаб атрофида улкан кратер юзага келган, бу зарба С-300 зенит-ракета комплекси орқали берилган зарба оқибати бўлиши мумкин. Зарба тўғридан тўғри бинога келиб урилмаган. Бу ерда тонгда ҳарбийлар бўлмаган, уларнинг сўзларига кўра, бино бўш бўлган», дейди у.

Куронен бошқа бир ракета эски гаражга келиб тушганини қўшимча қилган ва унинг ҳам суратини эълон қилган. «Айтишим керакки, айни вақтда мен РФ мудофаа вазирлигининг 600 нафардан ортиқ украин ҳарбийси ўлдирилгани ҳақидаги баёнотига эмас, ўз кузатишларимга ва Украина баёнотига кўпроқ ишонаман», - дея қайд этади журналист.

Россиялик «ҳарбий блогерлар» ҳам шубҳа қилмоқда

РФ мудофаа вазирлиги маълумоти тўғрилигига россияликларнинг бир қатор милитар телеграм-каналлари муаллифлари ҳам ишонишмаяпти.

Фото: АЛЕКСАНДР ГОНЧАРЕНКО/FACEBOOK

Жумладан, «Вагнер»га алоқадорлиги айтиладиган Grey Zone канали заҳарханда пост пайдо бўлди. «VOZмездия» оқибатида ПТУ №47 (бу ҳам ётоқхона) билан бўлгани каби вайронгарчилик қайд этилмади. Аммо бурунни осилтирмаслик керак, чунки украиналик нацистларнинг қарор қабул қилиш маркази, афтидан, гаражда [ракета тушган жой] бўлган», дея киноя қилади канал муаллифи Краматорскда зарба жойидан олинган фотосуратлар таҳлилини қилиб.

«Военный осведомитель» канали муаллифи эса (бу постни энг машҳур ва миллиондан ортиқ обуначига эга бўлган «Рыбарь» канали ўз саҳифасига форвард қилган) Краматорск ўққа тутилгани ҳақидаги хабарига «Кўзбўямачилик ҳақида гаплашамиз» кўринишидаги маънодор сарлавҳа қўйган.

«8 январга ўтар кечаси берилган ракета зарбалари Краматорскдаги 28- ва 47-мактабларга келиб тушди, бу жойларда рақиб аскарлари жойлашганди. Воқеа жойидаги натижалардан кўриниб турибдики, биноларга зарбани аниқ теккизишга муваффақ бўлинмаган - ракеталар ёки ерга ёки қўшни гаражга тушган, фақат деразаларни тўккан ва биноларнинг ташқи қопламаларига зарар етказа олган», деган хабар муаллифи.

Канал муаллифи «бинога аниқ зарба берилмаган ҳолатда (ҳатто ток ҳам ёниқлигича қолган), нима учун ичкарида 600 нафар украин аскари ҳалок бўлгани ҳақида айтишга қарор қилишгани» тушунарсизлигини айтади. «Рақибнинг шахсий таркибини ростакамига йўқ қилиш ўрнига, бу муносиб жавоб бўлган бўларди, медиа орқали қасос олиш амалиёти ўйлаб топилди», дейди пост муаллифи.

Россиянинг украиналик аскарлар орасидаги улкан йўқотиш ҳақидаги маълумотини Сергей Череватый Россия армиясининг Украина ихтиёридаги юқори аниқликда зарба берувчи HIMARS қуролларини йўқ қилиш ҳақидаги хабарлари билан қиёслаган. «Бу маълумотнинг аниқлиги улар бизнинг барча HIMARS’ларимизни йўқ қилгани ҳақидаги хабарлар аниқлиги даражасида тўғри», деган Украина қуролли кучлари расмийси.

Украина эга бўлганидан кўра кўпроқ HIMARS «йўқ қилинган»

Бир неча кун олдин Россия мудофаа вазирлиги фронтдаги воқеалар бўйича ҳар кунги ҳисоботида Краматорск атрофида гўёки «АҚШда ишлаб чиқарилган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимларининг иккита қурилмаси йўқ қилингани» ҳақида хабар берганди. Россия маълумотига кўра, айнан шу HIMARS лар орқали янги йил кечаси Макийивкадаги ҳарбийлар жойлашган ётоқхонага зарба берилганди.

Украина АҚШдан илк HIMARS’ни қабул қилиб олган ўтган йил ёзидан буён Москва доимий равишда ушбу қуроллар йўқ қилингани ҳақида маълумот бериб келади - лекин РФ мудофаа вазирлиги ҳисоботлари кўриб чиқилса, Россия Киев қабул қилиб олганидан кўра кўпроқ қуролларни аниқ нишонга олган бўлиб чиқади.

2023 йил бошидаги маълумотларга кўра, Украина АҚШдан фақат 20 дона HIMARS тизимларини олган, РФ мудофаа вазирлиги эса бу вақт ичида 35 дона шундай қуролни йўқ қилгани ҳақида хабар берган.

Америка президенти маъмурияти вакиллари журналистларга маълум қилишича, уларнинг маълумотига кўра, Россия уруш даврида бирорта ҳам HIMARS’ни йўқ қила олмаган. Украина ҳукумати ҳам бу маълумотни тасдиқлайди.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид