Тошкент, Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари ҳам дарслар бошланиш вақтларини эълон қилди
Бугун Сирдарё ва Навоий вилоятларида дарслар бошланмаган, Тошкент вилояти ҳокимлиги эса бугун дарслар бошланиши ҳақида бугун хабар берди.
11 январ куни яна уч вилоят ҳокимликлари мактабларда қишки таътил вақти қачон тугаб, 3-чорак қачон бошланиши тўғрисида маълумот беришди.
Тошкент вилоятидаги мактабларда ҳам дарслар бугундан босқичма-босқич бошланган. Бу ҳақда ҳокимлик бугун соат 10:00 да эълон қилди.
Маълум қилинишича, 11 январдан вилоят бўйича 77 та мактабда дарслар бўлиши белгиланган.
Бошқа умумтаълим мактабларида эса дарслар, мавжуд шароитларни инобатга олган ҳолда, 12 январдан босқичма-босқич бошланади (рўйхати бугун соат 14:00 да эълон қилинади).
Навоий вилоятидаги мактабларда дарслар 12 январдан бошланади.
«Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг Навоий вилояти бўйича берган об-ҳаво маълумотларига таянилган ҳолда, жорий йилнинг 12 январ кунидан Навоий шаҳридаги 21 та, Кармана туманидаги 32 та, Навбаҳор туманидаги 37 та, Қизилтепа туманидаги 43 та, Нурота туманидаги 11 та, Конимех туманидаги 14 та, Хатирчи туманидаги 72 та мактабларда қишки таътилдан кейинги дарслар бошланади», дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.
Олис чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган 133 та мактабда ўқиш 16 январдан давом эттирилади.
Сирдарё вилоятидаги мактабларда дарслар юқори синф ўқувчилари учун 13 январдан, бошланғич синф ва боғчаларда дарс ҳамда машғулотлар 16 январдан бошланади.
Олий ўқув юртлари, коллеж ва лицейларда эса ўқиш босқичма-босқич тарзда 11 январдан бошланди. Бунда бошқа вилоятлар ёки чекка ҳудудлардан келиб ўқийдиган ўқувчи ва талабаларга шароит яратилиши, дарсларни онлайн ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Ҳозирча фақат Наманган ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари ўз ҳудудида дарслар қачон бошланиши ҳақида расман маълумот бермади — фақат Жиззах вилояти ХТБ ҳамда Наманган шаҳри ҳокимлиги томонидан берилган хабарларда ушбу вилоятлардаги аксар мактабларда дарслар 11 январдан бошланиши айтилган. Тошкент шаҳри, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятларида ҳам дарслар 11 январдан бошланиб кетган. Қорақалпоғистонда ўқиш 12 январдан бошланиши хабар қилинган. Фақатгина Фарғона вилоятида ўқувчилар қишки таътилдан кейинги ҳафтада қайтишига рухсат берилган.