Жамият | 15:54 / 11.01.2023
39064
4 дақиқада ўқилади

Пул терувчи “қопқон”лар” ёхуд тартиб ўрнатиш эмас, пул қилиш учун ишлаётган камералар

Кўчаларимизда “тартибга солиш” тизими шундай йўлга қўйилганки, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайди киши. Вилоятларни-ку қўятурайлик, ҳатто пойтахтдаги айрим йўл чизиқлари ҳайдовчиларни фақат жаримага тортиш учун чизилган: йўл чизиқлари фақат камера фокусидагина мавжуд, камерагача ва унинг кузатув ҳудудидан ташқарида эса чизиқлардан асар ҳам йўқ. Kun.uz мухбири Тошкент шаҳрида болалаб кетган айнан шундай “қароқчи” камераларни “овлади”.

Тошкентнинг қоқ марказидан 2 километргина радиус масофада ўрнатилган ўнлаб видеокамера дислокацияларини кўриб чиқамиз.

Эски Жўва деҳқон бозори қаршисида шундай камера бор. У ҳайдовчиларнинг узлуксиз чизиқни босишларини интизорлик билан кутади, аниқлайди ва жаримага тортилишлари учун асос тайёрлайди. Камерадан бироз олдинги шароит эса умуман бошқача – чизиқлар йўқ.

Қарама-қарши ҳаракат томонда йўл ишоралари чизилмаган. Бунинг сабаби эса ушбу йўналишда камера йўқ.

Узоққа бормаймиз. Шу турган нуқтамиздан Сағбон кўчасига қараб 100 метр юрсак, яна шу аҳвол – “камера, чизиқ ва чизиқсизлик” тенденциясига дуч келамиз. Бу кўчада бундай камералар шунчалик кўпки, айримларининг орасидаги масофа ҳатто 100 метр ҳам чиқмайди. Ачинарлиси эса шу 100 метр оралиқда ҳам йўл чизиқлари фақат камералардан кейин чизилган.

Фаробий кўчасига тушиб оламиз. Бу ерда ҳам шу аҳвол.

Қорасарой кўчасида ҳам, шу йўлнинг Нурафшон кўчаси билан кесишган чорраҳасида ҳам, Кичик ҳалқа йўли билан кесишган чорраҳасида ҳам вазият бир хил.

Қоронғи тушиб кетди ҳамки, “қароқчи камералар ови”миз бароридан келаверди. Қани, охирига етолсак...

Ҳатто, чизиқлари йўқ, аммо камералар ўрнатилган ҳолатларнинг ҳам гувоҳи бўлдик.

2021 йилнинг 21 апрел куни қабул қилинган Ҳукумат қарори билан, тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобил йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тасдиқлаганди.

Бу турдаги камералар орқали аниқланган қоидабузарликлардан ундирилган жарималар тақсимотига назар ташласак, тизим ишга туширилганидан 1 йил ўтганидан сўнг фойданинг:

  • 20 фоизи – республика бюджетига;
  • 15 фоизи – ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
  • 25 фоизи эса йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун мақсадли йўналтирилган ҳолда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган жойнинг маҳаллий бюджетига ўтказилиши бош вазир имзоси билан тасдиқлаб қўйилган.

Лекин қарор чиққанига ҳадемай 2 йил бўлишига қарамасдан, адолатсиз жарималар эвазига давлат бюджети тўлдириляпти холос. Шу ҳудуд йўл инфратузилмаси учун ажратилаётган улуш эвазига йўлларнинг аҳволини яхшилаш тугул, чизиқлар тўлиқ чизилмаяпти. Фойдадан улушдор бўлган Ички ишлар вазирлиги жамғармаси ҳам чиқим қилгиси йўқдек.

Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга тадбиркорларнинг кўмакчи бўлиши учун жорий қилинган тизим нега аҳолининг қулайлиги қолиб, фақат тизимсизлик, шароитсизлик, мантиқсизликка хизмат қиляпти? Хўш, йўл инфратузилмасини ўнгламасдан жорий қилинган “қароқчи камералар” тизими ўзини оқладими? Камераларнинг фокус масофаларидан ташқари чизилмай ётган чизиқлар қачон туташади? Йўллар, йўл белгиларининг яхшиланиши учун тўлдирилаётган маблағлар қаерда?

Булар – биргина пойтахтнинг 2 км радиусдагина эмас, бутун ҳудудларда жаримага тортилаётганларнинг ҳақли саволлари эди. “Камералар ўрнатманг” демаймиз. Агар энг биринчи мақсад йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш бўлса, улар эвазига бюджетга тушаётган маблағларнинг адолатли йўналтирилаётгани, йўлларнинг яхшиланаётганини ҳам сезайлик. Ҳолат бўйича масъуллардан асосли изоҳларни кутиб қоламиз.

Сардорбек Усмоний, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жавоҳир Ғайратов

Мавзуга оид