Ўзбекистон | 13:05 / 12.01.2023
23913
10 дақиқада ўқилади

ЖССТ бутун дунёни “Док-1 Макс”дан огоҳлантирди. Бу дори Ўзбекистонга қандай кириб келган?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дорилари бўйича халқаро огоҳлантириш билан чиқди. Ташкилот барчани этиленгликолдан огоҳликка чақирмоқда. Ўзбекистон уч ой ичида шу моддадан оммавий заҳарланиш кузатилган учинчи давлат бўлди. Сабаби, тергов версиясига кўра, четдан кирган дорилар тайинли текширилмаган.

Фото: KUN.UZ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кеча, 11 январ куни “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сироплари бўйича халқаро огоҳлантириш эълон қилди. “Док-1 Макс” препарати Ўзбекистонда камида 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

ЖССТнинг билдиришича, ташкилот Ўзбекистондан тегишли хабарномани 22 декабр куни олган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтказган текширувлар ҳар иккала дори воситаси таркибида мумкин бўлмаган миқдордаги этиленгликол ва/ёки диэтиленгликол моддалари борлигини кўрсатган.

ЖССТ бу дорилар бошқа мамлакатларда ҳам расман сотилаётган ёки норасмий бозорлар орқали кириб борган бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, дунё миқёсида соғлиқни сақлаш бўйича барча регуляторларни мазкур дорилар айланмасининг олдини олишга чақирган. Бу дорилар сотуви аниқланган мамлакатлардан бу ҳақда ЖССТга хабар бериш сўралмоқда.

Шунингдек, ташкилот дори ишлаб чиқарувчиларга ҳам мурожаат қилган: суюқ шаклдаги дори воситалари, айниқса пропиленгликол, полиэтиленглигол, сорбитол, глицерин/глицерол каби моддаларни ўз ичига олган сиропларни тарқатишдан олдин улар таркибида этиленгликол ва диэтиленгликол йўқлиги текширилиши керак.

Mint нашрининг ёзишича, Ўзбекистонда “Док-1 Макс” таркибидаги этиленгликол моддаси меъёрдан 300 баробар кўп бўлган. Бу ҳақда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига Ўзбекистон Фармацевтика агентлиги хабар берган. Kun.uz бу маълумотни аниқлаштириш учун Фармацевтика агентлигига мурожаат қилди. Агентлик бу дори воситаси норматив ҳужжатлар талабига жавоб бермаганини маълум қилиб, таҳлил натижаларини Ҳиндистон элчихонасига жўнатганини тасдиқлади, лекин “Док-1 Макс” таркибида аниқланган этиленгликол бўйича лаборатория текшируви натижаси ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Заҳарли дорилар Ўзбекистонга қандай кириб келган?

“Док-1 Макс” ва “Амбронол” – йўталга қарши дорилар. Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бу дорилар таркибида пропиленгликол моддаси ўрнига ёки у билан бирга этиленгликол ва диэтиленгликол моддалари борлиги аниқланган.

Бу препаратларни Ҳиндистоннинг “Marion Biotech” компанияси ишлаб чиқарган, Ўзбекистонга “Quramax” компанияси импорт қилиб келган. Ўнлаб болалар ўлимидан кейин, мамлакатда “Quramax” олиб кираётган дориларнинг ҳаммаси сотуви тақиқланди. Ҳиндистон расмийлари эса “Marion Biotech”нинг лицензиясини тўхтатди.

Маълумот учун, Ўзбекистон – Ҳиндистон фармацевтика маҳсулотларини импорт қилиш бўйича 44-ўринда, МДҲда эса 2-ўринда туради. “Marion Biotech” Ҳиндистонда 2010 йилдан бошлаб кичик ишлаб чиқарувчи, 2016 йилдан эса экспортчи сифатида рўйхатган ўтган.

Marion'нинг Ўзбекистондаги дистрибютори – “Quramax Medikal” МЧЖ. Бу фирма 2006 йилда рўйхатдан ўтган; раҳбари – Сингҳ Рагвендра Пратар. “Док-1 Макс” сиропи мамлакатда 2012 йилда рўйхатга олиниб, сотувга чиқарилган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш, сифат назорати, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш бўйича ваколатли орган ССВ ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳисобланади. Агентликнинг бу йўналишдаги ишчи органи – Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази.

Агентлик ва унинг ҳузуридаги марказ директори 30 декабрга қадар Сардор Қориев эди. Шу куни президент Шавкат Мирзиёев болалар ўлимига йўл қўйгани учун уни ишдан олди. (Қўшимча қилиш лозим, ҳукуматдаги ўзгаришлар доирасида Фармацевтика агентлиги ССВ ҳузуридан чиқарилиб, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда; бунда агентликнинг дорилар ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш функциялари ССВда қолади).

Амалдаги тартибга биноан, Ўзбекистонда рўйхатга олинган ва импорт қилинган дориларнинг ҳар бир партияси ёки серияси мувофиқлик сертификатини олиши керак. Сертификати бўлмаган дори воситалари божхонадан ўтказилмайди.

Дори воситаларини сертификатлаш бўйича аккредитацияга эга жами 7та ташкилот бор, шундан 6 таси Фармацевтика агентлиги тизимига киради. “Док-1 Макс” сиропининг 2022 йилда республикага олиб кирилган 11 та сериясидан барчасига агентликка тегишли “Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази” МЧЖ сертификат берган.

Эътиборлиси, “Док-1 Макс”га 2022 йилдан аввалги охирги сертификат 2018 йилда расмийлаштирилган; яъни расмий реестрга қаралса, орада 4 йил бу дорининг янги серияси олиб кирилмаган. 2022 йилда эса 5 сентябрдан 13 декабргача бўлган оралиқда препаратнинг 11 та сериясига сертификат берилган. Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 15 декабрдаги хатида “Док-1 Макс” билан боғлиқ фожиавий ҳолатлар “охирги 2 ойда” рўй бераётгани қайд этилганди.

“Quramax Medical”га тегишли “Амбронол”, “Цинепар”, “Цинепар ибу кид” каби қатор дориларни ҳам шу марказ сертификатлаган. Марказ директори – Мирзаботир Ҳамдамов. МЧЖнинг 51 фоиз улуши Фармагентлик ҳузуридаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказига, 49 фоизи эса Фармацевтика институтига тегишли.

Давлат хавфсизлик хизмати “Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази”нинг икки мансабдорини ҳибсга олган. Улар “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларини сертификатлаш мақсадида текширувдан ўтказишда амалдаги тартибларни қўпол равишда бузганликда гумонланяпти. Натижада бу препаратларнинг сифатсиз партияси сотувга чиқиб кетган. ДХХ, шунингдек, “Quramax”нинг икки мансабдорини ҳам қамоққа олган.

Этиленгликол эпидемиясининг янги тўлқини?

Хавфли дорилар таркибида аниқланган этиленгликол – саноатда антифриз, штамп сиёҳлари, шарикли ручкалар, бўёқлар, пластмассалар, плёнкалар ва косметика тайёрлашда фойдаланилади. Бу модда меъёрдан ортиқ истеъмол қилинганда биринчи навбатда марказий асаб тизими, юрак ва буйракларни ишдан чиқаради.

“Док-1 Макс” билан боғлиқ ҳолатда аксарият беморлар ўткир буйрак етишмовчилигидан ҳалок бўлган. Эътиборлиси, айнан шу модда – этиленгликол, шунингдек диэтиленгликолнинг дорилар таркибида бўлиши ўтган кузда Гамбия ва Индонезияда ҳам кўплаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлди.

Гамбияда 2022 йилнинг сентябр-октябр ойларида йўталга қарши сироп ичган 70 нафар бола ўткир буйрак етишмовчилигидан вафот этган. Гамбия парламенти қўмитаси бу ўлимларга Ҳиндистоннинг “Maiden Pharmaceuticals” компанияси ишлаб чиқарган сироплар сабаб бўлганини билдирган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қутисида шу компания томонидан ишлаб чиқарилгани ёзилган 4 та сиропда этиленгликол ва диэтиленгликолнинг миқдори “қабул қилиб бўлмайдиган” даражада эканини аниқлаган. Шу сабаб ташкилот октябр ойи бошида бу 4 та дори – “Promethazine Oral Solution” (прометазин эритмаси), болалар учун томоқ оғриғига қарши “Kofexmalin” ва “Makoff” сироплари ҳамда болалар учун шамоллашга қарши “Magrip N” сиропи юзасидан огоҳлантириш эълон қилган.

Компания бу айбловни рад этган. Ҳиндистон ҳукумати компанияга фаолиятини тўхтатиб туриш бўйича топшириқ берган. Кейинчалик, декабр ойида ҳинд расмийлари бу сиропларнинг Гамбияга юборилган партиясидан намуналар текширилганида ҳеч қандай муаммо аниқланмаганини ЖССТга маълум қилган.

Индонезияда эса қурбонлар сони янада кўпроқ: 199 нафар. Уларнинг аксарияти 6 ёшга тўлмаган. Ҳукумат октябр ойида бу ҳолатлар бўйича текширув бошлаб, ўлим ҳолатларига алоқадор бўлиши мумкин бўлган дорилар сотувини тўхтатган. ЖССТ ноябр бошида бу ҳолат бўйича 8 хил дори (сироп ва томчилар) ҳақида халқаро огоҳлантириш чиқарган. Бу дориларнинг барчаси Индонезиянинг ўзида ишлаб чиқарилган. Бу препаратларда ҳам этиленгликол ва диэтиленгликолнинг “қабул қилиб бўлмайдиган” миқдорда экани аниқланган.

“Диэтиленгликол глицеринга қараганда арзонроқ туради, айрим компаниялар уни глицериннинг ўрнига ишлатади, лекин агар кўпроқ миқдорда қўшиб юборилса, бу турли касалликларни, масалан буйрак етишмовчилигини келтириб чиқариши мумкин”, деган Покистондаги фармацевтика ҳуқуқшунослари форуми раҳбари Нур Меҳар.

Унинг сўзларига кўра, 1938 йилдан буён дунё бўйича йўталга қарши дориларда диэтиленгликол борлиги сабаб минглаб ўлимлар рўй бергани ҳақида хабар қилинган.

Очиқ манбаларга кўра, 2020 йилда Ҳиндистоннинг Рамнагар шаҳарчасидан бўлган 17 нафар бола “Coldbest” номли йўталга қарши дорини ичганидан кейин шифохонага ётқизилган, уларнинг ярмидан кўпи буйрак етишмовчилигидан вафот этган. Ўрганишларда аниқланишича, препаратнинг ўша хатоли сериясида диэтиленгликол дорининг 34,97 фоизини ташкил этган, болалар ана шундан заҳарланган.

Этиленгликол 2019-2020 йилларда Бразилияда 10 кишининг ўлимига, 2008 йили Нигерияда 84 нафар боланинг вафотига сабаб бўлган. 2006 йилда бу модданинг инсонлар ўлимига сабаб бўлиши билан боғлиқ ҳолатлар Панама ва Хитойда рўй берган. 2007 йилда тиш пастаси таркибида этиленгликолнинг топилиши халқаро можарони келтириб чиқарган.

Гамбия ва Индонезиядаги ўлимлар Ўзбекистонда биринчи навбатда кимни сергаклантириши керак эди?

Фармацевтика агентлиги ҳузуридаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказида Фармокологик назорат бўлими фаолият юритади.

Kun.uz'даги маълумотга кўра, бўлимнинг вазифаси – дори воситаларининг ножўя таъсирлари тўғрисида республика бўйича маълумотларни йиғиб, таҳлил қилиб, Швециянинг Уппсала шаҳрига – ЖССТ қошидаги Дориларнинг ножўя таъсирини халқаро мониторинг марказига юбориш ҳисобланади.

Ана шу халқаро марказнинг онлайн базасидан фойдаланган ҳолда, бутун дунёда дориларнинг ножўя таъсирлари ва сабаб-оқибатларини ўрганиш, Ўзбекистонга бундай дорилар кириб келишининг олдини олиш вазифаси ҳам Фармназорат бўлимига юклатилган.

Мавзуга оид