Ўзбекистон | 14:40 / 11.01.2023
31905
6 дақиқада ўқилади

Тошкент кўчаларида паркоматлар ташкил этиш тендерсиз битта компанияга берилди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтнинг 10 та марказий кўчасида пулли паркоматлар ташкил этишни “Kasy Park” МЧЖга топширди. Иқтисодчи буни “навбатдаги паразит монополия яратишнинг ибтидоси” деб атади: “10 та кўчани камида иккита ёки учта лотга ажратиш ва уларни ўзаро аффилланмаган, турли компанияларга таклиф этиш мумкин эди”.

Лойиҳа / Фото: Транспорт бошқармаси

“Тошкент шаҳар жамоат транспорт тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорига мувофиқ, пойтахтнинг 10 та марказий кўчасида давлат-хусусий шериклик асосида пулли тўхташ жойлари ташкил этилиши кўзда тутилганди. Рўйхатга Фидокор, Амир Темур, Нукус, Братислава, Миробод, Глинка, Авлиёота, Т.Шевченко, Саид Барака, Моштабиб, Якуб Колас кўчалари киритилган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2022 йил 29 декабрдаги қарори билан юқоридаги кўчаларда пулли тўхташ жойларини ташкил этиш “Kasy Park” МЧЖга топширилган.

Маълум бўлишича, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ва “Kasy Park” ўртасида тузилган ДХШ шартномасини 22 август куни рўйхатга олган. Лойиҳа қиймати – 9,732 млрд сўм. Шартнома муддати – 10 йил.

Келишувга кўра, белгиланган кўчалардаги йўл бўйи жойлари паркомат ва электромобилларни қувватлаш қурилмаларини ўрнатиш учун “Kasy Park” МЧЖга ижарага берилган. Корхона бу жойларда капитал, енгил турдаги бино-иншоотларни қуриш ва бошқа турдаги ёрдамчи қурилмаларни ўрнатмаслик мажбуриятини олган.

Уч ой муддатда пулли тўхташ жойларининг электрон платформаси ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати “Маъмурий амалиёт” ахборот тизимига ҳамда “Рақамли Тошкент” комплекс дастурига интеграция қилиниши белгиланган.

“Kasy Park” МЧЖ 2018 йил 7 мартда Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган. Асосий фаолият тури – ёғоч, қурилиш материаллари ва санитария-техник воситаларнинг улгуржи савдоси. Устав капитали 10 млн сўм. Компаниянинг 60 фоиз улуши Фозилов Миродил Ниғматжон ўғлига, 40 фоиз улуши “Old Folk” компаниясига тегишли. Раҳбари – Султонхўжаев Сарвар Анвар ўғли.

“Kasy Park”нинг асосий таъсисчиси Миродил Фозилов “Paper World” (100 фоиз), “Benchmark Distribution” (100 фоиз), “Royal Central Development” (100 фоиз), “Oazis Lux Investments” (50 фоиз), “Premium Paper” (50 фоиз) ва “SD Big-Garden”(25 фоиз) компанияларида ҳам улушларга эга.

“Old Folk” МЧЖ эса 2022 йил 4 августда (Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ва “Kasy Park” ўртасида ДХШ тўғрисидаги шартнома имзоланишидан 18 кун олдин) рўйхатдан ўтган. Устав капитали – 1 млн сўм. Таъсисчилари – Султонхўжаев Сарвар Анвар ўғли, Юсупов Акмал Баҳодир ўғли, Амирсаидов Комронбек Азаматбек ўғли ва Қосимов Саидазим Саидҳабиб ўғли (ҳар бири 25 фоиздан улушга эга).  

Яна тендерсиз ва фақат битта компанияга

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг сўзларига кўра, йўл бўйидаги пулли автотураргоҳлар иқтисодий асосланган ва адолатли ғоя бўлса-да, юқоридаги қарор уни бемалол “бир қўлли қилиб обрўсизлантириши” мумкин.

Биринчидан, давлат-хусусий шериклик учун тендер ўтказилмаган. Биз билмаймиз, қолган эҳтимолий даъвогарларнинг таклифлари бўлганми, бўлган бўлса қандай?

Иккинчидан, марказдаги 10 та кўчани битта шерикка бервориш бу ғирт тентаклик. Давлат-хусусий шериклик агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг аҳмоқона қарори. Навбатдаги паразит монополия яратишнинг ибтидоси. Нормал шароитда 10та кўчани камида иккита ёки учта лотга ажратиш ва уларни ўзаро аффилланмаган, турли компанияларга таклиф этиш мумкин эди. Нормал давлатларда, масалан, параллел ва перпендикуляр кўчалар бўйича, ёки битта мавзе бўйича барча кўчалар айни бир компанияга берилмайди. Шунда хусусий шерик давлатга босим кўрсата олмайди, жамоатчилик қайтага доимий тийиб туриш воситасига эга бўлади.

Учинчидан, ўтган йили августдаёқ танлаб бўлинган шерик билан қандай шартларга келишилгани яна ёпиқ мавзу бўлиб қоляпти. Бизга келишув 10 йилга тузилганидан бошқа шартларни айтишни лозим топишмади. Тушумлар қандай тақсимланади? Давлатга қанча, шерикка қанча? Дам олиш кунлари ва ишдан ташқари вақтлардаги тарифлар қандай бўлади? Қандай ҳолатларда битим муддатидан аввал тугатилади?

Тўртинчидан, жаҳон тажрибаси ва умуман соғлом ақл талаби шуки, пулли парковкалар шаҳарга киришда транспорт боғланмалари ташкил этиш ва пулли парковка ҳудудларида сифатли жамоат транспорти ва пиёдалар инфратузилмасини ташкил этиш билан параллел рўй бериши керак. Бугунги кунда нечта транспорт боғланмаси ташкил этилди? Танланган кўчаларда транспорт қатнови частотаси ва интервали бўйича хулосалар қандай? Бу кўчаларда пиёда юриб бўладими?” – дея таъкидламоқда иқтисодчи.

Йўл бўйи пулли автомобил тўхташ жойлари қачон ташкил этилиши ва ишга тушиши, нархлар қанақа бўлиши бўйича ҳозирча маълумот йўқ.

Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йили муҳокамага қўйилган қарори лойиҳасига кўра, тўлов қиймати Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан белгиланади. Бунда аҳолининг зичлик даражаси ва шаҳар кўчалари қатнов қисмларининг ўтказиш қобилияти ҳисобга олиниши керак.

2022 йил ноябрида шаҳар транспорт бошқармаси 10 та кўчада 2251 та автомобилга мўлжаллаб пулли паркомат ташкил этилиши, қоидабузарликларни қайд этиш учун 2 та паркон ва 2 та эвакуатор харид қилинишини билдирганди. Йўл бўйи автотураргоҳлар фақат имконияти чекланган шахслар учун бепул бўлади.

Паркоматлар шаҳар марказида тирбандликларни камайтириши, одамларни кўпроқ жамоат транспортидан фойдаланишга рағбатлантириши кўзда тутилган.

Мавзуга оид