Жаҳон | 13:11 / 11.01.2023
9502
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Конституциявий суди Элбоши ҳақидаги қонунни бекор қилди

Қозоғистон Конституциявий суди июнь ойидаги референдум натижаларига кўра, мамлакатнинг биринчи президенти тўғрисидаги ҳужжат қонуний асосга эга эмаслигини маълум қилди. Уни бекор қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаси парламент томонидан кўриб чиқилади.

Нурсултон Назарбоев

Қозоғистон Конституциявий суди «Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида»ги қонунни ўз кучини йўқотган деб топди. Июнь ойидаги референдум натижаларига кўра, Қозоғистон Конституциясида ушбу ҳужжатни сақлаб қолиш учун қонуний асослар йўқ, шунинг учун у ўз кучини йўқотган деб топилиши керак, деб маълум қилди 11 январь, чоршанба куни Конституциявий суд.

«Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида»ги «Қозоғистон Республикасининг конституциявий қонунини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси декабрь ойи охирида Қозоғистон парламенти қуйи палатаси – Мажлис кўриб чиқишига киритилган эди. Кутилишича, у январь ойида бўлиб ўтадиган палаталарнинг қўшма мажлисида кўриб чиқилади.

2022 йил 5 июнь куни бўлиб ўтган референдум иштирокчиларининг катта қисми – 77 фоиздан ортиғи конституцияга киритилган тузатишларни маъқуллаган, унга кўра Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев «Элбоши» – «Миллат отаси» конституциявий мақомидан маҳрум этиляпти. «Биринчи Президент тўғрисида»ги қонунда Назарбоев ва унинг оила аъзолари учун муҳим имтиёзлар, шунингдек, Назарбоев ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларига тегишли бўлган барча мулкка тааллуқли миллат етакчисининг дахлсизлиги кўрсатилган.

Бундан ташқари, конституцияга киритиладиган тузатишлар мамлакатни супер-президентликдан кучли парламентга эга президентлик республикасига айлантиришни назарда тутади. Шу билан бирга, Қозоғистоннинг янгиланган конституциясида президентнинг барча сиёсий партиялар ва ҳаракатлардан тенг масофадаги мақоми мустаҳкамланган ва давлат раҳбарининг энг яқин қариндошларига квазидавлат секторида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш тақиқланган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2022 йил январида мамлакатдаги қонли тартибсизликлар бостирилганидан кейин конституцияни ислоҳ қилишни таклиф қилди. Тартибнинг тикланиши фонида Тўқаев Назарбоев ва унинг яқинларини нуфузли давлат лавозимларидан маҳрум қилди.

Мавзуга оид