Жаҳон | 15:00 / 12.01.2023
42381
7 дақиқада ўқилади

Россия Соледар эгалланганини, Украина жанглар давом этаётганини айтмоқда. Бу ерда аслида нималар бўлмоқда?

Бу шаҳарнинг бой берилиши урушда нимани англатади?

Фото: Libkos / AP / Scanpix / LETA

11 январ куни «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари Донбасс марказида жойлашган Соледар шаҳарчасининг катта қисмини эгаллаган. Катта эҳтимол билан, шаҳар яқин вақтлар ичида тўлиқ эгалланади. Ҳозирча бу жанг Украина армияси учун қандай якунланиши аён эмас: улар шаҳар мудофаасидаги барча батальонларни тартибли равишда олиб кета оладими ёки уларнинг бир қисми қуршовга тушиб қоладими? Шунингдек, жанглар якунига кўра Россия кучлари қандай ҳолатда бўлиши ҳам маълум эмас: улар жанубдаги Ҳорливкадан Бахмут орқали шимолдаги Северскка қадар узанган улкан агломерацияни эгаллаш учун каттароқ амалиёт ўтказа олишадими?

Соледар аллақачон бой берилдими ёки фақат қуршаб олинганми?

11 январ куни кечқурун ҳолатига кўра Соледар маркази ва атрофидаги вазият тўлиқ равшан эмасди. «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин «шаҳар тўлиғича унинг ёлланма кучлари назоратида» эканини, шу билан бирга қуршовда қолган украиналик ҳарбийларга таслим бўлиш таклиф этилишини айтди. Украина қуролли кучлари қўмондонлиги вазият бўйича ахборот беришга шошилмаяпти. Володимир Зеленский, Украина нашрлари ва блогерлар шаҳар қуршовда қолганини рад этиб, қаршилик кўрсатиш давом эттирилаётганини айтишмоқда 

Соледарда ва унинг атрофида олинган видеолардан хулоса қилиш мумкинки, нима бўлганда ҳам бу ерда Украина қуролли кучлари учун вазият кескин ёмонлашган: 

«Вагнер» ёлланма жангчилари шаҳар маъмурияти майдони ва унинг ҳовлисида видеога тушишди — фонда ҳалок бўлган украин ҳарбийларининг жасадларини кўриш мумкин.
9-10 январ кунлари шаҳарнинг жанубий-ғарбий чеккаларида Украина армиясининг жўнаб кетаётган қисмлари кўзга ташланган бўлса, 11 январ куни бу ерда украинлар дрони «Вагнер» отряди ҳаракатини тасвирга олган. 

Шунингдек, Пригожин Соледар туз конларини эслатувчи ерости шахтасидан видео эълон қилди — аммо бундай шахталар Донбасснинг бошқа шаҳарларида ҳам бор.

Нима бўлганда ҳам, ҳозирда шаҳарда Украина қуролли кучлари аскарлари қуршовда қолгани ҳақида ишонч билан айтиш қийин: Россия кучлари шаҳар шимоли-ғарбини (жумладан Юрчина тепаликларини) ҳам назорат қилаётганига оид тасдиқланган маълумот йўқ; украинлар ҳали ҳам бу ҳудуд орқали ўтувчи йўл орқали чекиниши мумкин. Қолаверса, Соледарда украин аскарлари қолганига ҳам далил йўқ.

Шуни аниқ айтиш мумкинки, Украина қуролли кучлари Соледарнинг ғарбий чеккаларида мудофааланмоқда — Блаҳодатне ва Краснопиливка қишлоқлари ҳамда Соль станцияси ҳудудида. Катта эҳтимол билан, кучларнинг бир қисми Северскка, қолгани — Бахмутга чекинган.

Соледарнинг фронтдаги умумий вазият учун аҳамияти нимада?

Соледарнинг эгалланиши Кремл учун нафақат ҳарбий-сиёсий муваффақият бўлади (Соледар — Россия Украинада 2022 йил июлидан буён эгаллаган илк шаҳарга айланиши мумкин), балки қишки операциянинг энг катта мақсади — Бахмут шаҳрини (Соледардан 10 километр жануброқда) эгаллаш, шунингдек Северскка (20 километр шимолроқда) юриш қилиш учун имконият ҳосил қилиши мумкин.

Лекин бу осон бўладиган иш эмас: агар Россия кучлари Соледардаги украин гуруҳлари чекинган Бахмут ва Северскни боғловчи йўлни кесиб қўйса, Украинанинг бу икки шаҳардаги гуруҳлари бир-биридан ажралиб қолади, аммо бу муқаррар ҳалокат дегани эмас, чунки Бахмут ҳам, Северск ҳам Украина қуролли кучларининг асосий базаси жойлашган Краматорск билан ишончли алоқа йўлларига эгалигича қолади. Бахмутни ўраб олиш учун шаҳардан шимолда жойлашган Красно Гора посёлкасидаги йўл кесишмасини ҳамда Бахмутдан жанубда жойлашган Клешчеевка қишлоғидаги мустаҳкамланган истеҳкомларни эгаллаш талаб этилади. РФ қуролли кучлари шу мақсадларга эришиш учун куч тўпламоқда: бу ҳудудлар томон ҳаракатланаётган «Вагнер» отрядлари ўрнини энди мунтазам армия қисмлари эгаллаган.

Бахмутни эгаллаш билан (аммо бу кафолатланмаган) бу операциянинг мақсади тугайди: Бахмутдан ғарбда Украина қуролли кучларининг навбатдаги кучли мудофаа линияси ўтган, асосий қисмлар Часив Яр шаҳри атрофидаги тепаликларда жойлашган. Россия кучлари кузда ва қишда намойиш этган ҳужум суръатлари билан бу линиядан ўтиш учун — энг яхши ҳолатда — бир неча ой кетади.

Унда бу жанг нима учун керак эди?

Юриш суръатлари РФ қуролли кучлари раҳбариятини қизиқтирмаслиги ҳақидаги тахмин ҳам бор: улар учун Украина қуролли кучларини айнан Россия армияси истаган жой ва ўзи учун қулай шароитларда жанг қилишга мажбурлаш муҳим. Қўпол қилиб айтганда, Донбассдаги шаҳарларни ташлаб чиқишни истамайдиган Украина қуролли кучлари бу ҳолда баҳорда кенг кўламли ҳужум бошлаш учун фойдаланиш мумкин бўлган ўз ресурслари ва захираларини — ҳозир ва ноқулай вазиятда — сарфлашига тўғри келади. Ғарблик журналистларнинг саволларига аноним тарзда жавоб қайтарган украиналик командирлар ҳам бундай мудофааланишни хато деб ҳисоблашади. «[Соледарда аскарлар ҳаётини] қурбон қилиш бизнинг фойдамизга бўлмайди», дейди улардан бири. Уларнинг сўзларига кўра, шунинг учун навбатдаги — топография нуқтайи назаридан янада қулайроқ бўлган мудофаа линиясига ўтиб, ресурсларни бўлажак ҳужум учун асраш даркор.

Россия армияси учун эса, сафарбарликдан кейин, катта эҳтимол билан одамлар ҳаёти эмас, моддий ресурслар (вақтинчаликка) муҳимроқ аҳамият касб этмоқда — айниқса, ўқ-дорилар. Ғарб журналистлари украиналик ҳарбийларнинг сўзларига асосланган ҳолда хабар беришича, Россия армияси аллақачон бу ресурслар сарфини кескин қисқартиришга мажбур бўлган. Бу ҳозирча Бахмут ва Соледар ҳудудида ҳужум қилган «Вагнер» отрядларига тўсқинлик қилмади, чунки энди снарядлар ўрнига, одамлар ҳаёти «сарф» қилинди. Аммо Россия кучлари - хусусан, йўқотишларга хусусий ҳарбий компанияга қараганда анча сезувчан бўлган мунтазам армия аскарларни беҳисоб қурбон қилиш орқали ўқ-дорилар етишмовчилигини қоплашга қарор қилиши даргумон.

Мавзуга оид