Жаҳон | 15:59 / 11.01.2023
3697
2 дақиқада ўқилади

Украина ҳарбийлари АҚШда Patriot тизими билан ишлашга ўргатилади

Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари бир неча ой ичида Оклахома штатида Patriot зенит-ракета тизимини бошқариш бўйича тезлаштирилган курсдан ўтадилар, дея маълум қилди Пентагон.

Фото: AFP

Пентагон АҚШ армиясининг Оклахома штатидаги Fort Sill базасида украиналик ҳарбийларни Patriot зенит-ракета тизими билан ишлашга ўргатади. 10 январь, сешанба куни АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Пэт Райдернинг сўзларига кўра, тегишли курс келаси ҳафта, 16 январдан бошланади.

Унда Украина Қуролли кучларининг 90 нафардан 100 нафаргача аскари қатнашиши кўрсатилган. Пентагон маълумотларига кўра, бу битта Patriot тизимини бошқариш учун зарур бўлган ҳарбий хизматчилар сони. Курс бир неча ой давом этади, бу ушбу тизим билан ишлаш учун одатий ўқув давридан сезиларли даражада камроқ. «Украина ҳарбийларига имкон қадар тезроқ фронтга қайтиш имкониятини бериш учун машғулотлар тезлаштирилади», деб тушунтирди Райдер.

Patriot зенит-ракета тизими самолётлар, қанотли ракеталар, дронлар ва ракеталардан узоқ масофадан туриб мудофааланишга қодир. Аввалроқ, украиналиклар Германиядаги Графенвёр ҳарбий полигонида у билан ишлашга ўргатилиши борасида таклифлар билдирилган эди.

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украина Patriot зенит-ракета тизимини баҳор ўрталарига қадар қабул қилиб, фойдаланишни бошлаши мумкинлигини айтди.

Шу билан бирга, Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов Пентагоннинг Украина ҳарбийларини АҚШда Patriot зенит-ракета тизимини ишлатишга тайёрлаш режаларини изоҳлар экан, бу «Вашингтоннинг амалда Украина можаросида иштирок этишининг яна бир тасдиғидир» деди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид